"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8039 +176.83
  • 1 EUR = 9347.75 +265.41
  • 1 RUB = 118.05 +5.41

ИҚPОP (Ҳикоя)

Дарс тугади. Лола синфдошларининг шошилиб, бири-биридан олдинга ўтишга интилиб ташқарига ошиқаётганларига қараб анча ўтириб қолди. Истар-истамас энг охирда синфдан чиқди. Чиқиб турли ёққа тўда-тўда бўлиб кетаётган болаларга ҳавас билан қаради. Ахир унинг ёлғиз ўзи келиб, ўзи кетади, ҳамроҳсиз. Боиси унинг уйи атрофида у тенги ўқувчилар йўқ.

Лола оёғини судраб босгудай бўлиб уйига яқинлашар экан, ҳозир борганида қандай манзарага дуч келишини хаёлан кўз ўнгига келтирди. Албатта кўча эшик берк. Калитини қўшнидан олиши керак. Кейин... кейин... ҳувуллаб ётган уйда ота-онасининг ишдан қайтишини кутади. Ҳа, айтганча, эшикдан кириши билан онаси қўнғироқ қилади-да, тайинлайди: овқатинг стол устида, термосда чой бор, тўйиб олиб, уйга вази-фаларингни тайёрлаб ўтир, токка тегма, ўзинг яхши қизсан-ку.

Лола учун кун ҳар доимгидан ҳам зерикарлидай туюлди. Стол устидан уч-тўрт печенье олди-да овқатидан татиб ҳам кўрмай, дераза олдида ўтириб ўтган-кетганларни томоша қила бошлади.

... Кўчиб келганларига уч ойдан ошган бўлса ҳам Лола бу ерда ҳеч ким билан дўст тутинолмади. Асли отаси, энаси олдида, катта ҳовлида яшаганлари мазза эди. Лола тиним билмас, уй йиғиштириш, товуқларга дон-сув бериш, ҳатто томорқа ишларига ҳам кўмаклашар, энасининг ёнида бири-биридан қизиқ эртаклари, ҳикояларини тинглаб юриб вақтнинг қандай ўтганини билмай қоларди. Эрталаб уйғонганида албатта дастурхонда унга аталган бир коса сут турарди.

- Кел, қизим, сутингни ичиб ол, - дерди елкасидан қоқиб энаси меҳрибонлик билан. – Сен тургунингча мен челакни олиб сигирнинг ёнига бордим. Менинг Лола қизимга ҳам сутингдан бер, дедим. Кейин сигир сенга шу сутни берди. Қани ичиб қўй, оппоғим.

Лоланинг симириб сут ичишига энаси завқланиб қараб туради. Буни сезиб у коса яримлаганида атай оғзидан олади. Шунда энаси хушомадга ўтади:

- Қани, қани, ҳаммасини... қолдирмасдан... Кўп сут ичсанг, сигирнинг бузоғига ўхшаб тез улғайиб кетасан.

Энасининг элкасига қоқиб эркалашларидан эриб кетган қиз косани бўшатиб қўйганини сезмай қоларди. Қўшни қизлар билан ўйнаган дамларида эса энаси уни чақириб  ажратиб ололмай овора бўларди. Ахир ўйинлари жуда завқли бўлар, Лола узилиб кетгиси келмай қоларди-да. Кейин қизлар унинг энасидан эшитган эртакларини айтишини ҳам жуда хоҳлашарди. Лолага айниқса "қовун пишди” ўйини жуда ёқарди. Ҳар куни қайта-қайта ўйнашса ҳам, ҳеч зерикмасди. Уч-тўрт қиз деҳқон бўлиб қовун экишади. Кейин ўт-ўланлардан юлиб, "полиз”га қовун палагини ясашарди, тупроқдан эса қовун.

Ўйиннинг энг завқли жойи қовун пишиғида полизга ўғрилар киргани-ю, деҳқон қизларнинг уларни пойлаб туриб ушлашлари бўларди. Қизлар орасида ёши каттаси Жамила эса ўғриларнинг қўлини боғлаб қўяр, улар кечиринглар, бошқа ўғирлик қилмаймиз, деб роса ялинишгач, қўлларидаги рўмолларини ечарди. "Авф” этилган қизлар севинганидан қўшиқ айтиб, рақсга тушишарди...

Лола дераза олдида ўтиришдан ҳам, катта ҳовлисидаги ҳаёти ҳақида хаёл суришдан ҳам зерикди.Ўз хонасига кириб дарс тайёрлаш учун папкасидан дарсликларини ҳафсаласизлик билан олиб, стол устига қўйди. Ахир ўқитувчи бўлиб ишлайдиган дадаси, онаси келиши билан дарс тайёрлагани-тайёрламаганини сўрашади. Худди ўқувчиси билан гаплашаётгандай кўп ўқиши лозимлигини айтади, ўтилган дарсларини ҳар куни такрорлашни буюради. Шунда ёдидан чиқмас экан. Негадир дадаси, онаси уйларида ҳам кўпроқ ишларига доир гапларни гаплашишади. Лола эса бундан зерикади, энасининг иссиқ бағрини соғинади. Отасининг, энасининг мароқли гурунгларини, эртакларини қўмсайверади.

Уй ичи илиқ бўлса-да қизалоқ худди ёқимсиз кузак ҳавосида ташқарида юргандай эти жунжикди.

Боз устига осмонни қалин булут қоплагани унинг бадтар руҳини карахт қилиб қўйди. Эринибгина китобига бошини қўйди ва кўзларини юмди. Тезроқ ота-онаси ишдан қайтишсайди. Эҳ...

Шунда... шунда худди унинг кўнглидан кечирганларини  сезгандай эшик қулфи очилгани эшитилди ва дадаси, онаси кириб келди. Онаси Лола кўринмаганига ҳайрон бўлиб, икки-уч марта исмини айтиб чақирди. Лола уйқусираётган бўлса-да ҳаммасини аниқ-равшан ҳис қилиб турар, негадир "ҳа” деб овоз бергиси, ҳолатидан чиққиси келмасди. Онаси яна Лола деганича унинг хонасига кирди. Столга бошини қўйганича "ухлаб” қолган қизини кўриб, дадасига "буёққа қаранг”, деди. Иккови ҳам аввал Лолага, кейин бир-бирига қарашди.

- Бир ўзи зериккан, бундай пайтда ҳеч ухламасди, - деди онаси ва уйғотиб юбормаслик учун секингина авайлаб уни қўлига олди. Лола шунда онасининг бағри худди энасиники каби иссиқ ва жуда-жуда оромбахш эканини ҳис қилди. Кўзлари юмуқ бўлса-да унинг дадасига Лоланинг каравотини тўғрилашини  имлаб сўраганини англади. Дадаси қаватини очган кўрпага онаси уни оҳистагина ётқизди. Шугина бағрига босиб турган оний лаҳзаларда Лола онасининг ўзига бўлган чексиз меҳрини ҳис қилди. Энам билан катта ҳовлида яшайлик, дея хархаша қилганлари жуда ўринсиз эканини англади.

Онаси унинг устига кўрпасини секингина ёпиб, орқаларини қимтиб қўйди. Қизиқ, Лола ҳар тонг уйғонганида кўрпа устида шундай ёпилиб турганини кўрар, лекин буни онасининг иши эканини билмас, ўзи шундайдир, дея ўйларди. Демак, ҳар куни у ухлаганида онаси уни шундай ўраб қўяркан-да. Эҳ... онаси ҳам уни бувиси каби жуда яхши кўраркан-да. У бўлса...

Қизалоқни меҳр элитдими, ширин хаёллар оғушида ҳақиқатан ҳам уйқуга кетганини сезмай қолди.

 

Ойгул PАЖАБОВА.
Янгиликни бўлишинг: