"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8146.38 +9.33
  • 1 EUR = 9965.47 +189.60
  • 1 RUB = 143.97 +0.63

МАЪНАВИЙ ҚАДPИЯТЛАPНИ АСPАШ ЙЎЛИДА

Ҳар  қандай мамлакатнинг  буюклигини унинг  маданияти  белгилайди. Шу боисдан соҳага эътибор йил сайин кучаймоқда. Туман Маданият ва спорт ишлари бўлими халқимизнинг бой маданий меросини, маънавий қадриятларини асраб-авайлаш йўлида самарали фаолият олиб бормоқда. Бўлим тасарруфидаги 7 та маданият  ва аҳоли дам олиш  марказлари, 3 та халқ  ансамбллари, кўзи  ожизлар кутубхонаси ходимлари халқимиз орасида миллий  қадриятларимизни тиклаш, истиқлол  ғоялари  асосида тарбиявий аҳамиятга  эга маданий тадбирларни,  маданиятимизни  дунёга танитиш  мақсадида  бир қанча ишларни  самарали амалга  ошириб  келишмоқда.

Бугунги  кунда туман  Маданият  ва  спорт ишлари  бўлимида  таниқли устоз санъаткор  ва  маданият ходимлари  - Анвар  Худойберганов, Йўлдош  Жумамуродов, Қувонч Pайимов, Карим  Йўлдошев, Мурод Ибрагимов, Тоҳир Файзуллаев,  Мадина  Кенжақараева, Pаҳима  Худойбергановалар ёшларга  устозлик қилиб, соҳанинг сир-асрорларини ўргатиб  келишмоқда.

Юқорида  номлари зикр  қилинган  санъаткорлар ва  маданият  ходимларидан таълим  олиб  келаётган ёш ходимлар соҳада юксак  муваффақиятларни  қўлга киритиб  келмоқдалар. Омманинг  сиёсий  онгини ошириш, эътиқодини мустаҳкамлаш  ва  дунёқарашини шакллантиришда,  миллий  маданиятни ривожлантиришда  нафақат Қорақалпоғистон Pеспубликаси бўйича, балки Ўзбекистон миқёсида ҳам салмоқли ютуқларга эришилмоқда. Хусусан, туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази  директори Олимбой  Эрниёзов билан ҳамкорликда аҳоли  билан  иш олиб  бориш  санъатини  пухта эгаллаган  Ойбек Бегимов, Меҳрибон Йўлдошева, Дилфуза Бобожонова, Насиба Ҳайитмуратова, Музаффар Ибрагимовлар аҳолига сидқидилдан хизмат  қилиб  келмоқдалар. "Учқун” ашула ва рақс халқ ансамбли бадиий раҳбари лавозимида ишлаб келаётган истеъдодли хонанда Мурод Ибрагимов учун бу йил омадли бўлди. У 2015 йил март ойида бўлиб ўтган "Отам - суянган тоғим, онам - меҳр булоғим!” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Pеспубликаси босқичида фахрли 2-ўринни эгаллашга муваффақ бўлди. 2015 йил 15 апрелда Қорақалпоғистон Pеспубликасида хизмат кўрсатган артист Д.Отажонов хотирасига бағишланган "Сўнмас юлдуз” танловида иштирок этиб, 2-ўринни эгаллади. 2015 йил 20 июнь куни К.Отаниёзов хотирасига бағишланган "Оташнафас қўшиқлар” Pеспублика танловининг Қорақалпоғистон Pеспубликаси босқичида 1-ўринни эгаллаб, Хоразм вилоятида бўлиб ўтган Pеспублика босқичида совриндор бўлди.

Туман маданият ва аҳоли дам олиш марказида 3 та халқ  ансамбли - "Учқун” ашула ва рақс халқ ансамбли, "Офарин” фольклор-этнографик халқ ансамбли, "Жайҳун мўъжизаси” анъанавий саҳна цирк халқ жамоалари халқимизнинг маънавий  қадриятларини тиклаш, уларни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, муқаддас динимиз, урф-одатларимизни, тарихий, илмий, номоддий-маданий меросимизни асраш ва юксалтириш борасида тинмай хизмат қилмоқдалар.

1973 йилда халқ ансамбли мақомини олишга сазовор бўлган "Учқун” ашула ва рақс халқ ансамбли бугунги кунда ҳам халқимизга беминнат хизмат қилиб келмоқда.

Ҳозирги кунда эл севган санъаткорларни бирлаштирган ансамблга Анвар Худойберганов бадиий,  Ваҳобжон Абдуллаев мусиқий раҳбарлик қилмоқда. Ёш истеъдод соҳиблари Ботиржон Норимбетов, Шаҳноза Аминбоевалар ансамблга истеъдодли ҳаваскор аъзоларни жалб қилиш борасида самарали меҳнат қилмоқдалар.

"Учқун” ашула ва рақс халқ ансамблининг мақсади туманимиз меҳнаткашларининг ишдан бўш  вақтлари ҳамда дам олиш кунларини мазмунли ва мароқли ўтказиш билан бир қаторда халқимизнинг маданиятини ривожлантириш, ёш истеъдодларни излаб топиш ва улар билан доимий иш олиб бориб, катта саҳналарга олиб чиқиш, қобилиятларини ривожлантиришга кўмаклашишдир.

Ўзбекистон Pеспубликаси Маданият ва спорт ишлари Вазирлиги қарорига биноан 2008 йил 1 ноябрда  ҳаваскорлик санъатини ривожлантиришдаги, миллий қадриятларни тиклашдаги фаол хизматлари ҳамда юксак ижрочилик маҳорати учун "Офарин” фольклор-этнографик  ансамблига "Халқ ҳаваскорлик жамоаси” мақоми берилди.

"Офарин”  фольклор-этнографик  ансамбли Тошкент  вилояти Бўстонлиқ туманида ўтказилган "Асрлар садоси” фестивалида иштирок қилиб, "Фонд форум” лауреати бўлиб қайтди. Жамоада ёш мутахассис Pинат Сафарбоев бадиий раҳбар бўлиб фаолият юритиб келмоқда. Сарвар Худойберганов мусиқий раҳбар, эл олқишига сазовор бўлиб, масхарабозлик санъатини қадрлаб келаётган Хайрулла Ҳабибуллаев балетмейстерлик қилиб келмоқда.

"Жайҳун мўъжизаси” анъанавий саҳна цирк ҳаваскорлик жамоаси 1983 йилда маданият уйида ташкил қилинган.

2009 йил 24 апрелда мазкур гуруҳга "Халқ ҳаваскорлик жамоаси” мақоми берилди. Жамоада Ҳайтбой Жуманиёзов, Комилжон Болтабоев, Баҳром Султонов, Илҳом Давлатёров, Pашид Султонов, Аминбой Жуманиёзовлар фаолият юритиб, эл-юрт олқишига сазовор бўлиб келмоқдалар.

Бу жамоа 2015 йил апрель ойида Самарқанд шаҳрида ўтказилган дорбозлар ва анъанавий цирк санъати жамоаларининг Pеспублика кўрик-фестивалида иштирок этиб, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланиб қайтди. Навоий шаҳрида бўлиб ўтган Халқ ижодиёти Pеспублика фестивалида "Учқун” ашула ва рақс халқ ансамбли, "Офарин” фольклор этнографик халқ жамоаси, "Жайҳун мўъжизаси” анъанавий саҳна цирк халқ жамоалари ўз дастурлари билан иштирок этиб, махсус дипломни қўлга киритишга муваффақ бўлишди.

Туман маданият ва спорт ишлари бўлими ёшларимиз орасидан энг истеъдодлиларини танлаб олиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида турли кўрик-танловлар ўтказиб келмоқда.

Эстрада ва анъанавий ижро, драма, мусиқа ва рақс йўнали-шида ташкил қилинган тўгаракларда қатнашчиларнинг сони йилдан-йилга ошиб бораётгани мазкур йўналишларга ёшлар ўртасида қизиқишнинг ортаётганидан далолат беради.

Она Ватан - Ўзбекистонимизни улуғлаш, уни кўз қорачиғидек асраш, шаън-у шарафини ҳимоя қилиш ва юксалтириш каби эзгу туйғуларни ўсиб келаётган ёш авлод қалбига сингдириш, Ватанга садоқат, унинг тақдири учун дахлдорлик ҳисси билан йўғрилган мазмунан теран, бадиий етук қўшиқлар яратишни рағбатлантириш ҳамда уларни халқимизнинг маънавий мулкига айлантириш мақсадида 2009 йилдан буён "Ягонасан, муқаддас Ватан!”  кўрик-танловини ўтказиш анъанага айланган. Айниқса, туманимизнинг энг чекка ҳудудларида гимнастика бўйича янги марказларнинг тузилиши натижасида қизларнинг бу нафис спорт тури билан шуғулланиш имкониятлари янада кенгайди. Сўнгги беш йилда бадиий гимнастика билан шуғулланадиган қизларнинг сони уч ҳиссага ошди. Бундан ташқари, стол тенниси билан шуғулланиб келаётган қизларнинг сони тобора ортмоқда.

Айни кунларда туман Маданият ва спорт ишлари бўлими ходимлари ёш раҳбар Шуҳрат Юсупов бошчилигида мамлакатимиз мустақиллигининг 24 йиллиги олдидан "Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш бўйича катта тайёргарлик ишларини олиб бормоқдалар.

Насиба ЭШЧОНОВА, туман Маданият ва аҳоли дам олиш марказининг ҳаваскорлик жамоалари ва ижодий тўгараклар фаолиятини ташкил этиш гуруҳи раҳбари. 

Янгиликни бўлишинг: