"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8460.92 +1.84
  • 1 EUR = 9439 -62.05
  • 1 RUB = 131.06 +1.26

БУPЧ МАСЪУЛИЯТИНИ ҲИС ЭТИБ...

Инсон табиатан меҳр-муҳаббатга, яхшиликка мойил. У ўзгаларга меҳр-муҳаббат, оқибат ва мурувват кўрсатиш баробарида ўзи ҳам бошқалардан меҳр-оқибат, яхшилик кутиб яшайди. Чунки, меҳр билан боқувчи нигоҳлар инсон юрагига ўзгача тафт беради. Муҳаббатли нигоҳлар одамни эзгуликка йўллаб туради. Ҳар бир яхшиликнинг, яхши сўзнинг замирида эса ёруғлик бор. Кўнглини ғам-андуҳ, вужудини дард эгаллаган инсон яхшиликнинг, яхши сўзнинг ёғдусида ҳаёт гўзалликларини ҳис этади, ана шу ёғдуга – гўзалликка интилиб яшайди.

Мен шифокор сифатида инсонлар табиатида зоҳир бўлган ана шундай туйғуларга жуда кўп бора ошно бўлганман. Оддийгина бир сўз беморнинг ҳолатини оғирлаштириб қўйгани ёки биргина сўз билан оғир хастанинг оёққа туриб кетганига ўз фаолиятимда неча юз марталаб гувоҳ бўлганман.

Шифокорлар нима учун оппоқ либос кийишади? Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, шифокор либосининг оқлиги хусусида?

Оқлик – аввало поклик рамзи. Поклик эса ниҳоятда кенг қамровли тушунча, яъни, кўнгил тозалиги, вужуд тозалиги, ҳалоллик ва эзгуликка, яхшиликка ишора бор унда.

Демак, биз шифокорлар бемор кўнглининг фаришталаридай унга меҳр-муҳаббат, оқибат ва мурувват нигоҳи билан боқишимиз, ҳар бир мижознинг қадр-қимматини жойига қўйишимиз билан ўз фаолиятимизда покликка амал қиламиз.

ТТБнинг физиотерапия бўлимига муолажа олиш учун ҳар хил тоифадаги беморлар келишади. Уларни безовта қилаётган касаллик билан курашишдан олдин энг аввало беморнинг руҳиятига монанд муомала қилишга интиламиз. Чунки, физиотерапевтик муолажа усулида шифокор билан беморнинг ўзаро муомаласи муҳим аҳамиятга эга.

Бўлимимизга шифо истаб келган ҳар бир бемор билан алоҳида-алоҳида муолажа курслари олиб борилади. Бунинг учун бизда барча шароитлар муҳайё.

2012-2013 йилларда тўлиқ таъмирланиб, замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган физиотерапия бўлими кунига 75-80 нафар беморга малакали тиббий хизмат кўрсатиш имконига эга. Электрофорез, магнитотерапия, парафин қўйиш, УЗТ ҳамда даволаш-гимнастика-соғломлаштириш, уқалаш каби муолажа хоналарининг ҳар бирида кунига 10-12 нафар бемор муолажа олмоқда. Ҳали юқорида айтганимдай, ҳар битта муолажа хонасида беморларга хизмат кўрсатувчи шифокор ва ҳамшираларга шундай талаб қўйилади-ки, физиотерапевтик муолажадан сўнг албатта мижозлар хурсанд, яхши кайфиятда чиқиб кетишлари зарур. Биз ўз фаолиятимизда албатта, бунга эришаяпмиз. Замира Алламберганова, Шоҳида Оймонова, Малоҳат Озодова, Муҳайё Янгибоева, Латофат Собирова, Малоҳат Ўрозимбетова сингари ҳамшираларимиздан мижозлар ҳамиша мамнун.

Мен ҳар гал бўлимимиз шифокорлари билан мулоқотда бўлганимда бир гапни жуда кўп такрорлайман:

- Инсон-азиз, соғлиги ундан ҳам азиз. Биз ана шу азизликка, барқарор ҳаётга, яъни инсонлар саломатлигига масъулмиз. Уларга яхши муомала, меҳрли нигоҳ билан хизмат кўрсатиш – бурчимиз!

Ана шу бурч масъулиятини ҳис этиб меҳнат қилаётган барча саломатлик посбонларига анъанавий касб байрамингиз қутлуғ бўлсин, дейман.

 

Зулхумор МАМАТҚУЛОВА,

туман тиббиёт бирлашмасининг физиотерапия бўлими мудири.

Янгиликни бўлишинг: