"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9526.28 -2.49
  • 1 EUR = 10329.3 +9.70
  • 1 RUB = 148.82 -2.07

“САЛОМ, ЖОНАЖОН МАКТАБ, СЕНИ СОҒИНДИК!”

Истиқлол йилларида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ҳам замонавий андозаларда қад ростлаган муҳташам умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими масканлари юқори суръатларда ривожланиб бораётган юртимизнинг кўркига кўрк қўшмоқда. Уларда эртаги кунимизнинг эгалари қунт билим олишлари учун яратилган шароитлар бугун бутун дунё ҳавас билан қарагулик даражага етди. Агар буни туманимиз мисолида олиб қарайдиган бўлсак, бошланаётган янги 2015-2016 ўқув йилида фаолият кўрсатадиган 76 та умумтаълим мактаблари, 3 та Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, 2 та Болалар мусиқа ва санъат мактаблари, 8 та касб-ҳунар коллежлари ва 3-сонли Амударё академик лицейининг айримлари мустақиллик йилларида қурилиб фойдаланишга топширилган бўлса, аввал мавжудлари ҳам қайта реконструкция қилиниб, замонавий қиёфа касб этди ва фарзандларимизнинг давр талабларига мос таълим олишлари, касб-ҳунар эгаллаб мустақил ҳаётга баркамол инсонлар бўлиб кириб боришига шароитлар яратилди.

Шу боисдан ҳам ёзги таътилдан сўнг, янги ўқув йилининг бошланиши барча ўқувчилар учун қувончли кун ҳисобланади.

2 сентябрь куни эрталаб туманимизнинг 76 та мактабларида 30 000 дан зиёд ўғил-қизлар янги ўқув йилининг бошланишига бағишланган Биринчи қўнғироқ тантанасига йиғилдилар. Ёз бўйи жимжитлик ҳукмронлик қилган таълим масканлари яна болажонлар билан гавжум бўлди. Мароқли дам олиб, бир-бирини, устозларини соғинган, жонажон мактаби қучоғига талпинган ўқувчиларнинг шодлигининг чеки йўқ. Улар учун орзиқиб кутилган биринчи қўнғироқ тантанаси шунинг учун ҳам ҳаяжон, таассуротларга бой бўлди. 3870 нафардан зиёд болажонлар эса илк бора мактаб остонасига қадам қўйиб, 1-синфларда ўқишни бошладилар. Уларга 12 турдаги ўқув қуроллари жамланмаси солинган папкаларнинг тақдим этилиши мамлакатимизда ёш авлодга кўрсатилаётган чексиз ғамхўрликнинг бир намунасидир.

Мамлакатимиз Президенти муҳтарам И.Каримов қарорига биноан 1998 йилдан бери 1 синф ўқувчиларига давлат томонидан ўқув қуролларининг бепул берилиши болажонларнинг ўқувчилик ҳаётида ўчмас из қолдираётгани шубҳасиз.

Биринчи қўнғироқ жаранглаб, барча ўқувчиларни ўзларининг таҳсил оладиган синфхоналарига чорлади. Улар шоду хуррамлик билан "Салом, жонажон мактаб, сени соғиндик” дея янги ўқув йилини илк сабоқ –мустақиллик дарси билан бошладилар.

Икки йил муқаддам янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилган 76-сонли умумтаълим мактабида ҳам янги ўқув йили кўтаринки руҳда бошланиб кетди. Шу муносабат билан ўтказилган тантанага мактаб ўқувчилари, ўқувчиларнинг ота-оналари қатнашдилар.

Мактаб директори Нурбек Йўлдошев, ота-оналар ўқувчиларни янги ўқув йилининг бошланиши билан қутладилар.

Шубҳасиз, кўнгилларида бир олам ҳаяжон билан илк сабоқни бошлаган туманимизнинг 30 мингдан зиёд ўқувчилари учун бошланаётган янги ўқув йили илм чўққилари сари дадил одимлашида муҳим пиллапоя бўлиб қолади.

Ойгул PАЖАБОВА.  

Янгиликни бўлишинг: