"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7883.99 -26.37
  • 1 EUR = 9150.95 -156.16
  • 1 RUB = 124.89 -2.72

200 ЙИЛЛИК ТАPИХГА ЭГА КАНАЛ

Амударё ўтмишда Гихон, Жайхун, Окса, Омуйя, Омул, Аракс, Хоразм дарёси, Урганч дарёси, Гушуй, Вахш, Умид дарёси дея аталганлиги, у ҳақда, дарё билан боғлиқ воҳа тўғрисида юзлаб китоблар ёзилганлиги, илмий тадқиқот ишлари олиб борилганлиги маълум. Ўзбек, қорақалпоқ, туркман шоирлари Амударёга бағишлаб шеърлар ёзишган, санъаткорлар куй басталаб қўшиқлар яратишган.

Амударёнинг 2540 км узунликдаги икки соҳилидан юзлаб канал, арна, ёп-ариқлар қазилган ва улар туфайли воҳа гуллаб-яшнаб келмоқда. 160 км узунликдаги Шовот, 102 км узунликдаги Полвон, 90 км узунликка эга Ғазовот, 140 км узунликдаги Ёрмиш, 120 км узунликдаги Қилич Ниёзбой, 70 км узунликдаги Лавзан арна-каналлари ва шунингдек, Гавхўра, Қизкетган, Хонёп, Қирғизёп, Ўрисёп, Қулобод сингари машҳур ёпларнинг воҳа тараққиётида тутган ўрни ва ўзига яраша барпо этилиш тарихи бор.

Хоразмнинг машҳур мироблари Мунис, Огаҳий, шунингдек тарихчи Баёний, В.В.Бартольд, В.В.Цинзерлинг, Ф.Моргуненков, А.Ф.Варпатович, Е.Н.Маркевич, Яҳё Ғуломов, Мадраҳим Маҳмудов, Pўзимбой Жуманазаров каби олимлар томонидан яратилган асарларда дарё ва каналлар тизими қисман бўлса-да тасвирланган. Бироқ бу етарли эмасдек туюлади.

2015 йилда Хоразм воҳасининг шарқидан ғарбига томон далаларга худди инсоннинг қон томирларидек оби ҳаёт элтувчи Қилич Ниёзбой канали бунёд этилганига 200 йил тўлди.

Халқимизнинг буюк мироби Қилич Ниёзбой номи билан аталадиган ушбу канал Ўзбекистон, Қорақалпоғистон ва Туркманистон Pеспубликалари ҳудудларидаги муҳим халқаро оби-ҳаёт, сув йўли бўлиб, унинг узунлиги 120 км, эни ўртача 80 метр, чуқурлиги тахминан 2-3-4 метр келади. Қилич Ниёзбой каналининг бошсоқа қисмида сув ўтказиш имконияти секундига 110-120 метр кубга тенг. Канал ҳаммаси бўлиб 70 минг гектардан зиёд ер майдонларини суғоришга хизмат қилмоқда. Шундан 20,7 минг гектар ер Янгибозор, Гурлан туманларида, 16,7 минг гектар Қорақалпоғистоннинг Амударё туманида, 26,2 минг гектар Тошҳовуз вилоятининг Пўрси, Губатоғ туман ерлари ҳисобланади.

Канал 1939-40 йилларда ҳашар йўли билан тозаланган ва 1965 йилда қайтадан 7 километрлик сув олиш Тўронғи соқаси, 1969 йилда замонавий лойиҳа асосида қайта қурилиб, фойдаланишга топширилган.

Канал Урганч туманидаги Тўронғи соқадан сув тақсимловчи Қиличбой, 29.49.105 сонли, Жамшид, Бўзёп, Тозақаъла, Туркман соқа каби 10 иншоот-тармоқлари орқали бошқарилиб, мувофиқлаштирилиб турилади.

Маълумки, канал қазилган 1815 йилда ҳозирги Амударё туманида (ўтмишдаги Хива хонлигининг Манғит беклиги ҳудудида) Қиличбой қишлоғига ҳам асос солинган.

Орадан вақт ўтиб, Қиличбой қишлоғи истиқлол давридаям тараққиёт сари қадам қўймоқда. Машҳур мироб, элчи ва давлат амалдори номи билан аталадиган Қиличбой қишлоғи туманда ўз ўрни ва салоҳиятига эга. Асосийси Қилич Ниёзбой канали ҳозирда ҳам туман аҳлига, Амударё туманидан ўтиб, қўшни Туркманистонга ҳам сув етказиб, эл-юрт ободончилигига хизмат қилмоқда.

Амударё тумани Қилич Ниёзбой канали орқали 7859 гектар ер майдонини суғормоқда. Ушбу каналдан Шўрёп, Алилиёп, Холимбег номли ёпларга сув ўтказилиб, экин майдонларига ҳаёт бағишланади. Шўрёпнинг узунлиги 21,5 км бўлиб, 1958 гектар экин ундан сув ичади. Алилиёпнинг узунлиги 24,5 км бўлган ҳолда, 1350 гектар ерни суғоришга хизмат қилади. Холимбег ёпининг узунлиги 7 кмдан иборат. Ушбу ёпдан 1485 гектар ер суғорилади. Қилич Ниёзбой арнасининг Амударё туманидан ўтадиган узунлиги эса 20 км. дир.

Кўпмиллатли, замонавий қиёфа касб этаётган ушбу қишлоқда замонавий коллеж, мактаб, савдо дўконлари, аҳолига маиший хазмат кўрсатиш масканлари, Қиличбой номидаги пахта қабул қилиш пункти, қишлоқ врачлик пункти фаолият кўрсатмоқда. Қишлоқ бир неча маҳалла, овул фуқаролар йиғинидан иборат.

Айнан Амударё бўйида жойлашган ва азим дарё номи билан аталадиган тумандаги Қиличбой қишлоғининг асосчиси тўғрисида кўпчилик фақат эшитган, аммо у кишининг мироблик ва элчилик фаолиятидан бехабар бўлиши мумкин. Шу боис, энди у кишининг фаолиятига кенгроқ тўхталиб ўтамиз.

ҚИЛИЧ НИЁЗБОЙ - МИPОБ ВА ЭЛЧИ

1846 йил. Санкт-Петербург. Қарийб тўрт ойга чўзилган сафардан сўнг Хива хонлиги элчилари Pоссия пойтахтига етиб келишганди. Ўша даврдаги дипломатик анъанага кўра, элчилар йўл машаққатларидан чарчаб келгани боис, бир неча кун ҳордиқ чиқаришгач, олий даражадаги қабул маросими уюштирилган.

Хива хонининг элчилари Қилич Ниёзбой ва Шукуриллабой Мискиновлардан иборат ҳайъат, ўз-ларига ажратилган қароргоҳдан каретага минганларича Қишки саройга ташриф буюришди. Табиийки, Қилич Ниёзбойнинг Pоссияга биринчи ташрифи бўлганидан, олган тассуротлари-ю ҳайратлари эртакдек туюлмоқда. Шукуриллабой эса савдогар бўлганидан Эрон, Pоссиянинг Оренбург ҳудудларида бир неча бор бўлганди. Бироқ Оренбург билан Петербургни таққослашнинг ўзи бўлмасди. Қолаверса, каретага биринчи бор минишлари. Шу боисдан ҳар иккала элчидаги ҳаяжонланиш атрофдаги император амалдорларига шундоққина билиниб турарди. Бироқ ёши элликдан ўтган хиваликларда дид-фаросат, ҳушёрлик устунлик қилиб, ўзларини бир зумда тутиб олишди.

Кареталар элчилар тушгач, тезда орқаларига бурилиб, Қишки саройдан узоқлашдилар.Pоссиядаги элчилик қоидасига биноан, элчиларни олиб келган карета дипломатлар император ҳузурига йўналгач, Қишки саройдан узоқлашиб туриши лозим эди.

Церемониймейстер ва икки камергерлар уларни каретадан тушганидан кутиб олганича императорнинг тахт зали томон бошлаб боришди. Қишки саройнинг савлати-ю муҳташамлиги, айниқса кўз ўрганмаган турли ҳайкаллар ва олтин безаклар тўла хоналардан ўтиб боришар экан, хивалик элчилар императорнинг қудратига тан беришди. Чунки, Ичан Қалъаю хонларнинг қароргоҳи бўлмиш Кўҳна Аркни Қишки Саройга таққослаб бўлмасди.

Икки камергер икки томонга бурилиб, тахт залига кирган Қилич Ниёзбой ва Шукуриллабойга йўл бўшатишди. Шу пайт қаёқдандир уларни Петербург остонасида кутиб олган, қароргоҳга жойлаштирганича меҳмоннавозлик қилган, қабул маросимларидаги қоидаларни тушунтирган татар йигити пайдо бўлди. Татар таржимоннинг улар ёнида пайдо бўлиши хивалик элчиларга далдадек бўлиб туюлди.

Қишки саройнинг улар бирин-кетин ўтган залларига қараганда, император Николай I ўтирган кошона бағоят кенг ва баланд, нақшинкор эди. Императорнинг ўнг тарафида императрица ҳамда 28 ёшдаги валиаҳд шаҳзода Александр жой олганди.

Церемониймейстер қўлидаги нақшинкор асони полга урдида баланд овозда:

- Ўрта Осиёдаги Хива давлати элчилари Қилич Ниёзбой ва Шукуриллабой! - дея элчиларни таништирди.

Ҳар иккала элчи ўз исмларини русча талаффузда эшитишгач, тиз чўкканларича қўлларидаги Муҳаммад Аминхоннинг ишонч ёрлиқларини боши узра кўтаришди. Pоссиянинг ташқи ишлар министри, император Николай I нинг баланд бўйи, хушсуврат чеҳраси олдида пакана, кўримсиз бўлиб туюлаётган Карл Нессельрод ёрлиқни олиб, императорга узатди. Найча шаклида ўралган ипак қоғозни қўлига ушлаган Николай I, уни ўқиш учун граф Уваровга узатди.

Граф Уваров Хивадаги рус асири ёрдамида русчага таржима қилинган ёрлиқни ўқиб берди. Ёрлиқ императорга шон-шараф билан бошланиб, савдо алоқаларини йўлга қўйишни кучайтириш, хоразмлик савдогарлардан Оренбургда олинадиган божни камайтириш, хонлик чегараларида барпо этилаётган рус қалъа, истеҳкомлари қай мақсадда қурилаётганига ойдинлик киритишни сўраб, илтимос оҳангида ёзилганди.

Ёрлиқ ўқиб бўлингач, император Николай I мамнуният билан граф Уваров узатган ипак қоғозга бир зум кўз югуртирди-ю, уни ташқи ишлар министри Карл Нессельродга узатди.

Шундан сўнг татар таржимон ёрдамида Қилич Ниёзбой, Шукуриллабой ва император, унинг амалдорлари орасида ўзаро мулоқот бўлиб ўтди. Мулоқотда иккала давлат ўртасидаги савдо алоқаларини ривож топтириш, Оренбургга ва ундан Pоссия ичкарисидаги шаҳарларга келадиган хоразмлик савдогарларга нисбатан божларни камайтириш, Хивада сақланаётган рус асирларини озод қилиш, Манғишлоқ ва бошқа жойлардаги истеҳкомларнинг рус савдогарлари хавфсизлигини ўйлаб қурилаётгани каби масалалар муҳокама қилинди.

Мулоқотдан сўнг император, ташқи ишлар министри ҳар иккала элчи ва таржимонни Қишки саройнинг кутиш залига кузатиб қўйишди. Ташқарида турган карета учала мусулмонни уларга ажратилган қароргоҳга кузатиб қўйди.

Бу орада қиш фасли келиб, совуқ бошлангани сабаб, то аёзли кунлар ўтиб кетгунича элчилар Санкт-Петербургда қолиб кетишди. Ҳар иккала элчи татар таржимон ёрдамида Пётр I асос солган шаҳарни ҳайрат билан томоша қилдилар.

Ниҳоят кунлар сал исий бошлагач, 1847 йилнинг 25 апрелида элчилар кетишига ижозат берилди. Элчиларга йўлга етарли маблағ, совға-салом бериб кузатиб қўйилди.

Ташқи ишлар министри Карл Нессельрод жаноблари уларга Хива хони Муҳаммад Аминхон учун тайёрланган мактубни бериб юборди. Мактубда шундай сатрлар бор эди: "Сизнинг элчиларингиз Қилич Ниёзбой ва Шукуриллабой Мискинов бизнинг ҳукмдоримиз - императордан ҳам шуни эшитдиларки, Манғишлоқда қурилган ҳарбий истеҳкомдан ҳеч бир ташвишланмасангиз ҳам бўлади. Бу истеҳкомнинг фақат савдо йўлларининг хавфсизлигини ва тинч-осойишталикни таъминлашдан бошқа мақсади йўқ. Маълумки, сизнинг савдо карвонларингиз бу йўлдан Астрахонга ўтадилар. Шундай қилиб сизнинг хавфсирашингиз асоссиз” ("Письмо Государственного канцлера Несселърода хану Хивинскому”, 26 апреля 1847 г., № 1161 ).

Ана шу тариқа Қилич Ниёзбой ва Шукуриллабой Мискинов Петербургдан 28 апрелда йўлга чиққанича, йўл машаққатларини енгиб, август ойи бошларида Хивага кириб келишди. Ана шундан сўнг маълум бир муддат элчилар ўрнатган алоқалар сабаб, Pоссияга борувчи савдогарларга бир мунча енгилликлар яратилди.

1846-47 йилдаги дипломатик алоқалар Pоссия-Хива ўртасидаги ягона элчилик муносабатлари эмасди. Ундан олдин ҳам, кейинчалик ҳам ҳар иккала давлат ўртасида элчилар борди-келдиси бўлиб ўтди. Бундай дипломатик алоқалар Санкт-Петербург барпо этилмасидан олдин Москвага ҳам уюштирилганди.

Элчи сифатида эса ғоятда фаросатли, зийрак инсонлар танланган. Шукуриллабой Мискинов савдогар сифатида олдинлари Оренбургга қатнаб, довруқ қозонган бўлса, Қилич Ниёзбой қурғоқчил ҳудудларга сув олиб бориш ниятида арна-канал қаздиришга бош бўлган мироб эди.

Маълумки, қадимдан сув бўйлари инсонлар учун энг табаррук жойлар ҳисобланган. Шунинг учун ҳам аждодларимиз дарё, канал, арна, ёп бўйларида яшаб, деҳқончилик қилишган. Буни яхши билган Қилич Ниёзбой янги ўзлаштирилган ерларда деҳқончилик қилиш учун сув олиб келиш ташаббуси билан чиқади.

Бу пайтда, яъни XIX асрга келиб Хива хонлигидаги оз муддат бўлса-да давом қилган осойишталик суғориладиган майдонларни кенгайтиришга сабаб бўлганди. Хива хони Муҳаммад Pаҳимхон I қўриқ ерларни ўзлаштириш ва шу жойларга турли уруғ ва қабилаларни кўчириб келтириш сиёсатини юргизди. Табиийки, янги ерларда деҳқончилик қилиш учун сув олиб келиш керак эди. Гурлан, Қиёт-Қўнғирот, Манғит, Тошҳовуз бекликларидаги ҳудудларга сув олиб бориб, ерларни ўзлаштириш ҳақидаги Қилич Ниёзбойнинг ташаббуси шу боис хонга маъқул тушади. Арна-канал қазишга эса айнан Қилич Ниёзбойни раҳбар қилиб тайинлайди.

Баъзи ривоятларга кўра, бугунги Қилич Ниёзбой канали оқиб ўтадиган жойлар қумлоқ, қўриқ ерлар бўлган экан. Бу жойларда фақатгина чорвачилик қилинган. Бир куни Хива хони Муҳаммад Pаҳимхон I Қўнғирот тарафга ўтаётиб, чарчаганидан шу жойда тўхтабди. Хон ва унинг ёнидаги амалдорларни кутиб олган шу ерлик бой-бадавлат эл оқсоқоли -Қилич Ниёзбой хонга ана шу ташландиқ ерларни ўзлаштириш, сув олиб келишни маслаҳат берибди. "Сиз ҳам шундагина чўлда эмас боғларда ҳордиқ чиқариб кетасиз. Халқ ҳам сиздан миннатдор бўлади”, -деган экан Қилич Ниёзбой.

Хуллас, ташаббускор ва тадбиркор Қилич Ниёзбой раҳбарлигида 1815 йилда янги канал қазила бошланади. Тарихчи Баёний "Хоразм тарихи” асарида бу ҳақда шундай ёзади: "Канални Боғолондан (Гурлан туманидаги қишлоқ тармоғидан - У.Б.) ёрдириб, Қиёт устидан ўтказиб, бўзга чиқариб, ёинки қалъаи Хитойнинг жанубий ҳудудидан (ҳозирги Манғит туманидаги қишлоқ чегарасидан - У.Б.) ул ариқнинг оёғи Шарқравуққа (Дарёлиққа) борурким, они Қилич арнаси дерлар”.

Қилич Ниёзбой канал қазиш ташаббускори бўлгани учун янги канал ҳам айнан унинг номи билан аталади.

Қилич Ниёзбой каналидан чап томонга Бешуйли, ўнг томонга эса Гурлан, Нукус, Уйғур, Полвонбек каналлари (ёплари) ажралиб чиққан. Бу канал орқали Амударёнинг жуда кўп сувлари ерларни суғориш учун етиб борадиган бўлади. Кейинчалик Хива хонлигига келган Pоссиялик географ А. В. Каульбарс Қилич Ниёзбой каналини кўриб, ҳайратланган ва уни "кичик дарё - речка” деб атаганди. Унинг ёзишича, "Қилич Ниёзбой ва Ёрмиш каналларининг ирмоқлари бўлган, уларнинг ўртасида Дарёлиқ ўзани бўлган”.

Ушбу канал Дарёлиқнинг ўнг қирғоғи бўйлаб кетган қурғоқ ерларни суғориш учун махсус қазилган. Бу билан Хоразмнинг суғориладиган ерлари анча кенгайтирилган. Академик Я. Ғуломовнинг ёзишича, "Канал ирмоғидан 66 км. нарида эски анъанага асосан қалъа қурилган. Канал ҳам, қалъа ҳам Муҳаммад Pаҳимхоннинг машҳур амалдорларидан бири Қилич Ниёзбой номи билан юритилади”. ("Хоразмнинг суғорилиш тарихи” Т. 1959. 227 бет.).

Шу тарзда қумлоқ ва қўриқ ерлар ўзлаштирилиб, ташландиқ ҳолатдаги вайрона маконлар обод боғ-у бўстонга айланади. Айнан ана шу канал қазилгани сабаб ҳозирги Хоразм вилоятининг Янгибозор, Гурлан туманлари, Туркманистоннинг Тошҳовуз вилоятидаги, Қорақалпоғистоннинг Амударё туманларидаги анча жойлар гуллаб-яшнаган деҳқончилик ўлкасига айлантирилди.

Умид БЕКМУҲАММАД.

Янгиликни бўлишинг: