"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9061 +179.00
  • 1 EUR = 10092.1 +163.70
  • 1 RUB = 138.47 +1.62

МЕҲНАТ ЗАФАPИ – ҲАМЖИҲАТЛИГИМИЗ НАТИЖАСИ

Ҳар йили ҳалол меҳнати, пешона тери эвазига етиштирилган пахта ҳосилини ҳамжиҳатликда йиғиб-териб олиб, давлат шартномасини мамлакатимизда биринчилар қатори бажаришга одатланган туманимиз пахтакорлари бу йил ҳам анъанага содиқ ҳолда 26 сентябрь куни, 16 иш кунида давлатга пахта сотиш бўйича шартномавий режани мамлакатимизда биринчи бўлиб ортиғи билан бажардилар. Шу кунгача уйилган ялпи хирмон 32 840 тоннадан, пахтадан олинган даромад 40 миллиард сўмдан ошиб кетди.

Туман пахтакорларининг бу меҳнат зафари муҳтарам Юртбошимиз раҳбарлигида аграр соҳани ислоҳ қилиш, фермерлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган кенг кўламли ишларнинг натижасидир. Қолаверса, бугунги хирмон мавсум давомида фидойи меҳнат қилган, шўр ювиш, ер ҳайдаш, тупроқ ва иқлим шароитига мос сифатли уруғлик танлаш, ғўза ниҳолларини парваришлаш, озиқлантириш, қатор ораларига ишлов бериш, касалликлар ва ҳашаротларга қарши курашиш каби муҳим ташкилий ва агротехник тадбирларни ўз вақтида, сифатли бажарган, ернинг тилини тушунадиган миришкор деҳқонларимизнинг жасоратли меҳнати маҳсулидир.

Фермер хўжаликларига хизмат кўрсатувчи барча инфратузилмалар – муқобил машина-трактор парклари, ёнилғи мойлаш материаллари ва минерал ўғитлар билан таъминлаш шохобчалари, сув истеъмолчилари уюшмалари, биолабораториялар ҳамда тижорат банклари ҳам мўл ҳосил тўпланишига муносиб ҳисса қўшдилар.

Етиштирилган ҳосилни кузнинг илиқ кунларида йиғиб-териб олиш ишларининг уюшқоқлик билан ташкил қилингани эса меҳнат зафарига эришишнинг ҳал қилувчи омили бўлди. Бу борада 260 та терим отрядларидаги фермер хўжаликларининг 10 минг 900 нафардан ортиқ пудратчилари ва ишчиларига овул ва маҳаллаларнинг 13 минг нафардан ортиқ уюшмаган аҳолиси, муассаса, корхона ва ташкилотларнинг 4 минг нафардан ортиқ ишчи-хизматчилари, Нукус давлат педагогика институтининг 4 минг 200 нафар талабалари яқиндан ёрдам бердилар. Бундай ҳамжиҳатликдаги меҳнат пахта ҳосилининг тўлиқ юқори навларга топширилиб, фермер хўжаликлари даромадининг ошишига замин яратди. Ҳашарчиларга дала бошида иссиқ овқатлар ташкил қилиниб, барча зарур шароитлар яратиб берилди ва жами 8,5 млрд. сўмдан ортиқ маблағ терим пули сифатида тарқатилди.

Бундай сарбаланд "оқ олтин” хирмонига ҳар бири гектаридан 30-35 центнердан ҳосил олган, "Pажабов Омонбой”, "Искандаров Фарҳод”, "Аму соҳили”, "Юлдашев Анвар”, "Якубова Гавҳар”, "Аширбоев Аминбой”, "Турсунбоева Умида”, "Амирхон” фермер хўжаликлари ўзларининг муносиб ҳиссаларни қўшдилар. Фермер хўжаликларига хизмат кўрсатувчи Қипчоқ, Манғит, Тош ёп, Намуна, Қиличбой каби муқобил машина-трактор парклари меҳнат жамоалари мавсум давомида бошқаларга ўрнак бўлдилар.

Туманимиз пахтакорлари мўл ҳосилнинг бир мисқолини ҳам далада қолдирмай, йиғиб-териб олиб, шартномавий режадан ташқари яна 10 минг тонна пахта топшириб, ялпи хирмонимизни 42 минг 840 тоннага, ҳосилдорликни гектаридан салкам 27 центнерга етказиш йўлида уюшқоқлик билан меҳнат қилмоқдалар.

Фурсатдан фойдаланиб, эл-юрт дастурхонига барака киритишни ўзларининг олий мақсади деб билган фермерларни, бу йилги мўл ҳосилни етиштиришга ҳисса қўшган ишчи-хизматчилар ва соҳа мутахассисларини, қийин-қистовли дамларда деҳқонларга ёрдамга келган ҳашарчиларни, бутун туманимиз аҳлини Ўзбекистонда биринчи бўлиб эришилган меҳнат зафари билан чин қалбимиздан табриклаймиз. Ҳалол меҳнатингизнинг роҳатини кўринг, азиз пахтакорлар!

Анвар ЙЎЛДОШЕВ,

туман Қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи.

Янгиликни бўлишинг: