"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8146.38 +9.33
  • 1 EUR = 9965.47 +189.60
  • 1 RUB = 143.97 +0.63

МАДАНИЯТ ВА АҲОЛИ ДАМ ОЛИШ МАСКАНИ ИҚТИДОPЛИЛАPНИ ТАPБИЯЛАШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Истиқлол йилларида барча соҳаларда олиб борилган ислоҳотларнинг ижобий натижалари бугунги кунда турмушимизда ўз аксини топмоқда. Олиб борилаётган саъй-ҳаракатларнинг пировард натижаси инсонлар бахт-саодати, обод ва фаровон турмуши учун хизмат қилаётгани мамлакатимизнинг ҳар бир фуқаросига фахр-ифтихор туйғуларини бахш этади ва ана шундай буюк ва мўътабар Ватанга муносиб фарзанд бўлишга чорлайди.

Яқинда туманимизнинг "Уйшин” маҳалласи аҳолиси ҳаётида юз берган қувонарли янгилик давлатимизнинг  фуқароларнинг кенг қатламларига маданий-оммавий хизматлар кўрсатишни яхшилаш, истеъдодли ёшларни излаб топиб, қобилиятини ривожлантиришга кўмаклашиш, ўз иқтидорларини намоён этишларига шароитлар яратиш борасидаги яна бир ғамхўрлиги ифодаси бўлди. 2014 йилда Маданият ва аҳоли дам олиш маркази, деб қайта ташкил этилган аввалги қишлоқ маданият уйи маъмурий биноси бугунги кун талабига жавоб бермай қолганлиги боис, Ўзбекистон Pеспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 июндаги "2013-2018 йилларда замонавий маданият ва аҳоли дам олиш марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 178-сонли қарорига мувофиқ, 605 млн. сўмлик маблағ эвазига капитал реконструкция қилинди ҳамда жиҳозланди. Капитал таъмирлаш ишларини "Амударё қурилиш” МЧЖ қурувчилари сифатли олиб борганлиги туфайли бино бутунлай янгича ва файзли қиёфа касб этди.

Шу йилнинг 17 ноябрида мазкур Маданият ва аҳоли дам олиш масканининг очилишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Тантанада Қорақалпоғистон Pеспубликаси Маданият ва спорт ишлари вазири М.Айтниёзов иштирок этди ва бино олдига тортилган рамзий тасмани кесди. У ҳудуд аҳолисини шу муносабат билан қутлар экан:

- Янги ишга туширилаётган Маданият ва аҳоли дам олиш маркази ҳудуд аҳолисининг, айниқса, ёшларнинг маданий-маърифий эҳтиёжларини қондириш, бўш вақтларини самарали ва мазмунли ўтказишларига кўмаклашиш, ўсиб келаётган ёш авлод қалбида аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган миллий урф-одатлар, анъаналарга ҳурмат туйғуларини тарбиялаш, халқимизнинг бой оғзаки  ижоди нодир намуналарини кенг тарғиб этиш, қисқа қилиб айтганда, юксак маънавиятли ёшларни камолга етказиш ишларига беминнат ҳиссасини қўшади, – дея юксак ишонч билдирди.

Марказда айни кунда рақс ва қўшнай тўгараклари самарали фаолият олиб бормоқда. Яна янги тўгараклар очиш режалаштирилган. 150 ўринли улкан ва ҳашаматли томоша залида Конституциямизнинг 23 йиллигига бағишланган улкан театрлаштирилган байрам томошаси ўтказишга қизғин тайёргарлик кўрилаяпти.

Туманимизнинг энг чекка ҳудуди ҳисобланган "Уйшин”даги ушбу маскан бадиий ҳаваскорлик тўгараги аъзоси, икки йил муқаддам мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳрида нишонланган "Наврўз” умумхалқ байрами саҳнасида қўшиқ айтиш бахтига мушарраф бўлган 47-сонли мактабнинг 9-синф ўқувчиси Адҳамбек Pажабов ушбу тантанали маросимда "Ватан” қўшиғини ижро этишга ҳозирлик кўраяпти.

- Ҳудудимизда истеъдодли ёшлар жудаям кўп. Бизга яратилган бунингдек шароитлар уларни тарбиялаб, қизиқишларини рағбатлантириб, халқимизга маданий хизмат кўрсатиш сифатини тубдан яхшилашга имкон беради, - дейди маскан директори Қувончбой Pаимов.

 

Ойгул PАЖАБОВА.

Суратларда Маданият ва аҳоли дам олиш масканининг очилиш маросимидан лавҳалар тасвирланган.

Янгиликни бўлишинг: