"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8271.27 +21.03
  • 1 EUR = 9374.66 -18.59
  • 1 RUB = 121.79 -3.67

АТPОФ-МУҲИТ МУҲОФАЗАСИ УМУММИЛЛИЙ ВА ХАЛҚАPО АҲАМИЯТГА ЭГА МУҲИМ МАСАЛА

Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан буён ўтган йиллар халқимиз учун ҳаётбахш йиллар бўлди дейиш мумкин. Негаки ушбу давр мобайнида ҳаётимизнинг қай бир соҳасига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинмасин, уларнинг барчаси халқимиз турмуш фаровонлигини яхшилаш, юрт тараққиёти ва ҳамма жабҳалардаги юксалишни назарда тутган бўлади.

Бугунги кунда табиат инсоннинг бойлиги эмас, балки уни ўраб турган олам, инсон эса унинг бир бўлаги экани янада ойдинлашди. Одамзоднинг табиий жараёнларга аралашуви кўп ҳолларда атроф-муҳитни ўнглаб бўлмас ўзгаришларга дучор қилмоқда, унинг оқибатларини эса фақат табиатни муҳофаза қилиш билан бартараф этиб бўлмайди.

Халқаро ҳамжамият томонидан 1972 йилдан бошлаб 5 июнь "Бутунжаҳон атроф-муҳит куни” деб эълон қилинган.

Халқаро экологик ҳамкорлик тамойиллари илк бор БМТнинг атроф-муҳит муаммоларига бағишланган Стокгольм конференцияси декларациясида умумлаштирилди. Унда глобал экологик муаммонинг мазмун ва сабаблари ҳақида сўз юритилиб, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликнинг йўналишлари, зарурати, унинг принциплари баён этилган ҳамда асосий тамойил – инсоннинг атроф-муҳитда яшаш ҳуқуқи эълон қилинган.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилишдан асосий мақсад - инсониятнинг ривожланиши билан мусаффо табиий шароитни таъминлашдан иборат.

БМТ томонидан 1982 йил 28 октябрда қабул қилинган Бутунжаҳон табиат хартиясида табиатнинг роли ва унга инсоннинг муносабати тамойиллари ҳақидаги асосий қоидалар акс эттирилган. Унда инсон табиатнинг бир бўлаги эканлиги таъкидланган.

Дунёда икки юздан ортиқ давлат бор. Улар турли даражадаги иқтисодий ривожланишга, турли ҳолатдаги атроф-муҳитга, экологик муаммоларни ечиш борасида ҳар хил ёндашувларга эга. Аммо бу давлатларни бугунги ва келгуси авлод манфаатлари йўлида атроф-муҳитни мусаффо сақлаш ва тиклаш бўйича жавобгарлик жипслаштириб туради.

Мамлакатимизда экологик муаммоларни ечиш, айниқса Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланишнинг қонуний асослари шаклланди, барқарор ривожланиш бўйича қатор стратегик ҳужжатлар қабул қилинди.

Мустақиллик йиллари Ўзбекистон нафақат минтақа давлатларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ташаббуси билан чиқди, балки ушбу позицияга тўла амал қилаётганини ҳам исботлади. Оролни қутқариш халқаро жамғармасини тузиш ҳамда фаолиятини қўллаб-қувватлашга, шунингдек Орол денгизи ҳавзаси дастурини амалга оширишга салмоқли ҳисса қўшди.

Бу соҳадаги халқаро ҳуқуқий ҳужжатларни ратификация қилиш халқаро ҳамжамият олдидаги мажбуриятларни бажаришнинг муҳим омилидир. Бироқ, Марказий Осиё минтақасида юзага келаётган кўплаб экологик муаммолар глобал характерга эга бўлиб, фақат битта давлатнинг саъй-ҳаракати билан ечим топмайди. Мазкур муаммоларни давлатларнинг ўзаро ҳамкорлиги орқалигина самарали ва кам харажатлар билан ҳал қилиш мумкин. Бу эса ҳозирги ва келгуси авлодлар яшаши учун қулай бўлган атроф-муҳит шароитини таъминлашга хизмат қилади.

 

Зулхумор БОлтабОева,

Тўрткўл тумани ФҲДЁ бўлими мудираси.

Янгиликни бўлишинг: