"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8455.37 +3.63
  • 1 EUR = 9554.57 +76.63
  • 1 RUB = 131.53 +1.63

МИЛЛИЙ АPМИЯМИЗ – ТИНЧЛИГИМИЗ ҚАЛҚОНИ

Мустақиллик берган имкониятлар ҳақида гап кетганда халқимиз фахр-ифтихор билан мамлакатимизда ҳукм сураётган барқарор тинчликка чин дилдан шукроналар айтишади. Чунки, тинчлик ва осойишталик бор жойда эзгу ишлар бардавом бўлади. Бу ҳаётий ҳақиқат йигирма тўрт йилдирки, халқимиз ҳаётида ўз ифодасини топмоқда. Муҳтарам Президентимиз – Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони И.А.Каримов раҳнамолигида барчасоҳаларда бўлгани каби Қуролли Кучлар тизимида ҳам амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар миллий армиямиз таркибини замонавий тарзда шакллантириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш имконини берди. Энг муҳими, халқимиз демократик бағрикенглик, олижаноблик ва меҳр-оқибат каби инсоний туйғулар ҳар қачонгидан ҳам юқори кўтарилганини юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар мисолида тобора теранроқ англаб етмоқда. Чунки, истиқлол йилларида мамлакатимизда Президентимизнинг шахсий ташаббуслари билан барча талабларга жавоб берадиган, замонавий, тезкор ва ҳаракатчан, ташкилий жиҳатдан ўта мукаммал қурол-яроғ ҳамда техникага эга миллий армиямизнинг барпо этилгани аҳоли, айниқса, ёшларимиз ўртасида ҳарбий хизматнинг обрў-эътибори юксак поғонага кўтарилишига имкон яратди. Бугунги кунда Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилиш нафақат Конституциявий бурч, балки бугунги Ўзбекистон ёшлари учун чинакам шон-шараф ишига айланди.

Мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлаш, ёшларни ҳарбий ватанпарварлик, бурчга, истиқлол ғояларига содиқлик руҳида, жисмонан ва маънан етук инсонлар қилиб тарбиялаш мақсадларини ифода этувчи қонуний асосларнинг мавжудлиги миллий армиямиз таркибини профессионал мутахассис кадрлар билан бойитиш имконини берди. Хусусан, Ўзбекистон Pеспубликасининг "Мудофаа тўғрисида”ги, "Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги, "Ўзбекистон Pеспубликаси Қуролли Кучлари резервидаги хизмат тўғрисида”ги Қонунлар ва Ўзбекистон Pеспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 22 февралдаги "Ўзбекистон Pеспубликаси фуқароларининг сафарбарлик чақируви резервидаги хизматини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Президентимизнинг 2008 йил 20 ноябрдаги "Фуқароларнинг Ўзбекистон Pеспубликаси Қуролли Кучларида муддатли ҳарбий хизматни ўташ шарт-шароитларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мамлакатимиз мудофаа қудратини янада мустаҳкамлашга, қолаверса, профессионал миллий Армиямизни шакллантиришга замин яратди.

Шуни алоҳида мамнуният билан қайд этишни истардимки, туман Мудофаа ишлари бўлими мутахассислари томонидан тинчлик ва осойишталигимизнинг бўлғуси посбонлари – ёшларни чақириққа қадар бошланғич тайёргарликдан ўтказиш, умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчилари ҳамда коллеж ва лицей ўқувчилари ўртасида "Шунқорлар” ҳарбий-спорт мусобақаларини ташкил этиш, улар ўртасида бирдамлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик ғояларини тарғиб қилиш мақсадида турли учрашув ва тадбирлар ўтказилиб келинмоқда. "Ватан азиз – бурчим муқаддас”, "Аскар оналарини шарафлаймиз”, "Ватан тинчлиги – халқ фаровонлиги”, "Тинчлик – олий қадрият” каби учрашув ва тадбирларда юзлаб ёшлар ўта фаоллик билан иштирок этаётгани бугунги ёшлар қалбида она Ватанга хизмат қилиш ҳақиқий шон-шараф ишига айланиб бораётганидан далолатдир.

Бу борада гап кетганида Дўрман қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежининг ёшларни ҳарбий чақириққача тайёрлаш фани ўқитувчиси Отамурод Юсуповнинг хизматларини алоҳида тилга олиб ўтишни жоиз деб ҳисоблайман. Чунки у ўз фанига ёшларнинг қизиқишини орттирибгина қолмай, ўқувчи-ёшларни ҳақиқий ватанпарвар, зукко ва билимдон, эпчил ва қатъиятли қилиб тарбиялашга эришаётгани учун Ўзбекистон Pеспубликаси Мудофаа ишлари бошқармаси томонидан "Фахрий ёрлиқ” билан тақдирланди ва "Чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик бўйича энг яхши ўқитувчи” кўрик-танловида мамлакат миқёсида 3-ўрин соҳиби бўлди. Шунингдек, Амударё маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Мадраҳим Бобожонов, Амударё қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Юсуфбой Оллаберганов, Амударё мелиорация ва сув хўжалиги касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Лазизжон Матсафоевлар ўз ўқувчиларини ҳарбий ватанпарварлик ғоялари руҳида тарбиялаётганлари боис, айнан улар фаолият юритаётган билим масканларининг ўқувчи-ёшлари туман ва Қорақалпоғистон Pеспубликаси миқёсидаги турли хил тадбирларнинг доимий иштирокчисига айланишган.

Бугунги тезкор замонда осойишталикни таъминлаш ўз-ўзидан бўлмаслигини дунёнинг турли минтақаларида рўй бераётган воқеа-ҳодисалардан хабардор бўлган ҳар бир киши жуда яхши билади. Ҳарбий кескинлик, турли хавф-хатарларнинг кун сайин ўсиб, геосиёсий қарама-қаршиликлар, терроризм, экстремизм, радикализм сингари таҳдидлар билан бирга дунёни янада кенгроқ қамраб олаётган молиявий-иқтисодий инқирознинг кучайиб бораётгани ҳар биримиздан тўғри хулоса чиқариб, ҳушёр ва огоҳ яшашни талаб этади. Фарзандларимизни ҳаётга тўғри йўналтириш, мустақиллик ғоялари руҳида тарбиялаш, айниқса, ҳарбий соҳага қизиқувчан ёшларнинг сиёсий онгини, билимини янада ошириш, ҳуқуқий маданиятли, баркамол инсонлар қилиб тарбиялаш ҳар биримизнинг зиммамизга юксак масъулият юклайди. Мен шулар ҳақида ўйлаганимда қалбимда мамлакатимиз ёшларига нисбатан ҳам ҳавас, ҳам фахр туйғулари уйғонади. Чунки, бугунги кунда ҳарбий соҳага қизиққан мамлакатимиз ёшлари учун Тошкент Олий умумқўшин-қўмондонлик билим юрти, Чирчиқ Олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, Самарқанд Олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик муҳандислик билим юрти, Жиззах Олий ҳарбий авиация билим юрти, Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус факультети, Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги ҳарбий-тиббиёт факультетида барча шарт-шароитлар яратилган. Бундан ташқари, Президентимизнинг ватан ҳимоячиларига қўшимча имтиёзлар беришга қаратилган қатор Фармон ва қарорларига мувофиқ муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномасини олган заҳирадаги аскарлар мамлакатимиз олийўқув юртларига ўқишга киришида талаб қилинадиган баллнинг 27 фоизи миқдорида имтиёзли баллга эга бўлишаётгани, тўлов-шартнома миқдорининг 35 фоизи "Камолот” ЁИҲ томонидан қопланиши ёшларимизнинг билим ва салоҳиятларини оширишларида энг катта ғамхўрлик бўлди.

Шуни қувонч билан қайд этаманки, туманимизда ҳам юқоридаги каби имтиёзлардан фойдаланиб, олий ўқув юртларига, айниқса олий ҳарбий билим юртларига ўқишга кириб, ўқиётган ўнлаб ёшларимиз бор. Самарқанд Олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юртида таҳсил олаётган Исломбек Каримов, Чирчиқ Олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсанти Низомжон Ўрозбоев, Чирчиқ Олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсанти Миржалол Оқманов, Тошкент Олий умумқўшин-қўмондонлик билим юртида таҳсил олаётган Аймурод Бозорбоевларнинг ўқишда ва жамоат ишларида, ҳарбий-сиёсий жанговарлик машғулотларида эришаётган ютуқлари таҳсинга лойиқ.

Туманимиз ёшлари билан ҳар гал учрашганимда уларнинг чин дилдан: "мен ҳарбий хизматга боришни хоҳлайман” ёки "мен ҳарбий соҳани танламоқчиман”, деганларини эшитганимда кўнглимда ажиб бир хотиржамликни ҳис этаман. Сабаби, ёшларимиз она Ватанга камарбаста бўлмоққа шай. Уларнинг чақнаб турган кўзларида, дадил-дадил гапиришларида, шахдам қадам ташлашларида Ватанга хизмат қилишдек шарафли бурчга садоқат яққол акс этиб туради. Улар – бизнинг жасур ва мард фарзандларимиз! Улар – улуғ аждодларига содиқ, она юрт посбонлари, тинчлик қўрғонининг метин иродали яловбардор соқчилари. Улар – она Ватан ва миллат келажаги! Ана шу баркамол авлод соғ-омон бўлсин.

Барча захирадаги зобит ва собиқ аскарларни, Қуролли Кучлар сафларида сергак турган тинчлик посбонлари бўлмиш ҳарбийларимизни ва бутун халқимизни Ватан ҳимоячилари куни билан қизғин муборакбод этаман. Ҳамиша юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!

Фахриддин МУСУЛМОНОВ,

туман мудофаа ишлари бўлими бошлиғи, подполковник.

Янгиликни бўлишинг: