"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8146.38 +9.33
  • 1 EUR = 9965.47 +189.60
  • 1 RUB = 143.97 +0.63

“АСКАP ОНАСИ БЎЛИШ – БАХТ”, – дейди тўлқинлик Бибисора Қўчқорова

Фарзандларининг одобли, меҳрли, юрт корига камарбаста бўлиб улғайишини истамайдиган ота-она борми? Уларнинг яратгандан сўрайдиган энг олий тилаги ҳам фарзандларига узоқ умр, бахт-иқболдир. Фарзанд камоли, бахти, ота-онанинг энг улуғ мартабаси-саодатидир.

"Тўлқин” овулида истиқомат қилувчи Бибисора опа Қўчқорова ана шундай қутлуғ кунларга етишган табаррук онахонларнинг бири.

У 1950 йилда шу овулда туғилди. Ўрта мактабни  тугатиб, Тошкентдаги қишлоқ хўжалиги институтини пиллачилик агрономи мутахассислиги бўйича тугатди ва 45 йилдан бери шу соҳада самарали меҳнат қилиб келмоқда.

Бибисора опа овулдоши Бозорбой Эрдошев билан турмуш қуриб, бир қиз, беш ўғилни муносиб фарзандлар қилиб вояга етказишди. Қизи Манзура онаси  издоши, Илҳом Эрдошев мактабни тугатиб, Самарқанддаги олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юртини тугатиб, дастлаб шу ерда ишлаб қолди, кейинчалик Нукусда фаолиятини давом эттирди. Ҳозирги кунда Жиззахда, подполковник даражасига етди. Кейинги ўғил ҳам муддатли  ҳарбий хизматини ўтаганидан сўнг, шартнома асосида шу соҳада ишлаб қолди, сержант. Ўтган  йили ҳарбий хизмат вазифасини адо этишдаги фидойилиги, матонати учун "Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирланди. Икромжон фермер хўжалиги ишчиси, Қурбонбой ҳам Илҳом акаси ўқиган олий ҳарбий билим юртини муваффақиятли тугатиб, шу соҳада хизмат қилаяпти, подполковник. Кенжатой ўғил Баҳодир она касбини танлади, пиллачилик агрономи.

Афсуски бундай кунларни кўриш оила сардори Бозорбой акага насиб этмади. Отаси вафот этганида Илҳом олий ҳарбий билим юртини тугатиб, ўз севган соҳасида эндигина хизматини бошлаган кунлар эди.

Илҳом хизмат вазифасини аъло даражада ўташ билан бир қаторда онасига суянчиқ бўлди, укаларининг ҳам ҳаётда ўз ўринларини топишига йўл-йўриқ кўрсатди.

Бибисора Қўчқорова ҳозир беш келиннинг қайнонаси. Ҳалол ва фидойи меҳнатлари эвазига 1999 йилда "Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

- Отаси билан фарзандларимизнинг юртимизга ҳалол  ва содиқ хизмат қилиб, бугунгидай кунларга етишишини орзу қилганмиз. Худога шукр, ниятларимиз ушалди, фарзандларимнинг камолидан куч-қувват олиб, 66 ёшимда ҳамон мен ҳам сафдаман, ўз соҳамда  ишлаяпман, - дейди Бибисора опа шукроналик билан.

– Аскар онаси, бир-йўла уч аскарнинг онаси бўлиш – улкан бахт. Бу бахтни у ҳар бир сонияда – осуда отган тонгларда, юртимизнинг беташвиш, эмин-эркин кунларида ҳис қилиб яшайди. Фарзандларининг онам, деб эврилиб туришлари, ардоқлашлари, эл-юртимизнинг уч аскарлар онаси, дея шарафлашларидан куч-қувват олади.

Онахон эришган бу мартаба ҳар бир инсон ҳавас қилгулик.

Юртимизда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни кенг нишонланаётган ушбу фараҳли кунда Бибисора опани байрам билан қизғин қутлаб, доимо соғ-саломат бўлинг, деймиз.

Ойгул PАЖАБОВА.

Суратда: Бибисора Қўчқорова.

Янгиликни бўлишинг: