"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9455.24 +21.66
  • 1 EUR = 10438.6 +84.00
  • 1 RUB = 147.25 +1.25

ҲАЁТ СИНОВЛАPИ

(Бўлган воқеа)

Ҳаёт Pаҳмон оғани жуда кўп синади. 12 ёшида бахтсиз тасодиф туфайли ота-онасидан жудо бўлди. Ўшанда эгизак сингиллари Фотима-Зуҳралар саккиз, укаси Омон эса тўрт ёшда эди.  Оиланинг оғир юки ҳам, укаларининг тарбияси ҳам ёшгина Pаҳмонжоннинг елкасига тушди. Ҳар доим бир келиб-кетадиган қариндошлари фақат маслаҳат қилишдан нарига ўтмас, "сен энди оила бошлиғисан, укаларингга бош бўлишинг керак”, - дея таъкидлашаверишарди. Ён қўшнилари, отасининг яқин дўсти Иброҳим оға эса Pаҳмонжонга отасидай меҳр кўрсатар, мол-ҳолга, ҳатто томорқасига ҳам қарашар, аёли Гулжон опа нон ёпиб берар, ҳар куни албатта болаларга бир товоқ овқат олиб чиқарди.

Pаҳмонжон ва унинг укалари ана шу икки инсоннинг меҳри оғушида улғайишди. Аввал ўзи Университетнинг биология факультетида сиртдан ўқиди, мактабга ишга кирди. Бирин-кетин сингиллари Фотима-Зуҳралар ҳам олийгоҳларга ўқишга киришди. Сингиллари ўқишни тугатган йили укаси Омон талаба бўлди.  Ўша йили Pаҳмонжон ўз ҳамкасбига уйланди. Бахтига умр йўлдоши Салима ақлли, ўта мулоҳазали ва меҳрибон аёл экан. Ҳам ўқитувчилик, ҳам чеварлик қилиб, оиланинг кам-кўстини тўғрилашда Pаҳмонжонга қўл-қанот бўлди.

Инсон умри жуда тез ўтаркан. Сингилларини узатиб, укаси Омонжонни уйли-жойли қилгунича ёши қирқдан ўтганини сезмай қолди. Энди ўзининг фарзандлари – уч қиз, бир ўғлини ўқитиш, уйли-жойли қилиш ташвишлари билан югуриб-елиб юрганида умр йўлдошидан ажралиб қолди. Қизларининг каттаси энди коллежнинг биринчи босқичида эди ўшанда. Икки қизи ва ўғли мактабда ўқирди. Салиманинг маъракалари ўтмай туриб уни сингиллари ўртага олишди:

- Ака, уйланинг, жиянларимга она, ўзингизга ҳаётда суянчиқ керак, - дейишди.

Бу гапни эшитган қизлари уввос солиб йиғлашди. Шу кундан бошлаб отасидан бегонасираб қолишди.

- Қизларим, - деди Иброҳим оға, - Отангиз энди 40 ёшга кирди. Сизларни ўқитиб, уйли-жойли қилиши учун унга умр йўлдош албатта керак. Оила арависини тортиш бир кишига оғирлик қилади, бундай ақлсиз бўлманглар.

Иброҳим оға билан Гулжон опа бош бўлиб Pаҳмонжонни уйлантириб қўйишди. Зулайҳонинг бу хонадонга кириб келиши оила ҳавосини гўё ўзгартириб юборди. Бир-икки ой тумтайишиб юрган Pаҳмонжоннинг фарзандлари бирон сабаб билан Зулайҳо уйда бўлмаса, уни соғинадиган бўлишди. Қизларнинг каттаси Назира институтга шартнома асосида ўқишга кирганида Pаҳмонжон:

- Келаси йил қайтадан ҳужжат топширарсан, яхши репититорга тайёрлансанг, албатта давлат гранти асосида ўқишга кирасан, - деди тўлов-шартноманинг залворини ўйлаб.

- Йўқ, - деди Зулайҳо – бу ҳам бир имконият отаси, қизимиз ўқишга борсин. Мол-ҳол бор, товуқ боқамиз.

Аёли шундай деб турганида Pаҳмонжон нимаям қиларди. Pози бўлди. Назира то ўқишини тугатгунча Зулайҳо тиниб-тинчимади. Буни қарангки, кейинги қизлари ҳам, ўғли ҳам улғайиб, барчаси олий маълумотли бўлишди. Қизларини узатиб, ўғлини  уйлантирди. Pаҳмонжон энди нафақага чиқиб, ҳузур-ҳаловатда яшайман, деганида иккала оёғи фалажланиб, тўшакка михланиб қолди. Катта хонадоннинг залворли юки энди аёли Зулайҳонинг елкасига тушди.

- Олдимизда соғ-омон, болаларга маслаҳатгўй бўлиб ўтирганингизнинг ўзи катта давлат, отаси, - деб қўярди аёли меҳр билан.

Аммо келини ўзгариб қолди. "эна-эна” лаб Зулайҳонинг атрофида парвона бўладиган келин Pаҳмон оға бетоб бўлиб қолгач, ўзгарди-қўйди. Қайнонасининг жўяли гапига ҳам терс жавоб берадиган бўлди. Бир куни ён қўшниси, Pаҳмон оғага отасидай қадрли бўлиб қолган Иброҳим ота вафот этди. Ўғли: "қўни-қўшниникига чиққанингизда қийналмайсиз”, - деб олиб берган ногиронлар аравачасига ҳали бирон марта ҳам ўтирмаган Pаҳмон оға аёлига:

- Менинг отамдай эдилар, Иброҳим оғанинг жанозасига чиқмасам бўлмайди, - деб ўша аравачани келтиришни сўради.

Аёлининг  кўмагида аравачага ўтириб, таъзияга чиқаётса, унинг кимгадир норозилик билан:

- Нафасингни шамол учирсин-а, ундай дема, - деганини бехос эшитди-ю, кўча дарвозасига етмай, аравачани тўхтатди.

- Сизга нима, этингиз эриб, қонингиз қоришмаса, бундай бировга юк бўлиб ўтиргандан кўра...

Pаҳмонжон келинининг гапларини аниқ-тиниқ эшитди. Бошидан биров муздай сув қуйгандай сесканиб кетди. "Нима деяпти у? Бировга юк бўлгандан кўра ўлгани яхши, деб қайнотасини айтаётирми? Шундай деди шекилли. Аёлига ҳам аччиқ-тиззиқ гапирди-я”.

Pаҳмон оғанинг қўллари қалтираб, асабий ҳолатда дарвозахонада, аравача ғилдирагини ушлаганча ўтирар, ичкаридан эса келинининг аёли билан айтишаётгани унга яққол эшитилиб турарди. Шу ўтиришда қанча вақт ўтди, билмайди. Фақат кўча томондан кириб келган ўғли Соҳибжоннинг:

- Ота, таъзияга чиқмоқчимисиз? – деган гапидан ўзига келди.

- Ҳа, - деди синиқ овозда.

Шу дам кутилмаганда ичкаридан отилиб чиққан келиннинг:

- Отам ўлса, бу уйда сени бир кун ҳам қолдирмайман! – деган жазавали овозидан Соҳибжон серрайганча қотиб қолди. Бу гапни Иброҳим отанинг  вафотини эшитиб, шошилинч дарвозадан кириб келаётган Pаҳмон оғанинг катта қизи Назира ҳам эшитди. Келинининг ортидан мунғайибгина, худди айбдорлардай бошини эгиб уйдан чиққан Зулайҳо долондаги супага ўтириб қолди. Аравачада ўтирган отасининг олдида уят ва номусдан титраб турган ўғил бутун ғазаб ва нафратини бир сўзга жамлаб бақирди:

- Чиқ!

Оғзидан чиққан гапи худди милтиқнинг ўқидай бир эмас, бир неча одамнинг юрагини яралаганини сезган келин типир-чилаб қолди. Уйда ҳеч ким йўқ-ку деб қайнонасининг ўгайлигини юзига солиб, қайнотасини ортидан юзсизларча ҳақоратлаётган келин бошини эгиб ичкарига йўналди.

- Чиқиб кет уйдан! – Овозининг борича бақирди Соҳибжон. – Оиламни менсимайдиган, ота-онамни одам ўрнида кўрмайдиган хотиннинг менга кераги йўқ!

- Қўй, ўғлим, - деди Pаҳмон оға, - ҳали ёш, кейин тушунади. Мени Иброҳим отангникига олиб боргин.

Соҳибжон ўзини босишга қанчалик уринмасин, хонадонига келганига эндигина беш ой бўлган келин – хотинининг  оғзидан чиққан гап отилган ўқдай жисмини яралаб бўлган, бутун вужуди ғазабдан зирқирарди.

Орадан бир хафталар ўтиб-ўтмай Pаҳмон оғаникига жаноза хабари келди. Келиннинг соппа-соғ, ҳукумат идорасида ишлаб юрган отаси вафот этибди. Ҳаммалари таъзияга боришди. Маййит ерга қўйилган куни келин ўкраб йиғлаганча Pаҳмон оғанинг оёқлари остига ўзини ташлади. Қайнонасини қучоқлаб, қайта-қайта кечирим сўради. Қизининг ишларидан ҳайрон бўлиб ўтирган онасига Иброҳим отанинг жанозаси куни ўзи қилган хатоси ҳақида сўзлади.

- Ҳаёт бир синов, - деди онаси. – Хатони тан олиб, хулоса чиқариш эса мардлик. Сенинг қилган ишинг хато эмас, гуноҳ, болам. Гуноҳингни энди яхшиликларинг билан ювасан. Соғ ўладими, касалми, бу худонинг иши. Ажримини бандаси эмас, Аллоҳ чиқаради.

Pаҳмон оға билан Зулайҳо қудағайининг бу танбеҳидан сўнг енгил тортишди.

Ҳозир Pаҳмон оға бутун маҳалланинг  бобосига айланган. Зулайҳо момо билан невара-чевараларининг ардоғида. Яқинда Соҳибжон неварали бўлди. Отасининг 80 ёшга тўлган кунида невараси туғилди. Исмини Иброҳимжон қўйишди.

- Иброҳим отадай бағри кенг, меҳр-оқибатли бўлсин, - дейишди.

Соҳибжоннинг аёли эса ҳамон ўзини гуноҳкордай ҳис этиб, ёшлигидаги худбинлиги учун афсусланиб юради.

- Мени ҳаёт тоблади, - дейди у, - қайнонамдан умрни меҳр-муҳаббат билан безаб яшашни ўргандим. "Тилингда тарози бўлсин”, - деган ҳикматнинг ҳақиқатларида феълимни зийнатладим.

Инсон туғилганидан тупроққа кетгунича тобланаверади, деганлари шу бўлса керак-да.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: