"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9547.05 -3.76
  • 1 EUR = 10585.8 -35.50
  • 1 RUB = 155.06 -1.59

ЭКОЛОГИК НАЗОPАТ КУЧАЙТИPИЛМОҚДА

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда экологик вазиятни янада соғломлаштириш, халқимиз орасида экологик онг ва маданиятни шакллантириш, жамиятимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш мақсадларини ифода этувчи қатор Қонунлар ва қонуности ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилаётгани боис, атрофимиздаги яшил олам – биологик ресурсларга бўлган одамларнинг муносабати кескин ўзгарди. Айниқса, "Экологик назорат тўғрисида”ги Ўзбекистон Pеспубликаси Қонуни ҳамда Ўзбекистон Pеспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг "2013-2017 йилларда Ўзбекистон Pеспубликасида атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ҳаракатлар дастури тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни ғоят муҳимдир.

Хўш, туманимиздаги "Ўрта қалъа”, "Тошёп” ҳамда Амир Темур номли овул фуқаролар йиғинлари ҳузуридаги "Экология ва табиатни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича комиссия”лари бу борада қандай иш олиб боришмоқда? Мазкур овулларда атроф-муҳит муҳофазаси билан боғлиқ муаммолар ўз вақтида ечимини топмоқдами?

Ушбу саволларимизга мазкур ОФЙларнинг раислари жавоб беришади.

Исмоил Тўраев, "Ўрта қалъа” ОФЙ раиси:

- Овулимиз ҳудуди анчагина катта. 12 та аҳоли масканида 1750 та хонадон бўлиб, уларда 10 минг нафардан зиёд бир неча миллат вакиллари тотувликда яшашади. Мустақиллик йилларида овулимиз қиёфаси тубдан ўзгарди, оилаларнинг иқтисодий ҳаёти яхшиланди. Барча хонадонлар ўз томорқа ерига, чорвасига эга. Овулимизда боғдорчилик, паррандачилик, кичик иссиқхона хўжалигини юритиш бўйича ўзига хос тажриба мактаби мавжуд. Аҳоли бир-биридан ўрганиб ва бир-бирига ўргатиб яшашга одатланишган. Кўчат экиш мавсуми овулимизда байрамдай ўтказилади. Умумхалқ ҳашарларидаги халқимизнинг жипслигини кўрсангиз, тўғриси, ҳавасингиз келади. Бу йилги баҳорда ҳудудимизда жуда кенг миқёсда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди. Яъни, 50 минг тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчатлари, гул кўчатлари ўтқаздик. 160 километрузунликдаги сув йўллари ҳашар йўли билан тозаланди.

Ҳудудимизда экологик вазиятни соғломлаштириш бўйича махсус комиссия доимий иш олиб бораётгани боис, аҳоли ўртасида экологик маданиятни шакллантириш, атроф-муҳитни тоза сақлаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш бўйича муаммолар ўз вақтида ечимини топмоқда. Хусусан, аҳолининг ёқилғи, электр ва иссиқлик энергияси, оқар сув заҳираларидан унумли фойдаланишини таъминлаш мақсадида мавжуд сув йўлларининг муҳофаза ҳудудларидаги табиий ўсувчи дов-дарахтларни ноқонуний кесиш, сув манбаларининг қирғоқларини ўпириш ҳолатларига кескин чек қўйилди. Овул ҳудудида 8 та жойда қаттиқ чиқиндилар тўпланадиган иншоотлар барпо этилди.

Эндиликда овулимиз аҳолиси ўзлари яшаб турган ҳудуднинг ободончилиги – фаровон ва соғлом турмуш тарзи сари элтувчи йўл эканлигини жуда яхши билишади.

Аҳмаджон Ўрозбоев, "Тош ёп” ОФЙ раиси:

- Овулимиз ҳудуди 19,1 квадрат километр бўлиб, мустақиллик йилларида унинг ҳар бир қарич ери обод гўшага айлантирилди. "Обод маҳалла”, "Бирлашган”, "Озодлик” номларини олган аҳоли масканларида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга хизмат қилувчи барча манбалар мавжуд. Хусусан, ҳудуддаги мактаблар базасида ташкил этилган спорт-соғломлаштириш иншоотлари, аҳоли дам олиш ва маданият маркази, савдо ҳамда маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, фельдшер-акушерлик пунктлари аҳоли хизматида. Аҳолига 108 гектар ер майдони томорқа хўжалиги юритиш учун ажратиб берилган. Бу эса овул аҳлининг моддий таъминотини яхшилаш имконини бермоқда. Буни 53 та хонадон ўз енгил автомашинасига, 1 хонадон юк машинасига, 11 та хонадон эса ўз хусусий тракторига эга эканлигида яққол кўриш мумкин.

Аҳолининг турмуш даражаси юксалган сари янада чиройли ва фаровон яшашга интилаётгани янада қувонарли. Буни йиғин ҳузуридаги "Экология ва табиатни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича комиссия”нинг фаолиятида ҳам сезиш мумкин. Чунки, йил сайин овул кўчалари ям-яшил дарахтларга, гулларга бурканиб бормоқда. Хонадонлар атрофи, овул кўчалари шинам ва озода. Ҳудудимиздаги оқар сув манбаларида сув исрофгарчилигига умуман йўл қўйилмайди. Экологик масалалар бўйича ишчи комиссиянинг ҳар ойда тизимли равишда ўтказиладиган назорат-таҳлил йиғилишларида аҳоли вакиллари фаол иштирок этишади. Бу эса ҳудудда биологик ресурслардан оқилона фойдаланиш борасидаги тарғибот ва ташвиқот ишларимизни янада жонлантириш имконини бермоқда.

Ойбек Юсупов, Амир Темур номли овул фуқаролар йиғини раиси:

- Жамиятимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш – энг аввало аҳолининг биологик ресурсларга қай даражада муносабатда бўлишига кўп жиҳатдан боғлиқ. Чунки, бизни ўраб турган яшил оламсиз биз ҳеч ким эмасмиз. Шунинг учун табиат – онамиз, табиат – соғлигимиз, узоқ умр кўришимиз учун мустаҳкам яшил қалқон, дея таърифлаймиз. Йиғин ҳузуридаги экологик масалалар бўйича шуғулланувчи ишчи комиссиянинг ҳар бир йиғилишида наинки атроф-муҳит муҳофазаси, балки, биз учун битмас-туганмас ҳаёт манбаи бўлган она табиятни кўз қорачиғидек асраш масаласига алоҳида эътибор берамиз. Комиссиянинг иш режасига киритилган барча тадбирлар йил давомида йиғин фаоллари иштирокида амалга оширилади. Ҳар ойда ва йил давомида бажарилиши лозим бўлган ишларимизнинг барчаси бевосита маҳалла аҳлининг ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ. Учта аҳоли масканидаги 547 та хонадонга бирлашган 798 та оилада 3450 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади.

Аҳоли тасарруфидаги 121 гектарни ташкил этувчи томорқа ерлари ҳақиқий зироат фабрикасига айланган, десам хато қилмайман. Сабаби оддий ошкўклардан тортиб, Голландия гулкарами, ёнғоқ, бодом, хурмо-ю хандон писта, олма ва узумнинг энг ноёб навларигача экиб, ҳосил ундириб, моддий манфаатдорлиги ошиб бораётган овул аҳли биологик ресурслар ижтимоий ва иқтисодий барқарорликнинг кафолати эканлигини жуда яхши билишади.

Шу боис, овулимизда табиат бойликларига эҳтиёткорона муносабатда бўлиш муҳим ҳаётий қоидалардан бири саналади. Бугунги кунда овул аҳли томорқа – мўл-кўл даромад манбаи, оқар сув манбалари – барқарор ҳаёт ва тараққиёт омили, жамики яшил бойликлар – инсон саломатлиги учун метин қалқон эканлигини юрак-юрагидан ҳис этиб яшашади. Бинобарин, атроф-муҳит муҳофазаси энг олий қадрият сифатида халқимизнинг муҳим ҳаётий қоидаларидан бирига айланган. Бу қоидага амал қилиб яшаш эса ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир.

Суҳбатни журналист Pобия ЙЎЛДОШЕВА ёзиб олди.

(Фото - http://news.uzreport.uz)

Янгиликни бўлишинг: