"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7813.42 -33.27
  • 1 EUR = 9176.86 +9.20
  • 1 RUB = 124.19 -1.06

ХУСУСИЙ МУЛК ҲУҚУҚИНИ МУСТАҲКАМЛАШ, УНИ ИШОНЧЛИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ТИЗИМИНИ ЯPАТИШ – УСТУВОP ВАЗИФАМИЗ

Мустақиллик йилларида Конституциямизда хусусий мулк ва унинг дахлсизлигини таъминлашга қаратилган қоидалар белгилаб қўйилди ва шу асосда қатор тарихий қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинди. Бугунги кунда улар нафақат мамлакатимизда хусусий мулкчиликка асосланган хўжалик юритиш механизмини такомиллаштириш, иқтисодиёт рақобатдошлигини таъминлашнинг, балки юртимизда мулкдорлар синфини шакллантириш ва ривожлантиришнинг кучли ҳуқуқий асосини ташкил этади.

Жумладан, охирги беш йилда хусусий мулк мавқеини мустаҳкамлаш, унинг дахлсизлигини таъминлаш, бизнес юритиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган "Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги (янги таҳрирда), "Тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги, "Pақобат тўғрисида”ги, "Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги ва бошқа ўндан ортиқ қонунлар қабул қилинганлиги бу борада амалга оширилаётган ишларнинг кўламидан далолат беради.

Бугун мавжуд хўжалик субъектларининг 90 фоиздан ортиғини кичик бизнес корхоналари ташкил этаётгани қувонарли ҳолдир. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 56 фоизга етганлиги, айни пайтда иш билан банд аҳолининг 77 фоизи ушбу соҳада меҳнат қилаётганлигининг ўзи хусусий секторнинг иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланиши, аҳоли турмуш даражасини ривожлантиришдаги улкан аҳамиятга эгалигидан далолат беради.

Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги "Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда 2015 йил 28 апрелдаги "Иқтисодиётда хусусий мулкнинг улуши ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Ўзбекистон Pеспубликаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан "Ўзбекистон Pеспубликасининг айрим қонун хужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.

Ушбу Қонун амалдаги 40 гаяқин Қонун ва бешта Кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни кўзда тутади. Қонуннинг мақсади -  хусусий мулк, бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш, шунингдек, давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун жавобгарлигини кучайтиришдан иборатдир.

Қонунда микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари фаолиятига оид барча текширувлар режали тартибда назорат органлари томонидан тўрт йилда бир мартадан кўп бўлмаган тартибда амалга оширилиши;

молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар ўтказиш муддати 10 календарь кунидан ошмаслиги;

тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишлар фақат сўнгги текширувдан кейинги даврни қамраб олиши ҳамда қўзғатилган жиноий ишлар муносабати билан хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан хўжалик юритувчи субъект жалб этган адвокатлар иштирокида амалга оширилишининг белгилаб қўйилиши, юртимизда қулай бизнес муҳитини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Шунингдек, Қонун асосида Жиноят Кодекси ва маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексларга тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қилиш билан боғлиқ барча ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтирувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Солиқ Кодексига киритилган ўзгартишларга мувофиқ, тадбиркорнинг моддий аҳволи ва солиққа оид ҳуқуқбузарлик қилиш шароитини инобатга олиб, суд молиявий санкцияни энг кам қисмидан ҳам камроқ, бироқ белгиланган энг кам миқдорнинг 25 фоизидан кам бўлмаган миқдорда қўллашга ҳақли эканлиги белгиланди.

Ўзбекистон Pеспубликаси Хўжалик процессуал Кодексига судья даъво аризасини қабул қилиш тўғрисида ажрим чиқариш ва ишни судда кўришга тайёрлаш муддатлари ўн кундан беш кунга қисқартирилишига оид ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилди.

Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши тадбиркорларга, фермерларга ва кичик бизнес вакилларига билдирилган катта ишонч намунаси бўлиб, уларга янада катта имкониятлар яратилиб, пировардида шу орқали мамлакатимиз иқтисодий тараққиётини таъминлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Жолдасбай Абдижамилов,

Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутати.

Янгиликни бўлишинг: