"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9526.28 -2.49
  • 1 EUR = 10329.3 +9.70
  • 1 RUB = 148.82 -2.07

ТАЪЛИМ-ТАPБИЯДА ИККИНЧИ ДАPАЖАЛИ ВАЗИФА ЙЎҚ

Бизнинг "Баркамол авлод” болалар марказимиз мактабдан ташқари таълим муассасаси бўлиб, ўқувчиларга қўшимча таълим бериш, уларнинг мактабдан ташқари бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, улар онгида миллий ва умумбашарий қадриятларга асосланган юксак маънавий-ахлоқий фазилатларни тарбиялаш, ўз Ватани ва халқига садоқат, атроф- муҳитга онгли муносабатда бўлиш туйғусини ривожлантириш, аждодларимизнинг бой тарихи, маданий мерослари ва миллий қадриятларини ёш авлодга етказиш, шунингдек ўқувчиларда бошланғич касб-ҳунар ва меҳнат кўникмаларини ҳосил қилиш мақсадида фаолият олиб бормоқда.

Марказимизда техник ижодкорлик, бадиий ижодиёт ҳамда ўлкашунослик ва экология йўналишларида тўгараклар ташкил этилган.

Якунланган ўқув йилида марказимизда 42 та тўгаракда 954 нафар ўқувчилар қатнашиб, турли касблар бўйича бошланғич таълим олдилар. Айниқса Гуласал Олломбергенова раҳбарлигидаги тўқиш тўгараги, Шаҳло Эшимбетова раҳбарлигидаги "Бошланғич техник моделлаштириш”, Нилуфар Авезова ва Замира Отабоева раҳбарлигидаги "Ёш эколог”, Зулфия Оллаёрова раҳбарлигидаги "Ёш журналист ва нотиқ” тўгараклари самарали фаолият олиб борди. Услубчи Шокир Худойбергенов раҳбарлигидаги  "Шўх болалар” жамоаси, Манзура Аширбоева раҳбарлигидаги "Аму” гуруҳи туманимиздаги маданий-маърифий тадбирларда фаол қатнашиб келаётганлигидан  фахрланамиз.

Ўқувчиларимизнинг тўгараклар фаолиятига қизиқишларини ошириш ва кенгроқ жалб қилиш мақсадида турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Ватанимиз Мустақиллигининг 24 йиллиги муносабати билан "Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним - Ўзбекистоним!” шиори остида туман "Маҳалла” хайрия жамоат фонди, "Олмазор” маҳалла фуқаролар йиғини билан ҳамкорликда "Уч авлод учрашуви”, "Хотира уйғонса гўзалдир”, "Фахрийларимиз-фахримиз” мавзусидаги тадбирларда Манғит шаҳри маҳаллаларида  яшовчи меҳнат фахрийлари, ёшлар вакиллари иштирок этишди ва марказимиз фаолияти билан яқиндан танишишди.

Ёзги таътил кунларида ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида ҳар ҳафтанинг шанба куни тўгараклар аъзолари томонидан кўргазма ва концерт дастурлари ташкил этилди.  "Биз бахтли болалармиз”, "Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур”, "Авлодлар ёди қалбимизда”, "Айтгил дўстим, нима қилдинг Ватан учун?” каби мавзуларда  ўтказилган тадбирлар барчага манзур бўлди.

Бугунги кунда марказимизда ўқувчиларга касб-ҳунар ўргатиш учун барча шарт-шароитлар муҳайё. 2015 ўқув йилида янгидан 10 миллион 434 минг сўмлик дурадгорлик станоклари, 9 миллион сўмлик тикув машиналари, 16 дона компьютер, видеокамера, фотоаппаратлар, 52 миллион сўмлик  янги мебеллар берилиши марказимизда ёшлар тарбияси борасидаги ишларни янада яхшилаш имконини берди.

Ўзбекистон Pеспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 11 майдаги 130-сонли қарорига асосан "Баркамол авлод” болалар марказларида тўгарак машғулотлари ҳар йили 15 сентябрдан бошланади. Ҳар йилги анъанага  кўра шу куни "Очиқ эшиклар” куни ўтказилади ва биринчи машғулот ҳар бир тўгаракда "Мустақиллик дарси” билан бошланади. Жамоамиз аъзолари ушбу кунга пухта тайёргарлик кўрмоқдалар.

Таълим-тарбия жараёнида ҳеч бир масаланинг катта-кичиги бўлмайди. Чунки фарзандларимиз учун бизнинг оиладаги ҳар бир хатти-ҳаракатимизнинг  таъсири бўлганидек,  жамоада ҳам атрофдаги устозлар,   тенгдошлар, дўстларининг ҳар бир ҳаракатидан улар ёшига яраша хулоса олишади. Бизнинг мақсадимиз эса уларга тўғри йўл кўрсатиб, иқтидорларига яраша касб танлашида кўмаклашишдан иборатдир.

Хонимжон PАЖАБОВА,

"Баркамол авлод” болалар маркази директори.

Янгиликни бўлишинг: