"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9395.63 +10.43
  • 1 EUR = 10360.6 +63.20
  • 1 RUB = 142.96 +1.39

ИЛМ-У МАЪPИФАТГА БАХШИДА УМP

Дўрманликларнинг катта-ю кичиги халқ таълими фахрийси, умрини эл болаларини ҳам ўз фарзандларидай илмли, одобли, баркамол бўлиб вояга етказиш учун бахшида қилган Озод ака Отажоновни ўзларига устоз деб билишади. Боиси, у 41 йил мобайнида шу эл болаларига таълим-тарбия берган бўлса, овулида оилаларнинг тинч-тотув яшаши, ўзаро оғзибирчилик ва ҳамжиҳатлик мустаҳкам бўлиши учун ҳам ҳаракат қилди. Хонадони эшиги ҳол-аҳвол сўрашгани, бирон муаммосини ҳал қилишга йўл-йўриқ сўраб келган одамлар учун доимо очиқ туради. Устоз ҳеч кимдан вақтини ҳам, маслаҳатини ҳам аямайди.

Озод Отажонов Бухоро Давлат педагогика олийгоҳининг биология факультетини тугатиб қишлоғига қайтгач, иш фаолиятини дастлаб 20-мактабда болаларга дарс беришдан бошлади. У пайтларда болалар ўқиш-ўрганишдан кўра, кўпроқ пахтани парваришлашдан тортиб, йиғиштириб олишгача бўлган ишларда банд бўлар, ёш ўқитувчи имкон топиб болаларга илм-у маърифат улашишга интиларди. Шунинг учун ҳам 1978 йилдан бошлаб мактаб илмий бўлим мудири бўлди. 1993 йилдан 2008 йилгача 70-сонли умумтаълим мактабига директорлик қилди. Ёш болалар қалбида илм-маърифатга қизиқиш уйғотишда ва ўқитувчилар жамоасига раҳбарлик қилишда ўзига хос мактаб яратди.

Озод Отажонов халқимизнинг ўзлигини англашга, тарихини ўрганишга интилиши қаттиқ қатағон этилган ўтган асрнинг саксонинчи йилларида сафдош дўсти, жонкуяр ўқитувчи Кенжа ака Жуманиёзов (жойи жаннатда бўлсин!) билан Дўрманнинггина эмас, балки бутун Қиличбой элининг, туманимизнинг тарихига оид кўпгина маълумотлар тўплашга эришди. Иккинчи жаҳон урушида шаҳид бўлган, бедарак кетган қиличбойлик юз нафарга яқин юртдошларимизнинг исм-фамилияларини аниқлаб, "Хотира китоби”га киритилишига эришди. Энг диққатга сазовор жойи – устоз бу маълумотларнинг ҳаммасини ҳозир ҳам ёдида сақлаб қола олган ва бемалол айтиб бера олади.

- Оёғимиз остидаги тилсиз замин не-не талотўпларни кўрмаган, неча-неча бугунгидай фаровон ҳаётни орзу қилиб курашган аждодларимизни бағрига олмаган дейсиз? Қиличбой тарихи билан қизиқиб, изланиб, ўтмишимизнинг бирор саҳифасини бўлса-да ёритишга, буларни бошқаларга ҳам ўргатишга интилдим. Ҳозир ҳам қизиқувчиларга жоним билан буларни ўргатаман, - дейди Озод Отажонов.

Устоз билан бир бор суҳбатлашган одам шуури ойдинлашгандай бўлади, тирикликдек бебаҳо неъматнинг қадрини теранроқ англайди.

Ўқитувчилик касби заррача қадрланмаган даврларда ҳам ана шундай фидойилик билан 41 йил ишлаган Озод Отажонов 2008 йилдан бери нафақада. Давлатбика Турсунова билан аҳил яшаб, камолга етказган 4 қиз, икки ўғилнинг ардоғида кексалик гаштини суриб яшаяпти. Қизларининг ҳаммаси уйли-жойли бўлиб, ўсиб-униб, ўзлиридан тинчиб кетишди. Ўғиллари Ҳамидулло, Хайрулло, иккала келин ҳам ота касбини давом эттиришаяпти.

Уларнинг оила қурганига бу йил кузда 40 йил тўлди. 40 йил сен-менга бормай, аҳил-иноқ яшаб, фарзандларини ҳам одобли, илмли, ҳалол ва эл корига ярайдиган инсонлар қилиб вояга етказишди. Шунинг учун ҳам уларнинг оиласи жорий йилда "Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси ОФЙ, МФЙлар билан ҳамкорликда ўтказган "Энг ибратли оила” кўрик-танловининг овул босқичи ғолиби, деб эътироф этилиб, туман миқёсидаги босқичда иштирок этишди.

- Опангиз иккимиз ҳам кексаликка кирдик, деб қараб ўтирмаймиз, доимо эл билан биргамиз, бўш вақтларимизда невараларимизни ёнимизга олиб, томорқа ишларига, мол-товуққа қараймиз, - дейди Озод ака кулиб.

Шунинг учун ҳам уларнинг ҳовлиси атрофи ям-яшил дарахтлар, гуллар билан жуда тароватли. 18 нафар невара, бир чевара қувончини кўрган устоз эса барибир тиним билмайди, ғайратли, кўнглида эртанги кун режалари. Буларнинг барида кишини эзгуликка, интилишга чорлагувчи ажиб бир ҳикмат мужассам. Бу ҳикматдан кўпчилик ўрнак олса арзигулик.

 

Ойгул PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: