"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8374.1 -18.96
  • 1 EUR = 9410.81 -136.15
  • 1 RUB = 126.18 -1.32

МЕҲP - ОҚИБАТ ВА ЭЗГУЛИК БАЙPАМИ

 Баҳор – уйғониш фасли. Унинг ҳикматларга, хосиятларга тўла ҳар бир куни қадрли. Айниқса, деҳқон учун!

Ота-боболаримиз тупроқ тафти қизиб, табиатда жонланиш бошланаётган кун – Наврўзи оламни куч ва ғайрат, яратиш ва яшнатиш тимсоли сифатида қадрлаганлар. Баҳорги тенг кунлик – тун билан куннинг тенглашуви, табиатдаги яшилланиш жараёнининг бошланиши, инсон руҳиятидаги ўзгариш – меҳнатга иштиёқ туйғуси билан уйғунллашиб, эзгу амалларга киришилган. Ерга уруғ қадалиб, янги ҳосил йили – Янги кун бошланган.

Туманимизда Наврўз байрами тантаналари жуда эрта, март ойининг бошиданоқ сумалак сайиллари билан бошланиб кетади. Назархон овули кенгликларидан тортиб Хитой, Қиличбой, Жумуртов ва "Чорбоғ” овулларигача ҳар бир маҳаллада деярли ҳар куни Наврўзга аталган сумалаклар пишади, элимизнинг катхудо оналари яхши ниятлар билан хонадонларга сумалаклар улашадилар. Бу удумда ҳикмат кўп: оилаларимиз тотув, ширин ҳаёт кечирсин, элдан бирдамликк, оғизбирчилик кўтарилмасин, фарзандларимизнинг илиги тўқ, куч-қудратли, илмли бўлсин, деган ниятлар  бор унда.

Ўтган асрнинг 1985-87 йилларида халқимиздан бу  гўзал удумни тортиб олмоқчи, унинг хотирасидан ўчириб ташламоқчи бўлишди. Эсимда, компартиянинг бир тўда малайлари Наврўзни диний байрам деб эълон қилиб, ўрнига "Навбаҳор” байрамини тиқиштиришди. Ўша пайтлари раҳбарлар қўлига ҳар куни бир бўйруқ келиб тегарди: "Наврўз – халқимизга ёт, диний байрам, апрель ойининг фалон санасида "Навбаҳор” байрамини уюшқоқлик билан ўтказиш” топшириларди.

Аммо Наврўзга ўз халқи учун фидойи олимларимиз ҳеч қандай диний тус беришнинг ҳожати йўқлигини, бу байрам Шарқ халқларининг қадимий, асрлар давомида шаклланган гўзал удуми – меҳнаткашлик, меҳр-оқибат, инсонпарварлик тамойиллари акс этган буюк маънавий қадрияти эканлигини исботладилар. Ҳаётимизга зўрма-зўраки тиқиштирилган "Навбаҳор” байрамини туғилмасиданоқ халқ унутди. Ўша советлар компартияси ҳукмронлик қилган 1985-87 йилларда ҳам халқимиз орасида 2-3 хонадон бирлашиб сумалак сайиллари ўтказилиб турди. Ва халқ ўзлигини, ўз Наврўзини унутмади.

Мустақиллик йилларида Наврўз шодиёналари тамоман янгича тус олди. Юртбошимиз айтганларидай "юксак маънавият – енгилмас куч” эканлиги ўз тарихий исботини топди. Неча минг йиллик бу буюк маънавий қадрият – Наврўз мустақил Ватанимизнинг энг тождор байрамларидан бирига айланди. Наврўз анъаналари, удумлари янги давр, янгиланган тузум – истиқлол шарофати ила халқимизнинг қон-қонига сингиб кетди ва куч-қудрат, гўзаллик, нафосат, меҳр-оқибат, эзгулик ва бирдамлик тимсолига айланди.

Наврўз айёми барчага қутлуғ бўлсин!

ЎринбойБердибоев,

нафақадаги шифокор.

Янгиликни бўлишинг: