"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8314.85 +14.80
  • 1 EUR = 9408.25 -3.29
  • 1 RUB = 123.85 -2.39

ГАЗДАН ЗАҲАPЛАНГАНДА БИPИНЧИ ЁPДАМ

Маиший газ (плитадаги) ва ис гази (газнинг ёпиқ жойда ёнишидан ҳосил бўлган) инсон учун хавфли бўлган углерод (II) оксидини сақлайди. Унинг хавфи шундаки, нафас олганда қондаги гемоглобин билан бирикиб, кислороднинг ташилишига тўсқинлик қилади. Натижада аввало одамларда бош оғриғи, кўнгил айниши, қайт қилиш, ҳушидан кетиш ва кислород етишмовчилигидан ўлим ҳолати келиб чиқади.

Ис газидан заҳарланиш кўпинча одамлар ухлаётганда, ёш болалар қаровсиз қолганда, алькогол ёки наркотикдан мастлик ҳолатидаги одамлар қаровсиз қолганда рўй бериши мумкин.Кўпинча ис газидан  одамлар ёнғин пайтида заҳарланади.

Бундан ташқари, ис гази ёпиқ жойларда тўпланиши мумкин. Бундай пайтда газдан биринчи навбатда жабрланган одамни тезда ташқарига олиб чиқиш, агар бунинг иложи бўлмаса, эшик ва деразаларни очиб, хонани шамоллатиш зарур.

Агар жабрланган одамда пульс ва нафас олиш сезилмаса, сунъий нафас ва юракнинг ёпиқ массажини ўтказинг. Агар у ҳушсиз бўлса, пульс ва нафас бор бўлса, уни ёнбошлатиб ётқизиб, сиқиб турувчи кийимларини ечиб, бўйин ва кўкрак соҳасини очинг.

Агар хонада маиший ва ис гази ҳидини сезсангиз, асло олов ва чироқни ёқманг, акс ҳолда портлашга олиб келиши мумкин. Кўчага чиқинг, ёнғинга қарши курашувчилар ёки газ тармоқлари хизматчиларини чақиринг. Агар Сиз заҳарланган кишига ёрдам бермоқчи бўлсангиз, кимдир сизга кўмаклашишига ишонч ҳосил қилинг.

Маиший ва ис газидан заҳарланишда  даволаш қондаги углерод оксидини кислород билан алмаштиришдан иборат. Жабрланган киши тана ва тўқималарини кислород билан бойитиш мақсадида унга кислородли ниқоб кийгизилади. Маиший ва ис газидан заҳарланиш профилактикаси оддий эҳтиёт чораларини қўллашни талаб этади. Бунинг учун уйнинг ҳар бир хонасига маиший ва ис гази детекторини ўрнатинг. Детекторларни йилига икки марта текшириб туринг. Детекторлар ишламай қолганда ёнғинга қарши курашувчилар ёки газ тармоқлари хизматчиларини чақиринг. Машиналарни ҳайдашдан олдин гараж эшигини очиб қўйинг, тутун чиқарувчи найларини чиқинди ва қорлардан тозаланг.

Азиз юртдошлар! Газ ва бошқа маиший техникалардан йўриқномага асосан фойдаланинг. Газ плитаси ва газ печларидан уйни иситиш мақсадида асло фойдаланманг. Портатив газ плиталаридан очиқ ҳаводагина фойдаланинг. Бензин билан ишловчи электр токи генераторини ёпиқ жойларда қолдирманг. Газ асбоблари ва камин печларингиз ҳолатининг тўғрилигини таъминланг. Ёқилғи билан ишлайдиган иситиш мосламалари бор жойда болаларни асло қаровсиз қолдирманг.

И.НУPИМБЕТОВ, туман Тиббиёт бирлашмасининг кўп тармоқли поликлиникаси шифокори.

(Фото - http://www.uzbekistonovozi.uz)

Янгиликни бўлишинг: