"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9526.28 -2.49
  • 1 EUR = 10329.3 +9.70
  • 1 RUB = 148.82 -2.07

ТАЪЛИМ ЖАPАЁНИНИ ТАКОМИЛЛАШТИPИШ ВА УНИНГ СИФАТИНИ ОШИPИШ: МУАММОЛАP ВА ЕЧИМЛАP

Ҳар йили энг улуғ ва энг азиз байрамимиз – мамлакатимиз мустақиллиги байрами ва билимлар куни арафасида, янги ўқув йили олдидан халқ таълими тизими ходимларининг август Кенгашларини ўтказиш анъанага айланган. Бу йил ҳам "Бетакроримсан, ягонасан, она ватаним – Ўзбекистоним!” шиори остида мазкур анжуман ва унинг доирасидаги тадбирлар мустақиллигимизнинг 24 йиллигига қизғин тайёргарлик кўрилаётган шундай файзли кунларда юртимизнинг барча жойларида бўлгани каби туманимизда ҳам кўтаринки руҳда ўтказилмоқда.

Аввало, шуни фахр билан айтишимиз керакки, истиқлол халқимиз учун янги имкониятлар эшигини очиб берди, асрий орзуларимиз рўёбга чиқиб, дунё билан бўйлаша оладиган, ўз моддий, маданий ва маънавий хазиналаримизга ўзимиз эгалик қиладиган ёруғ кунларга етишдик. Айниқса, таълим соҳаси туб ўзгаришларга юз тутди. Эндиликда халқ таълими ўн йил бир қолипда таълим бериб, "қишлоқ хўжалиги ва халқ хўжалиги учун ўрта маълумотли мутахассислар етказиб бериш”дек бирёқлама сиёсат асосида иш юритувчи соҳадан юрт келажаги бўлмиш ёшларни ҳар томонлама етук ва баркамол, жисмонан ва маънан соғлом қилиб вояга етказувчи узлуксиз таълим тизимининг бир бўғини даражасига етди.

Истиқлол шарофати билан фарзандларимизнинг замон талаблари даражасида билим олишлари, спорт билан шуғулланишлари, баркамол инсонлар бўлиб вояга етишлари учун туманимизда 83 та умумтаълим мактаблари, 37 та мактабгача таълим муассасалари, 3 та Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, 2 та болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда "Баркамол авлод” болалар маркази фаолият юритмоқда. Узлуксиз таълимнинг кейинги босқичи - академик лицей ҳамда 8 та касб-ҳунар коллежларида эса туманимиз ёшлари илм-у ҳунар сирларини чуқур ўрганмоқдалар.

Энг муҳими, давлатимизнинг соҳада амалга ошираётган ислоҳотлари бугун ўз самарасини бермоқда. Буни эртанги кунимизнинг давомчилари бўлмиш фарзандларимиз эришаётган ютуқлар, уларнинг кучли, билимли ва доно, етук инсонлар бўлиб вояга етаётгани мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Биз – таълим соҳаси ходимларини қувонтирадиган жиҳати шундаки, бугунги давр ўқитувчиси ана шу ислоҳотларни ҳаракатга келтирувчи, янгиликларни амалиётга татбиқ қилувчи энг катта кучмиз. Бу – бизга нафақат ғурур бағишлайди, балки зиммамизга катта масъулият ҳам юклайди. Шундай экан, байрам арафасида нафақат босиб ўтган йўлимизга назар ташлаб, ютуқларимиз билан фахрланишимиз, балки янги ўқув йили олдидан ўтган ўқув йилида йўл қўйган камчиликларимизни таҳлил қилиб, келгусида уларнинг олдини олиш чораларини кўришимиз, янги режалар билан янада юксак марралар сари интилишимиз даркор. Шундай экан, бугун – янги ўқув йили остонасида таълим тизими олдидаги баъзи муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида фикр юритишимиз табиий ҳол, албатта.

Бир вақтлар туманда компьютер синфлари мавжуд мактаблар сони атиги 4 тани ташкил қилган бўлса, бугунги кунда улар сони 59 тага етганини, бу мактабларда таълим олаётган ёшларимиз "ZiyoNET” тармоғидан фойдаланиб, дунёга юз тутаётганини фахр билан тилга оламиз. Аммо, фахрланиш билан иш битмайди, бу имкониятлардан дарс жараёнида фойдаланиш керак. Бу борада баъзи мактаблар мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланмаётганини қандай тушуниш мумкин?

Яна бир мисол. Яқин ўтмишда мактабларимизнинг 24 тасидагина спорт заллари мавжуд эди. Ушбу кўрсаткичларимиз жорий йилда фойдаланишга топшириладиган 55-сонли мактаб спорт зали билан қўшиб ҳисоблаганда 51 тани ташкил қилади. Спортнинг оммавийлигини таъминлаш, спорт билан шуғулланувчилар учун шарт-шароитлар яратиб бериш мақсадида мустақиллик йилларида қурилиб, фойдаланишга топширилган 2- ва 3-сонли Болалар ва ўсмирлар спорт мактабларининг янги бинолари бу борадаги имкониятларимизни янада кенгайтирди. Шундай бир шароитда айрим мактабларда спорт залларидан, у ерда мавжуд спорт жиҳозларидан фойдаланиш даражаси бугунги кун талабига жавоб бермаётганини қандай изоҳлаш мумкин?

Жорий ўқув йилидан бошлаб таълим муассасаларининг 3-синфларида, келгуси ўқув йилидан бошлаб ўз навбатида 4-синфларида ҳам чет тиллари, хусусан, инглиз тили фани тўлиқ ўқитила бошлайди. Бунинг учун бугунги кунгача таълим муассасаларида ташкил қилинган 140 дан ортиқ чет тили хоналарига замонавий АКТ жиҳозлари, 14 та жамланмада ноутбуклар келтириб берилди. Янги ўқув йилига қадар эса қолган чет тили хоналари учун ҳам худди шундай жамланмалар келтирилиши кутилмоқда. Лекин таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган инглиз тили фани ўқитувчиларимизга асосли эътирозларимиз талайгина. Чунки, чет тили фани ўқитувчилари учун ўтган ўқув йилида ташкил қилинган мақсадли малака ошириш курсларидаги машғулотлар якуни бўйича ўтказилган синовларда аксарият ўқитувчиларимиз белгиланган талаблар даражасида ўзлаштиришга эриша олмаганлар. Буни изоҳлашга ҳеч қандай баҳона бўлиши мумкин эмас. Асосий камчилигимиз – баъзи ўқитувчиларимиз ўз устида ишламаслиги, малакаларини ошириб бориш масаласига жиддий эътибор қаратишмаётганидир.

Ишларимиз натижаларини кўрсатувчи катта тадбиримиз бу – мактабларнинг 5-8-синф ўқувчилари орасида ўтказиладиган "Билимлар беллашуви” ҳамда 9-синф ўқувчилари орасида ўтказиладиган фанлар олимпиадасидир.

Ўтган 2014-2015 ўқув йилида бўлиб ўтган  "Билимлар беллашуви”нинг Қорақалпоғистон Pеспубликаси босқичида иштирок қилган туманимиз жамоаси  Pеспубликанинг 15 та туман ва шаҳарлари орасида 6-ўринни эгаллади. Ушбу натижаларга эришишда ўз ҳиссаларини қўшган фидойиларимизга миннатдорчилик билдирган ҳолда айтиш керакки, бу кўрсаткич бизни қониқтирмайди, бу борадаги ишларимизни тубдан яхшилашимиз лозим.

Жорий ўқув йилида Қорақалпоғистон Pеспубликаси бўйича жами 695 та умумтаълим мактаблари орасида 10 та параметр бўйича рейтинг кўрсаткичлари шакллантирилган эди. Ушбу кўрсаткичлар бўйича туманимиз умумтаълим мактаблари орасида энг юқори кўрсаткичга эришган 64-сонли умумтаълим мактаби 19-ўринни эгаллади.

Шунингдек, 11-, 15-, 45-, 40-, 22-, 6-, 18-, 36- ва 33-сонли мактаблар 69-77 балл билан Қорақалпоғистоннинг 100 та энг илғор мактаблари қаторидан жой олди. Улар билан бир хил шароитларда меҳнат қилаётган 25-, 54-, 66-, 68-, 70-, 51-, 72-, 81-, 65-, 53- ва 49-сонли умумтаълим мактаблари эса 600-ўриндан паст кўрсаткични қайд қилишганини қандай изоҳлаш мумкин?

Яна бир масала – жорий йилнинг 15 сентябригача барча таълим муассасаларида ҳар бир муассаса раҳбаридан тортиб мактаб ўқувчиси, боғча тарбияланувчиси, жамики педагог-ходимларнинг ҳар бир таълим муассасасига хос бўлган мактаб формасига ўтишлари қатъиян талаб қилинмоқда. Ушбу талаб замирида жуда катта маъно-мантиқ бор эканлигини  эсдан чиқармаслигимиз шарт.

Бугун дунё жамоатчилиги олдида турган энг катта муаммолардан бири – ёшларнинг турли зарарли оқимларга кириб кетаётгани, улар орасида ичкиликбозлик, гиёҳвандлик кенг қулоч ёйиб, ёшларнинг жиноятчиликка мойиллиги ортиб бораётгани каби салбий ҳолатлардир. Ёшларимизнинг бўш вақтини тўғри ташкил қилиш орқали биз уларни бундай ножўя таъсирлардан ҳимоялашга эришган бўламиз.

Ўйлайманки, жорий йилда капитал реконструкция қилинаётган 9-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби, 21-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби, "Баркамол авлод” болалар маркази каби мактабдан ташқари таълим муассасалари ҳамда 3 та Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари имкониятларидан тўлиқ фойдаланишимиз бу борадаги ишларимизни анча енгиллатади.

Мактабгача таълим – таълим жараёнининг асосий бўғинларидан бири саналади. Ушбу мақсадда туманимизда фаолият кўрсатаётган жами 37 та мактабгача таълим муассасаларида туманимиз аҳолисининг 2633 нафар ўғил-қизлари тарбияланмоқда. Уларга тегишли малакага эга бўлган  415 нафар педагоглар таълим-тарбия беришмоқда.

Мактабгача таълим муассасалари моддий базасини яхшилаш мақсадида жорий йилда Манғит шаҳридаги 5- ҳамда 43-сонли МТМларда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. 2016 ва ундан кейинги йилларда мактабгача таълим муассасалари моддий базасини мустаҳкамлаш бўйича манзилли дастур доирасидаги қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланганлиги ҳаммамизни бирдек қувонтирмоқда.

Шундай бир шароитда "Бўз ёп” овулидаги 14-сонли, Куюк кўпир овулидаги 21-сонли, "Тўлқин” овулидаги 23-сонли, "Чойкўл” овулидаги 30-сонли мактабгача таълим муассасаларида бугунги кунда олиб борилаётган фаолият талаб даражасида, деб бўлмайди. Ушбу мактабгача таълим муассасаларида, биринчи навбатда, соғлом муҳит барқарор бўлиши, муассасада таълим-тарбия ишлари юқори савияда ташкил қилиниши лозим.

Юқорида тилга олиб ўтилган камчиликларнинг аксарияти ўқитувчи шахси билан бевосита боғлиқ. Шундай экан, уларни бартараф қилиш ва янада улкан ютуқларга эришиш учун янги 2015-2016 ўқув йилида ўқитувчиларимиздан фаоллик ва ташаббускорлик талаб қилинади. Ишонамизки, жонкуяр ва фидойи, изланувчан ва интилувчан ўқитувчиларимиз бу ишларнинг уддасидан чиқиб, Юртбошимиз ва ҳукуматимиз, халқимиз ишончини оқлаб, фарзандларимиз камоли йўлида бор куч-ғайратини сафарбар қилишади.

Янги ўқув йили олдидан улкан режаларни кўнглига тугиб, жонажон мактаб синфхонасидаги қайноқ иш фаолияти бошланишини, севимли ўқувчиларига илм-фан сирларини ўргатиш фурсати келишини интизорлик билан кутаётган ҳамкасблари-мизга, фидойи устозларимизга мустақиллик байрамингиз қутлуғ бўлсин, янги ўқув йилингиз омад ва зафарларга бой бўлсин, дея тилак билдирамиз! Она Ватанимиз келажаги бунёдкорларига илм-у ирфон сирларини ўргатишдан асло чарчаманг, қадрли ўқитувчилар!

Аширбой ҚЎШАЕВ,

туман халқ таълими муассасалари фаолиятини

методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудири.

Янгиликни бўлишинг: