"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9526.28 -2.49
  • 1 EUR = 10329.3 +9.70
  • 1 RUB = 148.82 -2.07

АҲДИ ҚАТЪИЙ УСТОЗ

Ўқитувчи бўлишни, устози каби синфхонада тизилишиб ўтирган қоракўзларни илм дунёси сари етаклаб, уларнинг севимли инсонига айланишни истамаган бола бормикан? Шу мўътабар зотларга ҳавас қилиб тенгқурлари билан "мактаб, мактаб” ўйнамаган-чи?

Умрнинг беғам, шодликларга тўла энг масъум давридаги бунингдек илк орзу-ҳаваслар кейинчалик баъзиларнинг ҳаёти мазмунига айланиб ҳам қолади.

Ҳулкар Қурбонбоева дастлаб ўзи таълим олган 38-умумтаълим мактабидаги бошланғич синф ўқитувчиси Сафарбой Қурбонбоев, она тили ва адабиёт ўқитувчиси Гулжон опа Давлатбоева, Соатбой ака Бегимовларга ҳавас қилиб, ўқитувчи бўлишни орзу қилган эди. Олий маълумотли стоматолог шифокор, адабиётни севадиган, ўзбек мумтоз адабиёти намуналарини севиб мутолаа қилиб, ўзи ҳам шеърлар ижод қиладиган, шеърият мухлисларига яхши таниш отаси Жабборберган Қурбонбоев, онаси Қурбонбика опалар ҳам унинг бу қизиқишини рағбатлантирибгина қолмай, дарс машғулотларини яхши ўзлаштиришига имконият яратиб берди, бадиий китоблар олиб бериб, маънавиятли бўлиб вояга етишига ҳаракат қилди. Оилада 7 нафар фарзанднинг ҳам илмли, одоб-икромли бўлиб улғайишига интилган ота-онанинг меҳнатлари зоя кетмади, уч нафари ўқитувчи, бошқалари шифокор, турли касб эгалари бўлиб етишишди. Ҳулкар эса умумтаълим мактабини тугатгач, Самарқанд Давлат Олийгоҳининг ўзбек тили ва адабиёти факультетига ҳужжат топшириб, синовлардан муваффақиятли ўтиб, талаба бўлишга эришди.

Унинг талабалик даври мамлакатимиз мустақиллигининг илк даврлари – 1992-1997 йилларга, собиқ иттифоқ тизимида фақат хомашё базаси бўлиб келган юртимизда ишлаб чиқариш издан чиқиб, иқтисодий тақчилликлар ҳукм сурган, ёш давлатимизнинг энди оёққа тура бошлаган даврларига тўғри келди.

- Баъзан дўконга бориб, нон етишмай қолган, баъзан нонга ҳам пулимиз қолмаган кунларимиз ҳам бўлган, - дея эслайди талабалик даврини Ҳулкар Қурбонбоева.

Ўша вақтларда ҳам талабанинг ўқишга иштиёқи сусаймади, стипендия пулидан, ота-онаси жўнатган пулдан маълум қисмига дарсликдан ташқари китоблар сотиб олишга, билим доирасини кенгайтиришга сарфлади. Олийгоҳни муваффақиятли битириб келиб, 1997 йилдан 16-сонли умумтаълим мактабида ўз фанидан дарс бера бошлади.

Ҳулкар ўзининг ўқитувчилик фаолияти давомида бошқаларга ўрнак бўларлик ютуқларга эришди. 2005 йилдан бери ўқувчилари муттасил билимлар беллашуви ва фанлар олимпиадасида, турли кўрик-танловларда қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллаб келишмоқда. Аввалги йили икки ўқувчиси фанлар олимпиадасининг мамлакат босқичига чиқишган бўлса, ўтган ўқув йилида ҳам Қорақалпоғистонда иккинчи, учинчи ўринларни эгаллашди. Яна бир ўқувчиси Қундузой Юсупова  "Камалак” юлдузлари болалар ижодиёти фестивалида мамлакат босқичида дастлаб иштирокчи, кейинчалик ғолиб бўлишга эришди.

- Ўқувчининг муваффақияти ўқитувчидан ташқари ота-онаси, оиласига ҳам кўп жиҳатдан боғлиқ, - дейди Ҳулкар шогирдларининг ютуқлари ҳақида гапирганида камтарлик билан. – Боланинг қизиқишини, илмга интилишини ота-она ҳам қадрламаса, қўллаб-қувватламаса, яхши натижага эришиш қийин. Аввало боланинг иқтидорини тўғри англай олиш, интилишларини рағбатлантириб, бу йўлда кўмакчи бўлиш – ўқитувчи меҳнати самарали бўлишини таъминлайди. Мен доим шунга интиламан.

Ҳулкарнинг эзгу ниятлар билан қилган меҳнати уни ҳамкасблари орасида обрў-эътиборли қилди. Меҳнатлари муносиб баҳоланиб, жорий йилда "Қорақалпоғистон халқ таълими аълочиси” бўлди. Бу ишонч, рағбат иқтидорли ўқитувчини яна ҳам эзгу ишларга чорлайверади.

 

 

Ойгул PАЖАБОВА.

Суратда: Ҳулкар Қурбонбоева дарс пайтида.

М.ШОМУPОДОВ сурати.  

Янгиликни бўлишинг: