"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7997.95 -28.83
  • 1 EUR = 9396.79 -201.29
  • 1 RUB = 128.37 -1.63

31 август - Қатағон қурбонларини ёд этиш куни

ҚИПЧОҚЛИК  ҚАТАҒОН ДАВPИ ЖАБPДИЙДАЛАPИ

"Ҳар қайси халқ, - деб ёзади Президентимиз "Юксак маънавият - енгилмас куч” асарида, - миллий қадриятларини ўз мақсад-муддаолари, шу билан бирга, умумбашарий тараққиёт ютуқлари асосида ривожлантириб, маънавий дунёсини юксалтириб боришга интилар экан, бу борада тарихий хотира масаласи алоҳида аҳамият касб этади. Яъни, тарихий хотира туйғуси тўлақонли равишда тикланган, халқ босиб ўтган йўл ўзининг барча муваффақият ва зафарлари, йўқотиш ва қурбонлари, қувонч ва изтироблари билан холис ва ҳаққоний ўрганилган тақдирдагина чинакам тарих бўлади”.

Тарихимизнинг холис ва ҳаққоний ўрганиладиган даврларидан бири эса мудҳиш  қатағон сиёсати авж олган  йиллардир. Шукрки, истиқлолдан кейин  шўро даврининг қатағон қирғини йилларини  тадқиқ қилишга имконият яратилди.

Қуйида бугунги Амударё туманининг Қипчоқ қишлоғилик қатағон давр жабрдийдалари  ҳақидаги мақолани эътиборингизга ҳавола  қилаяпмиз. Маълумки, 1957 йил декабрида Хоразм вилоятининг Манғит, Қорақалпоғис-тоннинг Қипчоқ туманлари бирлашиши натижасида Амударё туманига асос солинганди. Қуйида  бир қатор архив маълумотларига таяниб  яратилган "Қатағон қурбонлари. 5-китоб” (P.Шамсутдинов, Х. Қурбонов, У. Бекмуҳаммад. Т, 2009, "Шарқ” нашриёти) асосидаги мақолани  тайёрладик.

Маълумки, 1937-38 йиллардаги, ҳозирда илму фан томонидан "Катта террор” дея аталаётган қирғинбарот  даврда  юз минглаб инсонлар турли айблар билан қатағон жабрини чекишди. Улар орасида эса қуйидаги қипчоқлик ҳамюртларимиз ҳам бор эди:

1937 йил 28 октябрда Ўрозов Саитембет (Сотимбой ёки Сийтиммат ҳам бўлиши мумкин-У. Б. ) 10 йилга меҳнат тузатув  лагерига қамоққа ҳукм этилган. У 1868 йилда Қипчоқнинг 7-овулида туғилган бўлиб, қамоққа олинган пайтда колхозда ишларди.

Шу кунги "Учлик” йиғилишида Саламатов Ғоип  қамоқдан озод қилишга ҳукм этилган. У 1903 йилда туғилган бўлиб, Қипчоқнинг 4-овулида  яшаб келган. Келиб чиқиши шайхлардан. Қулоқлаштириш даврида молу-мулки колхоз ихтиёрига олинганди. Сургун қилинишдан қўрқиб яшириниб  юрганди. Кейин эса колхозга кириб ишлай бошлаганди.

Ўша кунги  "Учлик” қарорига кўра, Абдуллаев Жаббор отувга ҳукм қилинган. У 1907 йилда Қипчоқнинг Жуотур овулида туғилганди. Қулоққа  тортилган, аммо сургун қилинишдан қўрқиб бир муддат яшириниб юрган. Кейин бўлса, колхозга кириб  ишлаётганди.

Шу куни яна Эшонов Матёқубнинг ишиям йиғилишда кўриб чиқилган. У 1892 йилда Қипчоқнинг 6-овулида туғилган. Қулоққа тортилган. 1931 йили шўроларга қарши чиққанлиги учун 3 йилга қамалган, муддатни ўтаб қайтганди. Ҳибсга олинган пайтда колхозда ишлаётганди. Эшонов Матёқуб 10 йилга меҳнат тузатув лагерига қамоққа ҳукм этилган.

Шунингдек Полвонов Болтабойнинг тақдири ҳам "Учлик” нинг ўша кунги йиғилишида ҳал этилади. У 1897 йили Қипчоқнинг 7-овулида туғилган бўлиб, қулоқлаштириш даврида молу мулки  колхоз ихтиёрига олинганди. 1932 йили шўроларга қарши чиққани учун 5 йилга қамалган, муддатни ўтаб қайтганди. 1937 йил 28 октябрда эса яна 10 йилга қамоққа ҳукм қилинади.

Эржонов Йўлдош -1905 йили туғилган, Қипчоқнинг 2-овулида яшаётганди. У ҳам қулоққа тортилган, 1932 йили 5 йилга, шўроларга қарши чиққани учун қамалган, муддатни ўтаб чиққан, ҳибсга олинган пайтда  колхозда ишлаётганди. 1937 йил 28 октябрда Й. Эржонов яна 10 йилга қамоққа ҳукм қилинади.

Эржонов Қутум-1906 йилда туғилган, Қипчоқнинг 2-овулида яшаб келаётганди. Отаси хонлик даврида қози бўлган. Ўзи қулоққа тортилган. 1932 йили шўролар мажбуриятини бажармаганлиги учун 2 йилга қамалганди. Муддатни ўтаб колхозда табелчи бўлиб ишлаётганди. 1937 йил 28 октябрда 10 йил қамоққа ҳукм этилади.

1937 йил 3 ноябрдаги "Учлик” йиғилишида эса,  Бўрон Есемуротовнинг иши кўриб чиқилган. У 1915 йилда туғилган бўлиб, Қипчоқнинг Чойқуй  овулида яшаб келган. 1936 йилда 3 йилга қамалган, жазо муддатини тўлиқ ўтамай қайтиб келганди. Б.Есемуротовга 10 йил меҳнат тузатув лагерига қамоқ жазоси белгиланади.

Ўша куни  яна Туржонов Бойманнинг  ҳам иши кўриб чиқилган. У 1901 йили туғилган бўлиб, Қипчоқнинг 4-овулида яшаб келаётганди. Б. Туржоновга "босмачилик” ҳаракатида иштирок қилганлик ва бошқа айблар қўйилиб, отувга ҳукм қилинади.

Чванталов (фамилияси ҳужжатда шундай ёзилган, аслида бошқачароқ ҳам бўлиши мум-кин - У. Б. ) Калпат-1901 йили  туғилган. У Қипчоқнинг 4-овулида яшаб  келаётган, ҳибсга олинган пайтда ҳунармандчилик артелида ишларди. У ҳам  ўша кунги "Учлик” қарорига кўра отувга ҳукм қилинган.

Дўстмуҳаммедов Бесенбой-1912 йили туғилган. Қипчоқнинг 4-овулида  яшаб келаётганди.  У ҳам ҳунармандчилик  артелида ишлаётганди. У 10 йилга қамоққа ҳукм қилинади.

Сарлибеков Шерали - 1910 йили туғилган, Қипчоқнинг 4-овулида яшаётганди. У ҳам ҳунармандчилик артелида ишлаётганди. Унга ҳам 10 йиллик қамоқ жазоси  белгиланган.

Кузенбоев Кенжабой-1904 йили  туғилган. Қипчоқнинг 4-овулида яшаб келаётган, ҳунармандчилик артелида  ишлаётганди. Унга ҳам 10 йиллик қамоқ  жазоси белгиланган.

1938 йил 4 февралдаги "Учлик” йиғилишида  эса, Сапаниёзов Қўзибой  "халқ душмани” сифатида отувга ҳукм қилинган. У 1913 йилда Қипчоқда туғилган бўлиб, 1-овулда яшаб келаётган, давлат кемачилик идорасида бакеншик бўлиб ишлаётганди.

Шунингдек, ўша йилнинг 7 февралида ўтказилган яна бир йиғилишда қуйидаги қипчоқликлар ҳам  отувга ҳукм қилинган:

Айтматбетов Мурот охун - 1886 йилда туғилган, Қипчоқ қишлоғидан.

Шомуротов Эрназар - 1875 йилда туғилган, 5-овул кенгашидан. Хива хонлиги даврида қозисуд лавозимида бўлган. Келиб чиқиши охунлардан.

Эшназаров Тожимурод -  1894 йилда туғилган, 5-овул кенгашидан, имом. 1929 йилда ҳам 2 йилга қамалган ва муддатни ўтаб Қипчоққа қайтиб келганди.

Тиловов Оллоёр - 1894 йилда туғилган, 6-овул кенгашидан, мулла. Ҳибсга олинган пайтда колхозда ишлаб юрган.

Ўрозбоев Йўлдош сари - 1894 йилда туғилган, 6-овул кенгашидан. Ўтмишда ”босмачилик” дея номланган шўроларга қарши кураш иштирокчиси бўлган. Ҳибсга олинган пайтда колхозга кириб ишлаётганди.

Камолов Айтан - 1890 йилда туғилган, 6-овул кенгашидан. 1932 йили шўроларга қарши чиққани учун 5 йилга қамалган, муддатни ўтаб қайтганди. Ўтмишда имом бўлган.

Ўрозов Исо - 1903 йили туғилган, 6-овул кенгашидан, ҳибсга олинган пайтда овул кенгаши аъзоси. 

Матназаров Ереке (Эрка бўлиши мумкин - У. Б.) - 1880 йил туғилган, 6-овул кенгашидан. 1931 йили шўроларга қарши чиққани учун 3 йилга қамалган ва муддатни ўтаб қайтганди.

Отажонов Бекжон - 1895 йили туғилган, 6-овул кенгашидан, ўтмишда мулла бўлган. Илгари шўроларга қарши чиққани учун 10 йилга қамалган, муддатидан олдин озодликка чиқарилганди. Ҳибсга олинган пайтда колхозда ҳисобчилик қиларди.

Содиқов Олим махсум - 1900 йилда туғилган, 5-овул кенгашидан. Келиб чиқиши эшонлардан. 1932 йилда диндорлиги ва шўроларга қарши чиққанлиги учун 3 йилга қамалиб, муддатни ўтаб чиққанди.

Юсупов Мамут - 1885 йили туғилган, 5-овул кенгашидан, собиқ савдогар. 1931 йили шўролар мажбуриятини бажармаганлиги учун қамалган, муддатни ўтаб чиққанди. Имомлик ҳам қилган.

Ўрозимбетов Умар охун - 1875 йили туғилган, 7-овул кенгашида яшаб келган. 1931 йили шўроларга  қарши чиққанлиги  учун 5 йилга қамалганди. Муддатни  ўтаб чиққанди. Келиб чиқиши диндор-охунлардан бўлган.

Нурматов Йўлдош - 1885 йили туғилган, Қипчоқнинг Чойкўл овулидан. 1929 йили шўролар мажбуриятини бажармаганлиги учун 3 йил қамоққа ҳукм этилган. Келиб чиқиши диндор-мулла.

Қурбонов Жуманиёз - 1898 йили туғилган, 6-овул кенгашидан, келиб чиқиши диндор-мулла. Ҳибсга олинган пайтда колхоз аъзоси.

Сададдинов Бобо - 1899 йили туғилган, 7-овул кенгашидан, диндорлар сулоласидан. Ҳибсга олинган пайтда колхоз бригадири.

Ўрозбоев Эшон - 1890 йили туғилган, 2-овул кенгашидан, мулкини колхозга топширмаганлиги учун қулоққа тортилган. 1929 йили шўролар мажбуриятини бажармаганлиги  учун 3 йилга қамалганди. Муддатни ўтаб қайтган  ва колхозда ишлай бошлаганди.

1938 йил 7 февралдаги "Учлик”-нинг йиғилишида юқоридаги шахсларга отув жазоси белгиланган бўлса, қуйидаги қипчоқликлар 10 йилга МТЛ (меҳнат тузатув лагери)га қамоқ жазосига  ҳукм этилганлар:

Муротохунов Халилла махсум - 1885 йили туғилган, 5-овул кенгашидан, имомлик  қилган.

Абдукаримов Содиқ-1881 йили Оқдарё овулида туғилган. Ўз элида муллалик қилган.

Ҳожимуродов Матназар - 1872 йили Қипчоқ туманининг 7-овулида туғилган. Диндор бўлган.

Сапашев Қозоқ - 1908 йили туғилган, 2-овулда яшаб келган. Қулоқлаштириш даврида мулкини колхозга топширмай, қочган. Ҳибсга олинган пайтда эса колхозда ишлаётганди. 

Тарих  ўз маромида кечишда давом этади. Даврлар, авлодлар изидан янги даврлар, авлодлар келади. Аммо бугунги ва келажак авлодлар қатағон даврда ҳаётлари азобу-уқубатда ўтган, тақдирлари фожиали якун топган юртдошларимиз хотирасини асло унутмасликлари лозим. Буларнинг барига, тарихнинг ҳаққоний ўрганилишига эса истиқлол  имкон яратди.

 

Pустамбек ШАМСУТДИНОВ,

Умид БЕКМУҲАММАД.

Янгиликни бўлишинг: