"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9384 +323.00
  • 1 EUR = 10393.7 +300.90
  • 1 RUB = 140.14 +1.53

ҚАЙНОНАНИНГ ДИЛ САНДИҒИ ОЧИЛГАНДА...

СЎЗИНИ АНГЛАМАГАН КЕЛИН

Қишлоқнинг одамлари бошқача-да! Меҳр-оқибатли, борди-келдили. Бирови тўй бошласа, худди ўзининг маъракасидай югуриб-елиб хизматда туришади.

Ўтган ҳафтада Норпошша эна ўғлини уйлантирди. Тўй Норпошшаникида эмас, қўшнилариникида бўлди гўё. Ҳукумат идорасида 35 йил ишлаган Норпошша энанинг ҳамкасблари-ю шогирдлари, ошна, ёр-дўстларининг барчасини қўни-қўшнилари меҳмон қилишди. Бу ҳам бир ўзбекона мурувват, қадрият-да.

- Қўшниларим омон бўлишсин, -дейди қувониб Норпошшахон эна.

"Иш буюрар”, "куёв чақириқ”, "қуда чақириқ” каби маросимларни ўтказишда ҳам қўни-қўшнилари Норпошша энанинг жонига оро киришди. Бири патир ёпса, бири ширинликлар пишириб келишди-я, барака топкурлар. Тўйдан кейинги барча расм-русумлардан кўнгли тўлган Норпошша энага аввал собиқ ҳамкасблари:

- Келинпошшанинг қўлидан бии-ир чой ичсак, -дейишди.

Норпошша энага бу таклиф маъқул келиб, ўзи нафақага чиққунича бир оила аъзоларидай аҳил бўлиб ишлашган ҳамкасбларини тушликка чақирди.

- Қизим, - деди у янги келинни ёнига чорлаб, -келадиган меҳмонлар менинг туғишганларимдай азиз, катта уйга дастурхон ёзгин. Ҳам салқин, ҳам кенг уйда бемалол ўтиришади.

Келин жимгина ичкарига йўналди. Катта келин овқатга уннаб юборди. Қўшнилари Асалбиби, Жангилжон, Гулсара чечалар тезда патир ёпишга чоғландилар. Катта уйда дастурхон тузаётган янги келиннинг тундлигини кўрган Норпошша эна хавотир билан сўради:

- Ҳа, болам, бирон жойинг оғрияптими?

Келин индамади-ю, уй  эшигидан чиқаётиб ғудранди:

- Бу уй "столовой”ми ё "ресторан”ми, бутун овул йиғилиб келади бир гап бўлса.

Келиннинг не сабабдан тундлигини англаган Норпошша эна қатъий буюрди:

- Тўхта!

Келин тўхтаб, орқасига бурилди. У афтидан ғудраниб айтган гапларимни қайнонам эшитмади, деб ўйлаганди.

- Менинг уйим, - деди Норпошша эна, - нафақат яхшилар учун "столовой” ва "ресторан”, балки бозор ҳам. Яхшилик уруғи экилган жойга яхшилар келади. Сенга бу ёқмаса, эшигингни ҳозироқ ёп. Хонадонимга эгилиб, ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб келувчиларга эгилмайдиган келиннинг "столовой”имда ҳам, сен айтгандай "ресторан”имда ҳам хизмат қилиши шарт эмас!

Келин ўзини йўқотиб қўяёзди. Бу хонадонга тушганига эндигина бир ой тўлган янги келин учун қайнонасининг бу гаплари калтакдан ҳам баттар эди.

Меҳмонлар тарқагач, Норпошша эна янги келинига:

- Инсоннинг қандайлиги унинг сўз олишидан билинади, болам, - деди насиҳатомуз. – Сўзинг ҳам довруғинг, ҳам шаънинг. Бир оғизгина ёмон сўз сени ер билан битта қилади. Сен бояги сўзларинг билан менинг дилимга тош от-динг. Бундан кейин сўзингни англаб гапирмасанг, сени асло ке-чирмайман!

 

"Ўғлим ҳам менга тегишли”

Ойсултон бадавлат оиланинг қизи бўлганидан ота-онаси ҳадя қилган сеп-у сарпо-суруқлари қайнонаси жиҳозлаган уйга сиғмай қолди.

- Биттагина хона беришдими сизга? – киноя қилди тўйдан сўнг эрига.

- Нима бўпти, икковимиз яшашимиз учун ҳозирча шу хона етади, кенг-мўл, - деди эри самимият билан.

- Йўқ!-деди келин қатъий. – Бу хонага сиз сиққанингиз билан мен сиғмайман, ана у зални ҳам қўшиб беришсин!

Тўйдан сўнг ҳали бир ой ўтмасдан уй талашаётган келиннинг гапини бехос эшитиб қолган қайнона:

- Қизим, -деди насиҳат оҳангида, - уйимиз кенг, сиғмаётган бўлсанг, хоҳлаган хонангга чиқиб олавер. Бу уй сеники, буниси меники демагин, уят бўлади.

Келин жимгина ерга қаради. Қайнонаси чиқиб кетгач, эри ўтирган оромкурсини кўрсатиб:

- Туринг ўрнингиздан, - деди жаҳл билан, - шуям матоҳми, Манғитнинг усталари қўлидан чиққан ордона қолгур мебеллардан ўргилдим. Ота-онангиз қилган мана бу "қути”ларни ҳам чиқариб ташлаймиз.

Келин хона тўридаги бежиримгина сервантга ишора қилаётганини тушунган ўғил жаҳл билан ўрнидан туриб, чиқиб кетди. Келин эса билганидан қолмади. Қайниларини чақириб, хонадаги қайнона-қайнотаси яхши ният билан Манғитнинг номдор усталарига буюртма бериб ясаттирган сервант ва диван-креслоларни айвонга чиқартириб ташлади. Ўрнига ота-онаси томонидан сепига қўшилган ётоқхона мебелларини киритди. Кўрпа-кўрпачаларни ҳам танлай бошлади:

- Мана бу кўрпачалар ҳам парда ва гиламга "подцвет” эмас экан, олиб чиқараверинглар, мана бу гилам ҳам "мода”дан қолган, умуман, қайнонамга тегишли нарсаларнинг ҳеч қайсиси керак эмас, олаверинглар, - қўлини белига қўйиб қайниларига буйруқ берарди келин.

- Келинпошша, -деди уйини қайтадан безатаётгани устига кирган қайнона. – Менга тегишли ҳеч нарса қолмадими? Ўғлим ҳам менга тегишли, униям хонангдан чиқариб ташлагин-у бемалол яшайвер. Шуни унутмагинки, бутун дунёнинг ярмини олиб келиб қўйсанг ҳам кўнглингда мана бу остонага салгина меҳр, одамгарчилик бўлмаса, сенинг бизга керагинг йўқ.

- Ўғлим, сен эса ана у кўч-кўронинг билан бизнинг ёнимизга кўчиб ўтақолгин, то келинимиз ўзига келиб олсин, - деди қайнона қатъият билан.

Бойвачча келин зил кетди. Тилини тишлаб қолди.

 

Оиланинг ҳавосини ҳасад бузар

Ойсара эна икки ўғил уйлантирди. Ёлғиз қизини турмушга берди.

- Худога шукур, ўғил-қиздан тинчидим, – деди яқин дугонасига қувониб.

- Аллоҳ бахтини берсин, болаларнинг, - Ойсарага тилакдош бўлди дугонаси.

Улардан сал нарида, супа четида ўғлини эмизиб ўтирган келин ўзича ҳазил қилган бўлди:

- Аллоҳ бахтимизни беради, деб кутиб юраверарканмиз-да!

Ойсара эна келинининг бу гапидан ранжиди:

- Ҳаҳ, болам-а, имони соғ, меҳнаткаш одамнинг ризқини Аллоҳ зиёда қилади, - деди астойдил хафа бўлганини билдириб. – Pизқинг зиёда бўлгани – бахтинг-да, болам.

- Қўйсангиз-чи, эна, катта овсинимга янги иморат қуриб бердингиз, -деди келин сур-бетлик билан. – Қайнотамдан қолган машинани ҳам қайноғажон миниб юрибди. Молни сотиб, қизингизнинг сепини бутладингиз. Уларга худо бердими ё сизми?

Ойсара эна дугонаси олдида уятдан титраб кетди. Келинига бирон гап айтишга ҳам мадори келмай, ер чизди. Шунда дугонаси:

- Ҳай-ҳай келинпошша –деди овозини кўтариб. –Бу не, ўпкангми  ё ҳасадингми? Нима бўлганда ҳам жуда тилингга эрк бердинг-а! Бу ерда сўлжайиб ўтирганингдан, кампирларнинг гапини тинглаганингдан уял! Ундан кўра анов қайнотанг билан қайнонанг тузган қўра тўла мол-ҳолингга қара, товуғингга дон сол, томорқангни обод эт. Гап билан ғийбат ва ҳасад сени ҳеч кимга эл қилмайди. Ойсара барча фарзандлари учун қиладиганини қилиб, атаганини бериб бўлди. У ёғига ўзинг югур!

Келин ўйламай гапириб қўйганини англаб, икки кампир олдида бошини кўтаролмай қолди. Ойсара эна эса келинининг одобсизлигидан дугонаси олди-да ер билан битта бўлиб ўтирар, дилида бир ҳикмат чарх урарди: "Оиланинг ҳавосини ҳасад бузар”.

 

Сандиқни очган:

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.   

Янгиликни бўлишинг: