"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9526.28 -2.49
  • 1 EUR = 10329.3 +9.70
  • 1 RUB = 148.82 -2.07

УСТОЗЛАPИМИЗ ОМОН БЎЛИШСИН!

Ҳаётда шундай инсонлар борки, ҳар қачон, ҳар қандай шароитда ҳам биз учун доим меҳрибон, сўзлаганда юзларидан нур ёғилади, бизни тўғри тарбиялашга, кўнглимиз чўкса, овутишга тайёр туради. Улар – устозларимиздир.

Халқимизда устоз отангдай улуғ, деган ибора бежиз айтилмаган. Ота-оналаримиз устозларимизнинг ҳурматини жойига қўйишимизга, уларнинг сабоғини пухта эгаллашимизга ундашида ҳам ўша азиз инсонларга ҳурмат-эҳтиром мужассам. Шунингдек, устозларга итоаткорлик, улар олдида одоб сақлаш, ўгитларига амал қилиш каби одатларимиз қадрият даражасига кўтарилган, десак адашмаган бўламан.

Аслида ҳам бизнинг қандай инсонлар бўлиб вояга етишишимизда устозларимизнинг хизмати жуда улкан.

Мана мен Манғит Иқтисодиёт коллежининг биринчи босқичини тугатдим. Коллежга илк бор қадам қўйган куним, илк дарсга кирганим, илк бор устозларимиз билан танишганимиз - бари-бари худди ҳозиргидай кўз олдимда.

Ўша куни фақат менгина эмас, мен каби коллежда илк бор дарс машғулотларига кирган барча ўқувчилар ҳам ҳаяжонга асир бўлгани шубҳасиз. Чунки янги ўқув муассасаси, янги гуруҳдошлар, янги устозлар. Бироқ устозларимизнинг самимий муомаласи, жонкуярлик билан дўстона муҳит яратишга интилишлари туфайли ҳаммамиз тез кунлар ичида бир оила фарзандларидай иноқ бўлиб кетдик.

Бунда бизга устозларимиз Зулхумор опа Сафарова, Гулшода опа Машарипова, Барно опа Эшимбетовалар худди ота-онамиздай меҳрибонлик ила йўл-йўриқлари билан яқиндан ёрдам бердилар, дарс машғулотларини пухта ўтиб, бизнинг фан асосларига қизиқишимизни янада оширдилар.

Мен шулар ҳақида ўйлар эканман, инсоннинг инсон сифатида шаклланишида устозларнинг ўрни қанчалар муҳим эканлигини англагандай бўламан. Бахтимизга улар омон бўлишсин, ёш авлод камолоти йўлида чарчашмасин.

Мастура САЪДУЛЛАЕВА.

Янгиликни бўлишинг: