"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8460.92 +1.84
  • 1 EUR = 9439 -62.05
  • 1 RUB = 131.06 +1.26

ОБОД МАҲАЛЛА – ОБОДОН ВАТАН

Публицистика


Шукрона

Маҳалла – бизнинг она маконимиз, ота уйимиз жойлашган қадрдон гўша. Шунинг учун ҳам қадрдонки, дунёга келган кунимизни, ҳаётимиздаги қувончли дамларимизни, ҳатто ғам-у ташвишларимизни ўзимизданда олдинроқ сезувчи фидойи бирлик бу! Не учун бу маконни бирлик деб атадим?  Чунки, этни тирноқдан айирмоқ мушкул бўлгани каби маҳалла аҳлини бир-биридан айрича тасаввур қилиш, тоифаларга бўлиш, сеники ва меники деган хаёл кўзгусидан боқиш асло мумкин эмас. Шунинг учун ҳам маҳаллаларимизда барча миллат болалари аҳил, тотув, иноқ – битта кўчада, битта хонадонда, ҳатто битта оилада фаровон яшашади. Шунинг учун ҳам маҳаллаларда маънавий-маърифий аҳамиятга эга удумлар, урф-одат ва анъаналарнинг умри боқий.

Шу йилнинг 6 июль куни Манғит шаҳрининг "Гулзор” маҳалласи ҳудудида қад ростлаган "Камолот” уйининг очилиш маросимида қатнашдим. 48 хонадонга мўлжалланган 4 қаватли бу муҳташам уйнинг "Камолот” уйи деб номланишининг ўзида жуда катта рамзий маъно бор: бу -  аввало "Ўзбекистон Pеспубликасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонуннинг туманимиз ёшлари ҳаётидаги амалий ифодаси бўлса, бундан ҳам муҳимроғи – тобора обод ва фаровонлик касб этаётган маҳалла институтининг демократик тамойиллар асосида ривож топаётгани – тараққиётга юз тутган ўзбек маҳалласининг гўзал манзараси мужассам бўлганидан далолат. Ваҳоланки, бугунги маҳалланинг Истиқлолдан нурафшон дилларда ҳавас уйғотгулик манзаралари бисёр!

"Камолот” уйида ҳовли тўйлари ўтказаётган ёш оилаларнинг қувончларига ошно бўлиб, уларнинг ўзгача меҳр билан безатган хонадонлари остонасидан ҳатлар эканман, беихтиёр ўзим янги иморат қуриш учун югуриб-елиб юрган дамларимни эсладим:  қурилиш ашёлари тақчил, цемент топилса, пишиқ ғишт, ғишт топилса, оҳак ёки тахта излаб сарсон бўлган кунларда бутун оиламиз билан топган-тутганимизни ўртага ташлаб, 10 йил давомида иморатимизни чала битириб кўчиб кирганимиз, ёшлигимизнинг энг гуллаган даврида уй қуриш ташвишларига кўмилиб, яшаганимиз, ҳатто мурғак фарзандларимизгача қурган иморатимизнинг чала-чулпасини бутлаш учун жон куйдириб, бири лой қориса, бири сувоқ қилиб, болалигини унутиб улғайишганларини кўз олдимга келтириб, бугунги ёш оилалар учун мамлакатимизда яратиб берилаётган беқиёс имкониятлар, барчасидан муҳими, маҳаллаларнинг тобора обод ва фаровон гўшага айланиб бораётганидан дилимни хавас, қувонч, шукрона чулғайди.

       

Кеча маҳалла бор эдими?

Кўз олдимда яна яқин ўтмиш манзаралари жонланади: катта овулнинг у боши билан бу бошида "Pай ПО” деб аталмиш савдо ташкилоти тасарруфидаги иккитагина дўкон бўларди. Бутун овулда битта ё иккита клуб биноси бўлиб, бошқа маданий-маиший хизмат турлари йўқ ҳисобда. Нари борса, "Дом быта” деб аталмиш туман маиший хизмат кўрсатиш корхонасининг ҳар овулда биттагина тикувчилик цехи амал-тақал ишлаб турарди. Одамлар тўй-томошаларда жамланиб, кўнгилларини ёзиб олишарди. Кўчма кинолар "хизмати”дан фойдаланишарди...

Баъзан ўйлаб қоламан: кечаги кунимиз, ўтган асрнинг 70-80 йилларида маҳалла деган ижтимоий тузилма бор эдими ўзи? "Ҳа”, – дейишга асос йўқ, "йўқ”, - дейишга ҳам. Чунки, шўролар тузуми манфаатларини ифода этувчи "Овул совет” ва "Шаҳар совети” номини олган худудий атамалар билан иш олиб борувчи фуқаролик органларининг қандай вазифаларни адо этиши билан аҳоли, тўғриси, қизиқмас ҳам эди. Бу фуқаролик органлари ким учундир "маълумотнома берадиган идора”, ким учун "аҳоли сонини рўйхатга оладиган ёки рўйхатдан чиқарадиган идора”, "халқнинг мол-мулкини ҳисоблаб, солиққа тортилувчилар рўйхатини тузувчи идора”... ва яна шунга ўхшаш вазифаларни бажарувчи бир "идора” эди, холос. Халқнинг ташвиши нима, уни қандай муаммолар қийнаётир? Унинг фарзандлари учун қандай шароитлар яратиш керак? Орзу-умидлари-чи? Оилаларнинг моддий аҳволи қандай? Аҳолининг ижтимоий қатламичи, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтожлар борми? – каби саволлар одамлар дилидан тилига кўчиб, бу "идоралар” остонасидан ҳатлаб, асло ичкарига кирмас эди...

 

Катта хонадонга айланган макон

Шулар ҳақида ўйларканман, мустақилликнинг илк йилларида айниқса, бозор муносабатларига ўтиш даврида мамлакатимизда ўзини-ўзи бошқариш органлари – маҳаллалар фаолиятини жонлантириш борасида олиб борилган кенг қамровли ишлар, кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти барпо этиш сари қўйилган эзгу қадамлар, маҳаллаларда ижтимоий барқарорликни таъминлаш борасида олиб борилган хайрли ишлар кўз олдимда гавдаланади.

- Бугун маҳалла аҳоли учун катта хонадонга айланди, - дейди "Маҳалла” хайрия жамоат фондининг туман бўлинимаси раиси Pустам ака Pўзметов. – Шундай бўлгач, бу хонадоннинг гуллаб-яшнашидан барчамиз баҳрамандмиз. Оддийгина мисол, тумандаги ўқув муассасаларининг ҳар бирида – мактабларда синф раҳбари, коллежлар ва академик лицейда гуруҳ раҳбарлари бошчилигида 3 тадан ёрдамчи гуруҳлар тузилган. Туман бўйича 170 та ёрдамчи гуруҳ бўлиб, бу гуруҳларга бириккан ўқувчилар ўзгалар ёрдамига муҳтож инсонлар, кексалар, боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан тез-тез хабар олиб туришади. Экин-тикин, ободонлаштириш ишларига яқиндан ёрдам беришади.

Ҳар куни ишга келишда ва кетишда Манғит шаҳрининг Ойбек номли, "Гулзор”, Беруний номли, "Янгиобод” ва "Дўстлик” маҳаллалари ҳудудларидан ўтаман. Қўлига белкурак тутган таниш ўқувчи-ёшларни, устакорлик анжомларини кўтариб кетаётган ёшларни, баъзан катта ёшдаги танишларимни учратаман.

- "Кўҳна қалъа” мавзесида яшовчи отахон бор эди, уйини таъмирлаяпмиз, - дейди бири.

- Коллежимиз қарамоғидаги кексаларнинг уйларига бораётирмиз, - дейишади ўқувчи-ёшлар. – Томорқаларини кузги шудгор қилмоқчимиз.

Pустам ака Pўзметов айтганларидай, бугунги маҳалланинг нуфузи ортган, фаолият кўлами ҳам кенг. Қиёфаси ҳам ўзгарган. Бу катта хонадоннинг ҳар бир аъзосининг дилида бир эзгу ният – ўз хонадони – маҳалласини обод кўриш. Она Ватаннинг энг файзиёб гўшасига айлантириш.

Бугунги маҳалла ана шундай улуғ орзуларга, улуғвор режаларга пойдор макон.

 

Бугунги маҳалла

- Бугун ҳаётимиз тубдан ўзгарди, - дейди Манғит шаҳрининг "Гулзор” маҳалласи фуқаролар йиғини раиси Гулмирза ака Ерматов. – Бир кўз олдингизга келтиринг-а, бизнинг маҳалламиз жойлашган ҳудуд аввал қандай эди? Инфратузилма қолоқ, одамларнинг ҳаётга қизиқишлари бир ёқлама. Эртанги кунга ишончдан кўра умидсизлик зоҳир эмасмиди улар қалбида?

Дарвоқе, бугунги "гулзор”ликлар турмуш тарзи билан кечаги ҳаёти ўртасида осмон билан ерча фарқ бор. 3100 нафар аҳоли истиқомат қиладиган маҳалла аҳлининг асосий қисми ўқимишли, зиёли, тадбиркор ва ишбилармон. Айни пайтда маҳалла ҳудудида энг замонавий меъморий услубда қурилган 1000 ўринли тўйхона, дўкон-ошхона, автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаси, нонвойхона, қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи, автомобилларга техник ҳизмат кўрсатиш шохобчалари, 45 тадан зиёд якка тадбиркорлик ҳизматлари фаолият олиб бормоқда. МФЙ раисига маҳалладаги ҳар бир хонадоннинг турмуш тарзи беш қўлдай аён.

- Ишонаверинг, - дейди раис мамнуният билан, - ҳатто қайси оиланинг ойлик даромади қанча эканлигини янглишмай айта оламан.

Ишонмаслик мумкинми? Асло! Чунки, бугун маҳалла – халқ ҳаётининг кўзгуси. Муаммолар ҳам, янги орзу-режалар ҳам бугун энг аввало маҳаллада муҳокама этилади. Муаммолар ҳал этилиб, орзуларнинг рўёби учун, режаларнинг такомилга етмоғи учун фаол ҳаракат маҳалладан бошланади. Оддийгина мисол: "Гулзор” маҳалласида фақат тадбиркорларнинг саъй-ҳаракатлари билан сўнгги 2-3 йил ичида иш билан банд бўлганлар сони кескин ошди, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларининг ўзида 54 та янги иш ўрни ташкил этилди. Уй меҳнати билан шуғулланувчилар 177 нафарга кўпайди, 45 нафар "гулзор”лик фуқаро якка тадбиркорлик билан шуғулланиш имконига эга бўлди. 2015 йилнинг 11 ойи давомида 50 гаяқин  янги иш ўрни яратилди. 23 нафар коллеж битирувчилари доимий иш билан таъминланиб, улардан 2 нафари ўз тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш учун имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини қўлга киритишди. Маҳалла ҳаётидаги бу янгиликлар фуқаролар турмуш тарзини тубдан ўзгартириб юборди. Кўчаларни, ҳовли ва хонадонларни ободонлаштириш, томорқа хўжалигидан юқори унум олиш, оилада фаровон яшашга интилиш маҳалла аҳлининг кундалик ҳаёт қоидасига айланди.

 

Кўзни қувонтирган обод ҳовлилар

– Кўрсангиз, маҳалламиз кўчалари гулларга, дов-дарахтларга бурканган!

Маҳалланинг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Гулбаҳор Аллаберганованинг қувончига шерик бўлиб маҳалланинг кўркига-кўрк қўшган шинам ва озода кўчалар бўйлаб "Камолот” уйи томон йўл оламиз.

- Яқинда 6 та кўчага ҳашар йўли билан тош ётқиздик, – дейди Гулбаҳор, – маҳалламиз ҳозир шаҳримизнинг янгиланиб ва тез ўзгариб бораётган худудига айланган.

Ҳақиқатан ҳам, Гулбаҳор айтганидай, наинки кўрган кўзлар, ҳатто диллар қувончдан яшнаб кетгулик гўзал манзара–маҳалланинг шимолий-шарқий ҳудудида – Манғит-Қипчоқ  катта гузар йўли бўйида қад ростлаган намунали уйларда бугун жўшқин ҳаёт нафаси уфуриб турибди. 2013 йилда бунёд этилган 40 та намунали уйларнинг фасад қисмидан тортиб томорқасигача жаннатий манзара касб этган. "Камолот” уйи билан бир-бирига ёндош равишда қад ростлаган уйлар томорқаларида мўъжаз боғ, экин-тикиндан бўшаган ва кузги шудгор қилинган томорқага ҳавас билан боқмаслик  мумкин эмас. Болалар майдончаларидаги кичкинтойларнинг қувноқ овозлари, шу ҳудудда қурилиши жадал суръатларда олиб борилаётган инфратузилма иншоотлари – бугунги маҳалла ҳаётининг истиқлолдан ранг олган манзараларидан бири эмасми, азизлар!

- Маҳалланинг номи бу ердаги турмуш тарзига монанд экан-да!

- Албатта, - дейди Гулбаҳор қувонч билан. – Кўрсангиз, ҳайрон қоласиз, яна бир неча ойдан сўнг маҳалламиз ҳудудида яна 40 та намунали уй қурилиши якунланади!

Кўрдик, маҳалла ҳудудидан оқиб ўтувчи "Тошёп” каналининг энг сўлим, ўнг соҳилида яна 40 та намунали уй қурилиши жадал суръатларда олиб борилмоқда. Қувонарлиси шундаки, қурилиб, фойдаланишга топширилаётган бу уйларнинг харидорларининг асосий қисми ҳам ёш оилалар экан.

Кўриб, кўзимиз қувонган бугунги маҳалла ҳаётининг гўзал манзаралари қалбларга қандайдир сокинлик, осойишталик, хотиржамлик бахш этади. Зотан, бу Истиқлол берган улуғ имкон – тинчлик, хотиржамлик аро кечаётган халқимиз турмуш тарзининг, нурафшон келажагининг амалий ифодаси – юракларимизни қувончга тўлдирган ўзгаришлар, янгиланишлар моҳиятидир. Ана шу моҳият билан кўнглимиз, уйимиз, оиламиз, маҳалламиз ва демакки, Ватанимиз янада обод бўлиб бораверади.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

(Фото - http://uza.uz)

Янгиликни бўлишинг: