"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8181.08 +1.34
  • 1 EUR = 9427.06 -41.77
  • 1 RUB = 122.73 -3.84

ЭНГ АЗИЗ, ЭНГ УЛУҒ КУН ШУКУҲИ

Мустақиллик. Халқимиз юаригадан чуқур жой олган бу улуғ каломни тилга олиш кечагина ҳам гуноҳ, ҳам хато, ҳам... "жиноят” сари етакловчи йўл эди. Бу сўзни дилидан тилига чиқарганларнинг умрлари забун бўлди. Мустақиллик тонглари сари интилганларнинг қанотлари қирқилди, қадамларига ўт туташди. Миллатга эрк, озодлик, мустақиллик тилаган дил борки, қатағон сиёсатининг қурбонларига айландилар. Бугун эса...

Бугун – бу калом миллат ҳаётининг гултожига айланди: давраларнинг шукуҳи, суҳбатларнинг завқи, куй-қўшиқларнинг дилларни яйратиб юборгувчи оҳангларида Мустақиллик шукронаси! Бу шукроналик туйғуси халқ ҳаётининг ҳар бир лаҳзасини, ҳар бир кунини ўзгартириб юборди.

24 йил – тарих учун киприк қоқгулик фурсат. Лекин мамлакатимиз халқи учун эрк, озодлик насимлари, буюк эврилишлар, янгиланишлар, ўзгаришлар мезонларидан туриб баҳо берилса, юксак тараққиёт йиллари бўлди!

Она Ватанимизнинг бир парчаси бўлган туманимиз меҳнаткашларининг Истиқлол шодиёналарида намойиш этилган, 24 йил ичида эришилган мислсиз ютуқлар акс этиб турган кўргазма билан танишган ҳар қандай одам халқимиз, фарзандларимиз учун Мустақиллик берган буюк имкониятлардан юксак тараққиёт босқичига кирган Ўзбекистон давлатига ҳавас қилмаслиги асло мумкин эмас!

Карнай-сурнай садолари билан бошланган 29 август кунги туманимиз халқининг Истиқлол шодиёналари ҳар бир қалбда энг улуғ, энг азиз кунга шукроналик туйғусини уйғотди. Туманимиздаги 47 та фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, фермер хўжаликлари ҳамда тадбиркорлар томонидан тайёрланган кўргазмага ташриф буюрган  байрам иштирокчилари ва эл-юрт эъзозидаги меҳнат фахрийлари туманимиз халқи ўртасидаги миллатлараро тотувлик, маънавий меросимизга, бобомерос қадриятларга беқиёс ҳурмат ва эътибордан мамнун бўлдилар.

Кўргазмадан жой олган бадиий ҳунармандлик санъатининг ажойиб намуналари бўлган туркман гиламлари, ўзбек, қозоқ, рус, татар, қорақалпоқ каби кўп миллатли халқимиз урф-одатлари, миллий либослари намойиши бу шунчаки байрам тадбирининггина эмас, балки турли миллат вакилларининг ўзаро аҳил-иноқлиги, тотувлигининг амалий ифодаси эди. Ушбу кўргазмага ташриф буюрган кекса-ю ёш туманимизда яшаб, меҳнат қилаётган турли миллат вакиллари томонидан тайёрланган ноз-неъматлардан татиб кўриб, бундай дориломон, тўкин-сочин, файз-у тароватли дамларга шукроналар айтдилар.

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Pеспубликаси давлат мадҳиялари янграб, туман маданият ва спорт ишлари бўлими томонидан тайёрланган театрлаштирилган байрам тантаналари бошланди.

Туман ҳокими P.Йўлдошевнинг туманимиз аҳлига йўллаган байрам табригини туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Б.Ерназаров ўқиб эшиттирди.

Шундан сўнг катта шодиёналар билан давом этган байрам  тантаналарида буюк тарихий сиймолар – Амир Темур Кўрогон, Тўмарис, Мир Алишер Навоий, Бердақ боболаримизнинг даъваткор руҳдаги сўзлари байрам иштирокчиларини тўлқинлантириб юборди.


Мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, умумтаълим мактаблари, академик лицей ҳамда коллежларнинг ўқувчилари, овул ва маҳалаллардаги маданият ва аҳоли дам олиш масканларининг бадиий ҳаваскорлик жамоалари томонидан тайёрланган байрам дастурлари барчага хуш кайфият бағишлади.

Истиқлол шодиёналари – энг азиз, энг улуғ кун шукуҳи ҳар бир қалбда халқимиз ҳаётига кириб келаётган янгилик ва ўзгаришлардан мамнунлик ҳиссини уйғотди, байрамона табрик ва тилакларда фаровонликка, тинчлик ва осойишталикка шукроналик туйғулари акс этиб турди.


Миллий ўйинлар, урф-одатлар ва анъаналар, маънавий қадриятларни ўз руҳига сингдирган Истиқлол шодиёналари туманимиз халқи ҳаётида яна бир нурли кун сифатида муҳрланиб қолди.

Байрам тадбирида Қорақалпоғистон Pеспубликаси Вазирлар Кенгаши раиси Б.Янгибоев иштирок этди.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.  

Янгиликни бўлишинг: