"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9411.3 +15.37
  • 1 EUR = 10421.1 +60.40
  • 1 RUB = 146.51 +3.04

АЁЛ ДАPДИ

(Бўлган воқеа)

Мен коллежда эндигина биринчи босқич ўқувчиси эдим. Ниятим моҳир тикувчи бўлиш ёки ўз бизнес лойиҳамни ишлаб чиқиб, тадбиркор бўлмоқчи эдим. Ўқиш билан овора бўлиб юрган кунларим эди. Бир куни ўқишдан чиқиб қайтиб келаётсам, олдимдан бир йигит чиқди. Баланд бўйли, қоши-кўзи қора, чиройли. У мен билан танишмоқчилигини, унга ёқишимни айтди. Мен эса ўзимни бепарво тутардим-у, аммо ҳаёлим унда эди, лекин ҳеч сездирмасдим.

Мендан анча катта бўлса ҳам мен у йигитни севардим, унинг сўзидан чиқмасдим. Кунларнинг бирида уни уйидагилари уйлантирмоқчилигини, хўп десам менга уйланишини айтди. Ҳаш-паш дегунча тўй ҳам ўтди... Мен тўйдан сўнг тушундим ёшлигимни, ҳаётга тайёр эмаслигимни, келинлик ҳали менга анча оғирлик қилишини ҳам. Қайнонамнинг ўжарлигига чидай олмасдим, ҳар доим ёнимни оладиган эрим тўйдан кейин  мени унутди. Уйдаги мендан катта қайинсинглимнинг мени текшириши, йўқ жойдан жанжал чиқариши, уни деб эрим ҳам менга уришишидан ўзимни худди бир қулдек ҳис қилардим. Оҳир-оқибат турмуш муштларига чидамасдан ота уйимга кетиб қолдим. Буни қаранг, ҳатто ўз уйимга ҳам сиғмадим, ота-онам "ўзинг қазиган чуқурга ўзинг тушдинг”, дейишди. Чиққан қиз чийдан ташқари, дейишгани рост экан, аввалгидек қабул қилишмади ва яна келган кунимоқ ота-онам эримникига олиб бориб қўйишди. Қайнонамнинг эса шу кундан бошлаб менга муносабати ўзгарди, билмаганларимни ўргата бошлади. Орадан бир ой ўтиб, қайнсинглимнинг ҳам бахти очилиб, турмушга чиқди. Ҳамма нарса энди жой-жойига тушди, деб юрсам, менга эримнинг муносабати ўзгариб қолди. Ҳадеб уришиб, ҳатто қўл ҳам кўтарадиган бўлди. Мен жим, чидашга мажбур эдим. Уйга боролмайман, уларни ҳам қийнамай, дейман. Кўзим олдида у бошқа қиз билан телефонда гаплашарди. Бир куни: "сен уйингга кет, менга керагинг йўқ”, - деди. Унга мен биз бир оила эканлигимизни айтсам, у юзсизларча устимдан кулди. Мен яна ота уйимга кетдим, уйдагиларга ҳеч нарса демадим, аммо энди қайтиш ниятим йўқлигини айтдим ва қарорим қатъийлигини тушунтирдим. Бир аҳволда эканимни сезган оила аъзоларим ҳеч нарса дейишмади ва мени ёлғиз қолдиришди. Аммо онамнинг ҳар 5 дақиқада ниманидир сезгандай, баҳоналаб ёнимга келиши унинг юзидаги хавотирдан шундай сезилиб турарди-ю, ҳеч нарса демас эди. Мен эса бу ҳаётдан чарчаган эдим, ҳақиқатан ҳам ўз жонимга қасд қилишни ўйлардим. Бироқ ҳеч фурсат тополмасдим. Тун ярим бўлганида уйдагилар анча тинчиб қолишди, ёнимда синглим ухлаб ётарди. Секин ўрнимдан турдим ва молхона томонга юрдим. Молхона эшиги очиқ турган экан. Менинг ташқарига чиққанимни ҳеч ким сезмади. Бутун аъзойи баданимни титроқ босди. Тун жуда қоронғи,  осмонни қора булут қоплаган, ҳаво совуқ эди. Бир пайт ҳовлидаги катта ўрик остидаги супа томондан кимнингдир йиғлаган овози қулоғимга чалинди. Олдин бир оз қўрқдим, кейин жим туриб эшитсам, бу отамнинг овози экан: "Эй худо, мен сенга нима ёмонлик қилдим, қандай гуноҳ қилдим? Хато қилган бўлсам мени жазола, фарзандимда нима айб”, деяётган эди.

Шу кунгача отамнинг йиғлаганини ҳеч кўрмаган эдим, буни кўриб, қаттиқ қийналдим ва қалбим осмонида қандайдир ёруғлик кўринди. Мен таслим бўлмаслигим, ҳали кўп яхши ишлар қилишим кераклигини ўйладим ва уйга қайтиб кирдим. Шу кунгача фақат ўша, менинг қадримга етмайдиган инсон учун яшабман, энди мен шу кунларга келгунимча тарбиялаб, менга ҳаёт бағишлаган инсонлар учун яшайман, деган қарорга келдим. Бу дунёда чин дўст фақат ота-она эканини тушундим.

Ўша пайтда коллежда тенгқурларим 2-босқични тугатиш арафасида эдилар. Ўқишга бора бошладим. Аммо тенгдошларимга олдингидек қўшила олмасдим. 2-босқични тугатиб, тикувчиликни ўрганиш учун маҳалламиздаги моҳир тикувчига шогирд бўлдим, оиламдагилар мени ҳар томонлама қўллаб туришди.

Бир куни ўз қўлим билан онамга кўйлак тикиб бердим, у жуда хурсанд бўлди. 3 ой ичида мен ҳам устозим даражасига етдим ва отам менга тикув машинаси олиб берди. Мижозларим кўпайди. Бу йил мен коллежни тугатаман. Битирувчиларга кредит берилиши ҳақида эшитдим ва ўз бизнес лойиҳамни ишлай бошладим. Бу орада одамларнинг гап-сўзи анча тинчиб қолганди.

Бизнес лойиҳам қўллаб-қувватланиб, имтиёзли кредит олдим ва кичикроқ бўлса ҳам тикув цехи очдим, беш нафар қизни иш билан таъминладим. Олдин тиккан кийим-кечакларни бозорда сотдик кейин ҳар хил корхона ва муассасалар билан шартнома туздим ва орадан 3 йил ўтиб, мен катта бир цех эгаси, тадбиркор аёлга айландим. Банкдаги қарзимни ҳам  тўлаб, ўзимни анча ўнглаб олдим.

28 ёшимда ҳақиқий бахтимни топдим. Мен ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат ҳамма нарсадан устун тутиладиган оилага келин бўлдим. Ишларим ҳам анча ривожланди. Орадан бир йил ўтиб, эгизак фарзанд кўрдик. Бундан ҳаммамиз суюндик. Ҳозир энг бахтиёр оила соҳибасиман.

Айтаверсам, менинг умрим бир китоб. Ҳар ким ўз асарини ўзи яратаркан. Умр китобининг ҳар саҳифаси гўзал бўлиши инсоннинг ўз қўлида. Ўз бахтимиз, ўзимизнинг қўлимизда. Инсонга умр деган улуғ  неъмат берилдими, шунга  муносиб яшамоғи керак. Тўкилаётган хазонлар ўрнида қолган муртаклар қишдан омон чиқса, баҳорда яна барг ёзади. Бошқа жойдан эмас, худди ўша узилган барг ўрнидан чиқади яшил барглар...

Инсон ҳам шундай, умр кузаклари ва қишларининг азобларига бардош берса, эгилмаса, албатта гуллаш фаслига етади...

 

Аёлнинг дардларини оққа кўчирган Юлдуз ЮСУПОВА, Амударё мелиорация ва сув хўжалиги касб-ҳунар коллежи ўқувчиси.

Янгиликни бўлишинг: