"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9537.55 +26.01
  • 1 EUR = 10545.7 +68.60
  • 1 RUB = 149.88 +1.21

ОPАСТАЛИК ОСТОНАДАН БОШЛАНАДИ

Туманимизнинг овул ва маҳаллаларини кезсангиз, бири-биридан чиройли манзараларга гувоҳ бўласиз. Турли мевали, манзарали дарахтлар, гуллар билан безанган ҳовлилар шу ерда умргузаронлик қилаётган одамларнинг диди ва меҳнатсеварлигидан далолат бериб тургандай. Ахир бизнинг ҳудудларимизда кўчат ундириб камолга етказиш анча машаққатли иш. Бунинг устига ниҳолларни тўғри келганича эмас, тартиб билан ҳар бири ўзига хос услубда жойлаштирилган, чор-атрофга файз бағишлаб турган дарахтларни кўрган одамнинг баҳри-дили очилиб кетади. Беихтиёр шуларни бунёд этган инсонга ташаккур айтгинг келади, одамнинг.

Яхшиликка, гўзалликка интилиб яшаш халқимизнинг азалий одатларидандир. Шу боисдан-да ораста, саранжом-саришта хонадон бекалари, қизлари, келинлари кўпчиликка ибрат қилиб кўрсатилади. Қизларнинг яхши хислатлари ҳақида гап кетганида, албатта озодалиги, уқувлилиги, чеварлиги инобатга олинади. Айнан шундай хислатларга эга бўлиб тарбияланаётган қизлар яшайдиган ҳовлилар сиртиданоқ билиниб туради: ҳовлиси олди супурилиб, сув сепилган, тоза, ораста, дарахтлар тагидаги хас-хазонлар олиниб, бегона ўтлардан тозаланган, файзли бўлади. Орасталик остонадан бошланади, деганлари бежиз эмас.

Халқимиз асрлар давомида ўз фарзандларига озодалик, орасталик каби хислатларни сингдириб, қадрият даражасида улуғлаб келишган. Боиси, ўз-ўзини ҳурмат қилган одам ўз яшаш жойини хушҳаво, тоза ва ободон сақлаши табиий. Тозалик, соғлом турмуш тарзига, санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш аввало ўз соғлигимиз гарови, қолаверса, маънавий тарбия воситаси ҳамдир. Чунки бу оиладаги фарзандлар учун ўз-ўзига, оиласидагилар олдида маълум маънода жавобгарлик ҳиссини тарбиялайди. Фарзандларнинг ҳовли-жойи ободонлиги, озодалиги учун биргаликда қилган меҳнати бир-бири билан ҳамжиҳатлигини, меҳр-оқибатини таъминлайди, ўз меҳнатларидан завқланиш ҳиссини уйғотади. Сариштали уй – фариштали уй, дейилиши ҳам шунинг учундир, эҳтимол?

 

Ойгул PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: