"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8181.08 +1.34
  • 1 EUR = 9427.06 -41.77
  • 1 RUB = 122.73 -3.84

ОДАМ САВДОСИ - ИНСОН САЛОМАТЛИГИ ВА ЭPКИНЛИГИГА ТАҲДИД

Одам савдоси билан боғлиқ муаммолар дунё мамлакатлари қатори Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Унга барҳам бериш мақсадида юртимизда бир қанча ҳуқуқий-меъёрий хужжатлар қабул қилиниб, ижроси таъминланмоқда. Мамлакатимизда Ўзбекистон Pеспубликасининг "Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни, шунингдек, 2008 йилнинг 8 июлида Президентнинг "Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш  чора-тадбирлари тўғрисида”ги 911-сонли Қарори қабул қилинди. Бунга кўра, одам савдосига қарши курашиш бўйича Pеспублика идоралараро комиссия ташкил этилиб, унинг аъзолари томонидан 2014 йилда "Одам савдоси - давр муаммоси” тарғибот концепцияси ишлаб чиқилди. Концепция  давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги "Ўзбекистон Pеспубликасида ёшларга оид Давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган  қўшимча    чора-тадбирлар   тўғрисида”ги Қарорида илгари сурилган ғояларга ҳамоҳанг бўлиб, ёшларнинг мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланишлари учун шарт-шароит яратади. Бинобарин, мамлакатимизда жисмонан бақувват, руҳан тетик, интеллектуал салоҳияти баланд, ҳеч кимдан кам бўлмаган, ҳар қандай вазиятда тўғри йўл топа оладиган авлодни тарбиялаш учун оила-маҳалла-таълим муассасаси ҳамкорлиги тизими яратилиб, бу жараёнга кенг жамоатчилик жалб этилган. Турли коллежларни битирувчи ёшларни тадбиркорликка жалб этиш мақсадида имтиёзли кредитлар ажратилиб, бундан унумли фойдаланиб келинмоқда. Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг 2006 йил 10 октябрдаги "Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатини қўллаб-қувватлаш ва унинг фаолият самарадорлигини янада ошириш тўғрисида”ги Қарорида айтилганидек: "Ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, ёшларимизни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш масаласи давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан биридир”. Бугун ёшларимиз интернет ва оммавий ахборот воситалари орқали ҳар куни дунё миқёсидаги ранг-баранг ахборотларни қабул қилмоқда.

Биз эркин демократик жамият қуриш ниятида эканмиз, ёшларимизга ниманидир кўришни ёки эшитишни таъқиқлай олмаймиз. Лекин, айни пайтда, фарзандларимизни "Оммавий маданият” ниқоби остида тарқатилаётган, уларнинг маънавиятига салбий таъсир кўрсатаётган ахлоқсизлик, зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғоялари таъсиридан асраб-авайлашимиз зарур. Агар уларни ана шу иллатлар таъсиридан ҳимоя қила олмас эканмиз, ўсиб келаётган авлод «одам савдоси»дек иллатнинг домига тушиб қолиши ҳеч гап эмас. Бу муаммо инсоннинг нафақат жисмоний кучини, балки унинг руҳияти, дунёқарашини пасайтириб, ҳаттоки маънавий қадриятлардан узоқлаштиради. Айрим шахслар содда юртдошларимизни бойлик орттириш, мўмай даромод тўланадиган ишларга жойлаб қўйишни ваъда қилиб, Pоссия, Туркия, Қозоғистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Таиланд, Сингапур давлатларига ноқонуний йўллар билан олиб чиқиб кетиб, сотиб юбормоқдалар. Бу миллатимиз учун катта фожиадир. Айниқса, бу ачинарли воқеаларга ёшлар ва  аёлларнинг аралашганини асло кечириб бўлмайди. Мамлакатимизда ишлаб, пул топиш, фаровон яшаш имконияти бўлатуриб, ёшларнинг тадбиркорлик билан шуғулланишига кенг имкониятлар яратилаётган бир пайтда уларнинг хорижга йўл олиши, хўрланиши, қул қилиб сотилиши ҳеч биримизнинг ғуруримизга, миллатимизнинг маънавий қадриятларига тўғри келмайди.

2015 йилнинг 10 ойида туманимизда 1426  нафар фуқаро хорижий давлатларга бориб келган бўлиб, 1426 нафари тиббий кўрикдан ўтказилди, флюрографияга туширилиб, ОИТС ва RW таҳлиллари 100 фоиз текширилиб, тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Одам савдоси бўйича жабрланган, деб эътироф этилган 11 нафар шахс бўлиб, барчаси тиббий кўрикка жалб қилинган. 2015 йилнинг II чорагида 10 нафар фуқаро Тошкент шаҳрига, реабилитация марказига юборилди ва 1 нафар фуқарога Қорақалпоғистон Pеспубликаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги Одам савдосига қарши курашиш ва жабр кўрганларга амалий ёрдам кўрсатиш марказига йўлланма берилди. Туман Саломатлик маркази, даволаш-профилактика муассасалари тиббий ходимлари ҳамкорлигида 2015 йилда «Одам савдоси ва унинг салбий оқибатлари» мавзусида аҳоли ўртасида кенг қамровли тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилди. Жумладан, 2015 йилда  115 тадбир ўтказилиб, бунда 8113 нафар киши қатнашди. Вояга етмаганлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва «Огоҳ бўлинг, одам савдоси» мавзуларида ҳам 88 та тадбир ўтказилиб, ушбу тадбирларда 3025 нафар ёшлар иштирок этди. Келгуси йилда ҳам одам савдосига қарши кураш бўйича кўплаб ишларни режалаштирганмиз.

515-18-07  ишонч телефонлари орқали аҳоли ўзи учун керакли бўлган маълумотлардан хабардор бўлмоқда. Булардан ташқари, «Фирибгарнинг тузоғига илинманг», «Боши берк кўчага кириб қолманг», «Одам савдосидан эҳтиёт бўлинг» каби мавзуларда буклет ва плакатлар, тарқатма материаллар тайёрланиб, аҳолига тарқатилиб келинмоқда. Буларнинг бари юртдошларимизнинг одам савдоси қурбонига айланиб қолмасликлари учундир.

Чунки, одам савдоси - инсон эркинлигига таҳдиддир. Давлатимизнинг асосий Қонуни - Конституциямизнинг VII боб, 26-моддасида «Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа, дучор этилиши мумкин эмас», дея кўрсатилган. Одам савдоси билан шуғулланиб, мўмай даромад топишни мақсад қилганларга эса жазо муқаррардир.

О.ҲАЛИМОВ,

туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди.

(Фото - http://oydinyol.uz)
Янгиликни бўлишинг: