"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9526.28 -2.49
  • 1 EUR = 10329.3 +9.70
  • 1 RUB = 148.82 -2.07

ЎҚИТУВЧИ МЕҲНАТИ НАТИЖАСИ ЎҚУВЧИЛАP КАМОЛИДА КЎPИНАДИ

Мана, мустақиллигимизнинг 24 йиллиги арафасидамиз. Мустақиллик – халқимизнинг асрий орзуси бўлиб, бизга жуда кўп имкониятлар олиб келди. Ўқувчилар узлуксиз таълим билан ҳунарни бирга олиш имкониятига эга бўлди. Олдинлари касб-ҳунар ўрганиш учун олис шаҳарларга бориш зарур бўлса, энди оилада, ота-она бағридан узоқ кетмаган ҳолда истаган касб эгаси бўлиш имкониятига эга бўлди.

Мана шундай шиддат билан ривожланиб бораётган даврда айниқса биз – ўқитувчилар олдига қўйилаётган талаб жуда муҳим. Ўқитувчи давр талабига монанд қадам ташлаши зарур. Талабалик давримда устозимнинг шу гаплари менинг учун ҳамон шиордек янграйди: Қобилиятсиз шифокор бир одамнинг ҳаётини заҳарлаб қўйса, хатолашган ўқитувчи бир пайтда бутун бир синф ўқувчиларининг онгини заҳарлаб қўйиши мумкин.

Ўқувчилар ҳар доим ўз устозларига тақлид қилишни яхши кўришади. Шунинг учун ўқитувчи нафақат мактабда, оилада, жамоат жойларида, фарзанд тарбиясида ҳам намуна бўлиши зарур.

Ўз ҳаётий тажрибамдан хулоса қилсам, 2003 йилдан бошлаб деярли ҳар йили ўқувчиларим фан олимпиадаси, кейинчалик билимлар беллашуви туман босқичида ғолибликни қўлга киритиб, 3-босқич Pеспублика танловида қатнашиб келмоқда. Бир қанча ўқувчиларим олий ўқув юртларига давлат гранти асосида кириш бахтига муяссар бўлди. 2013-2014 ўқув йилида бирданига уч нафар ўқувчим туманда билимлар беллашуви ғолиби бўлди. Айниқса, 2014-2015 ўқув йили мен учун яна ҳам қувончли бўлди. Ўқувчим Ойзода Ҳайтанова 3-босқич - Pеспублика фанлар олимпиадасида яхши қатнашиб қайтди. Сундетова Феруза ва Ҳайтанова Гулзодалар туманда билимлар беллашуви ғолиби сифатида 3-босқич Pеспублика босқичига йўлланма олди. Ҳайтанова Гулзода 3-босқич ғолиби бўлиб, Тошкент шаҳрида ўтказиладиган 4-босқичга йўлланма олиши мен учун жуда катта фахр ва қувонч бўлди.

Бундан 4 йил аввал 11-синф ўқувчим Усенбоева Зарина олимпиада ғолиби сифатида Тошкент шаҳрида ўтказилган 4-босқич фан олимпиадасида қатнашган эди. Иккинчи бор бу қувонч мени ўз оғушига олди.

Мен ўзим дарс бераётган синфларда синф кутубхонаси ташкил қиламан. Масалан, синфда 30 ўқувчи бўлса, ҳар бири имконига лойиқ бир ёки иккита бадиий китоб олиб келиб, синф кутубхонасига аъзо бўлади. Қарабсизки, бир бадиий китоб олган ўқувчи 30 та бадиий китоб ўқиш имконига эга бўлади. Дарсдан ташқари  пайтларда "Мен севган бадиий қаҳрамон”, "Менинг севимли китобим”, "Мен ёқтирган шоир”,  ёки "Ҳуснихат - ҳусн”, "Кимнинг хати чиройли” мавзуларида ўзаро мусобақалар ўтказилса ва бунга барча ўқувчилар жалб қилинса, албатта яхши натижа беради. Ўқувчининг фикрлаш қобилияти ўсади, сўз бойлиги ортиб боради, ўқувчидан ортиқча нарсалар билан машғул бўлиш фикри чекинади. Ўқувчиларнинг ўз меҳнатларининг самарасини кўриши албатта қувончли ҳол.

Давлатимиз ҳар бир ишни эътибордан четда қолдирмайди, 4-босқич билимлар беллашувида қатнашган ўқувчим Гулзоданинг интеллектуал билимдонлар оромгоҳида дам олиши, ўқувчимнинг олисдан туриб телефонда ҳаяжон билан ўз қувончлари, яхши дам олаётгани, Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан борган ўқувчи-ғолиблар билан дўстлашгани ҳақида тўлқинланиб гапириши мени жуда қувонтирди. Янги зафарлар сари чорлади. Чунки камтарин, захматкаш, оддий оиладан чиққан ўқувчининг бундай жойларда дам олиши орқали мен ўз меҳнатимнинг самарасини кўрдим.

Давлатимиз бизга юртимизнинг келажаги бўлган ёш авлод тарбиясидек масъулиятли ва шарафли ишни ишониб топширган экан, уни оқлашимиз, ёш авлодни Ўзбекистон аталмиш буюк мустақил юртга лойиқ фарзандлар қилиб тарбиялашимиз шарт.

Чунки биз асрлар давомида тиббиёт, илму-фан, буюк истеъдодлар макони бўлиб дунёни лол қолдириб келаётган юрт фарзандларини тарбияламоқдамиз. Аждодларга муносиб авлод тайёрлашда сиз ҳамкасбларимга янги ўқиш йилида омад, куч-ғайрат тилайман.

Жумагул ҚЎШЧАНОВА,

45-сонли мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси, Қорақалпоғистон Pеспубликаси халқ таълими аълочиси.
(Фото - uza.uz)
Янгиликни бўлишинг: