"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8314.85 +14.80
  • 1 EUR = 9408.25 -3.29
  • 1 RUB = 123.85 -2.39

ХУСУСИЙ МУЛК, КИЧИК БИЗНЕС ВА ХУСУСИЙ ТАДБИPКОPЛИКНИНГ ИШОНЧЛИ ҲИМОЯСИ

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда иқтисодиётни либераллаштараш, бошқарувнинг бозор тамойиллари ва механизмларини жорий этиш, қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий табиркорликни ривожлантириш йўлидаги ортиқча бюрократик тўсиқ ҳамда ғовларни бартараф этиш борасидаги  тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Муҳтарам юртбошимиз томонидан жорий йилнинг 15 майида қабул қилинган "Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони хусусий мулк ҳуқуқини мустаҳкалаш, уни ишончли ҳимоя қилиш борасидаги муҳим ҳужжат бўлди.

Президентимизнинг мазкур Фармони ҳамда 2015 йилнинг 28 апрелидаги "Иқтисодиётда хусусий мулкнинг улуши ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори асосида "Ўзбекистон Pеспубликасининг айрим Қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъетларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.

Бу Қонунда амалдаги 40 гаяқин Қонун ва 5 та Кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Ушбу Қонуннинг мақсади – хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш, шунингдек, давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун жавобгарлигини кучайтиришдан иборатдир.

Қонунда микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари фаолияти билан боғлиқ барча текширувлар назорат органлари томонидан режали тартибда, тўрт йилда бир мартадан кўп бўлмаган тартибда амалга оширилиши, молия – хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар ўтказиш муддати 10 календарь кунидан ошмаслиги, тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишлар фақат сўнгги текширувдан кейинги даврни қамраб олиши ҳамда қўзғатилган жиноий ишлар муносабати билан хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан хўжалик юритувчи субъект жалб этган адвокатлар иштирокида амалга оширилишининг белгилаб қўйилиши юртимизда қулай бизнес муҳитини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Шунингдек, қонунда тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилгани ва ноқонуний аралашгани учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахсларининг жавобгарлигини кучайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб қўйилди. Бундан буён мансабдор шахслар хўжалик юритувчи субъектлар молиявий-хўжалик фаолияти бўйича текширув ва тафтиш ўтказиш тартибини, давлат хизматлари кўрсатиш тартибини бузганлик, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини ва (ёки) уларнинг банк ҳисобварақлари бўйича амалиётларни ноқонуний тўхтатиб қўйганлик, тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган бинолар ва бошқа иншоотларни шу мулкнинг бозор қийматини қопламасдан бузиб ташлаганлик, хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисобварақларидаги мавжуд пул маблағлари тўғрисидаги ахборотни асоссиз равишда талаб қилганлик, хўжалик юритувчи субъектларни хайрия ишлари ва пул маблағлари ажратиш билан боғлиқ бошқа тадбирларга мажбурий жалб қилганлик учун маъмурий жавобгар бўладилар.

Тадбиркорлик фаолияти эркинлигини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчиликни кўп маротаба бузган мансабдор шахсларга нисбатан эса жиноий жавобгарлик чоралари ҳам қўлланилиши белгилаб қўйилмоқда.

Мазкур қонун билан Ўзбекистон Pеспубликасининг бир қатор кодекс ва бошқа қонун ҳужжатларига ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан Ўзбекистон Pеспубликасининг Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Солиқ, Меҳнат, Фуқаролик, Фуқаролик процессуал, Хўжалик процессуал, Уй-жой ва Ер кадастрларига, шунингдек, "Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, "Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги, "Хўжалик юритувчи субъектларнинг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги, "Баҳолаш фаолияти тўғрисида”ги, "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги каби ўнлаб қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг "Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда ушбу Фармон асосида қабул қилинган қонун ҳужжатларида белгиланган барча чора-тадбирлардан ягона мақсад-кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳаракатини жадал ривожлантириш орқали иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, юртимизда тинчлик ва барқарорлик таъминланишидан энг кўп манфаатдор бўлган мулкдорлар синфини рағбатлантириш, пировардида аҳоли турмуш даражаси ва сифатини ошириш, мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш ва, шубҳасиз, ижтимоий ҳаётни янада яхшилашга хизмат қилади.

Мансур ШОМУPОДОВ, туман давлат солиқ инспекцияси юридик шахсларга солиқ солиш бўлими камерал назорат шўъба бошлиғи.


Мақола Ўзбекистон Pеспубликаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган лойиҳа доирасида тайёрланди.


Янгиликни бўлишинг: