"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9455.24 +21.66
  • 1 EUR = 10438.6 +84.00
  • 1 RUB = 147.25 +1.25

ЎТКИP ЮҚУМЛИ ИЧАК КАСАЛЛИКЛАPИДАН САҚЛАНИНГ!

Ўткир юқумли ичак касалликлари мавсумий касалликлар ҳисобланиб, асосан йилнинг ёз ва куз фаслларида кўпроқ учрайди, чунки бу фаслларда касалликнинг юқиш омиллари фаоллашади.

Ўткир юқумли ичак касалликларига қорин тифи, паратифлар, сальмонеллёз, ичбуруғ, вирусли гепатитнинг "А” тури ва бошқа бир қатор касалликлар киради.

Бу касалликларни аксарият ҳолларда бактерия ва вируслар қўзғатиб, бемор ва бактерия ташувчи одамлар касаллик қўзғатувчиларининг манбалари ҳисобланади. Улар касаллик қўзғатувчиларини асосан ўзларининг нажаси орқали ташқи муҳитга чиқаради ва атроф-муҳитни шу касаллик қўзғатувчилари билан ифлослантиради.

Ўткир юқумли ичак касалликлари қўзғатувчиларининг барчаси ташқи муҳитга анча чидамли бўлади. Масалан, қорин тифи қўзғатувчиси оқар сувда, сабзавот ва меваларда 5-10 кун, кўлмак сувда 1 ойгача, нон ва нон маҳсулотлари юзасида бир неча кун давомида тирик сақланса, вабо қўзғатувчилари оқар сувда 18 кундан 5 ойгача сақланади. Вабо қўзғатувчиси сувда ва сальмонеллёз қўзғатувчилари озиқ-овқат маҳсулотларида қулай шароитда ҳаттоки кўпайиши ҳам мумкин.

Ўткир юқумли ичак касалликларнинг юқиш йўллари бир-бирига ўхшаш бўлса-да, уларнинг ҳар бирининг етакчи юқиш омили бор. Масалан, қорин тифи ва вабо касалликларида етакчи юқиш омили сув ҳисобланса, сальмонеллёз касалликларида озиқ-овқат маҳсулотлари етакчи юқиш омили ҳисобланади.

Бу гуруҳ юқумли касалликлар маиший – мулоқот йўли билан ҳам юқади.

Йилнинг иссиқ кунларида аҳоли, айниқса, болалар ўртасида ўткир юқумли ичак касалликлари тез-тез учраб туради.

Ёз ойларида ўткир юқумли ичак касалликлари омиллари фаоллашади. Аҳоли кўпроқ сув, ҳар хил чанқоқбосди ичимликлар ичиш, мева-сабзавотлар, кўкатлар истеъмол қилиш ҳамда касаллик қўзғатувчилари билан ифлосланган очиқ сув ҳавзаларида чўмилиш жараёнларида ўткир юқумли касалликларни юқтириб олиши  мумкин.

Касаллик қўзғатувчиларининг одам организмига тушиб, токи касалликнинг илк аломатлари пайдо бўлгунига қадар маълум бир вақт ўтади. Ўткир юқумли ичак касалликларида яширин давр бир неча соатдан 21 кунгача давом этади.

Касалликка чалинган беморларда ҳолсизлик, кўнгил айниши, қусиш, ичнинг суюқ кетиши, тана ҳароратининг кўтарилиши каби аломатлар кузатилади.

Беморларга ўз вақтида тегишли тиббий ёрдам кўрсатилмаса, бу касалликлар ўзидан бир қанча асоратлар қолдириши мумкин. Буларга ичаклар фаолиятининг бузилиши, ичакдаги яралардан қон кетиши, ичак деворларининг тешилиши, ўткир буйрак етишмовчилиги мисол бўла олади.

Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, хонадонларда, жамоат жойларида тозалик ва ободонлаштириш ишларини мунтазам амалга ошириш, умумий овқатланиш, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг савдоси билан шуғулланадиган корхоналарда санитария талабларига  риоя қилиш ҳамда аҳолининг тиббий-санитария маданиятини ошириш бу каби касалликларнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.

Тирноқларни ўз вақтида олиш, қўлларнинг тозалигига доимо риоя қилиш, оилада ҳар ким ўз сочиғидан, тўй-маъракаларда шахсий қўл рўмолчадан фойдаланиш ҳам бу борада муҳим роль ўйнайди.

Об-ҳавонинг исиб кетиши натижасида одамларнинг ичимлик сувга бўлган эҳтиёжи ҳам ортади. Бундан ташқари, болалар ариқларга, каналларга, ҳовузларга чўмилишга ошиқишади.  Шу сабабли куннинг иссиқ пайтлари болаларнинг назоратсиз кўчага чиқишларига, тўғри келган жойларда чўмилишларига йўл қўймаслик керак.

Бундан ташқари, деҳқон бозорларида, кўчаларда сифати кафолатланмаган, қўлда (уй шароитида) тайёрланган салқин ичимликлар, шарбатлар, айрон ва бошқа ичимликларни истеъмол қилиш ҳам ўткир юқумли ичак касалликларининг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

Ўткир юқумли ичак касалликлари асосан 3 ёшгача бўлган болалар ўртасида учрашини инобатга олиб, болалар парвариши билан шуғулланувчи ота-оналарга қуйидагилар тавсия қилинади:

- болалар парвариши билан шуғулланувчи шахслар мунтазам равишда педиатр врачлардан болалар парвариши бўйича маслаҳатлар олиши;

- болалар парвариши билан шуғулланувчи шахслар шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиши, болаларга нисбатан ҳам шу талабни қўллаши;

- болаларга совуткичда узоқ муддат сақланган таомларни едирмаслиги, уларни тўғри келган озиқ-овқат маҳсулотлари билан овқатлантирмаслиги;

- ҳар қандай кишига болани овқатлантиришга рухсат бермаслиги;

- кўчадан уйга кирганда, овқатланишдан олдин, болага овқат тайёрлашдан олдин ва уни овқатлантиришдан аввал қўлларини совунлаб ювиши;

- болалар қўллари ва оғизларини умумий фойдаланилган сочиқлар билан артмаслиги;

- озиқ-овқат маҳсулотларини пашша, суварак ва бошқа бўғимоёқлилардан асраши;

болаларнинг бармоғини сўришига йўл қўймаслиги;

- бозорларда ва кўчаларда сотилаётган мева-сабзавотларни оқар сувда ювмасдан таътиб кўрмаслиги;

- болаларнинг назоратсиз кўчага чиқишларига, тўғри келган жойларда чўмилишларига йўл қўймаслиги керак.

Мутахассислар ва олимларнинг таъкидлашича, саломатликни асраш 18 фоиз ирсий омилларга, 17 фоиз атроф-муҳит омилларига, 10 фоиз тиббий хизматга, 55 фоиз соғлом турмуш тарзига боғлиқ.

Демак, соғлом турмуш тарзини болаликдан шакллантириб бориш барча касалликларнинг олдини олишнинг бош мезонидир.

 

Тўрамурод БОБОНИЁЗОВ, туман ДСЭНМ бош врачи, халқ депутатлари  туман Кенгаши депутати.

(Фото - http://soglom.uz)
Янгиликни бўлишинг: