"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8181.08 +1.34
  • 1 EUR = 9427.06 -41.77
  • 1 RUB = 122.73 -3.84

АСОPАТИ ОFИP ХАСТАЛИК

Она бўлиш аёл кишиниг бахти, фарзанд эса унинг келажагидир. Халқимиз "Она билан бола-гул билан лола”, деб бежиз айтмаган. Дунёга келган янги меҳмон - фарзанд оилага ўзи билан олам-олам қувонч, бахт, ширин турмуш, ўзаро тотувлик олиб келади.

 Мамлакатимизда соғлом авлодни шакллантириш борасида кенг қамровли ишлар олиб бориляпти. Чақалоққа ҳаво қанчалик зарур бўлса, она сути ҳам шунчалик зарур. Она сутида юқумли касалликларга қарши антителолар бўлади. Улар болани турли касалликлардан сақлашда муҳим муҳофаза ролини бажаради. Она сутининг яна бир муҳим томони шундаки, унда бола организми учун зарур жуда кўп витаминлар бўлади. Она сутидаги барча озиқ моддаларни гўдак жуда яхши ҳазм қилади. Демак, болани кўкрак сути билан боқиш унинг сиҳат-саломат бўлишида муҳим аҳамиятга эга. Бироқ, она чилла даври касалликларига учраса, кўкрак учи қийилса, сут безлари яллиғланса (мастит), гўдакни эмизишда анча азоб тортади.
  Мастит кўпинча чилла даврининг 10 кунида кўпроқ, кейинги кунларда эса анча кам учрайди. Бу касаллик спорт ва жисмоний иш билан машғул бўлган аёлларга қараганда жисмонан заиф, чиниқмаган аёлларда кўпроқ учрайди. Натижада бундай аёлларда организмнинг ҳимоя кучи пасайиб кетади ва ҳар хил касалликларга чалинадиган бўлиб қоладилар.

   Мастит келиб чиқишининг асосий сабабларидан бири болани нотўғри эмизишдир. Айрим оналар, айниқса бизнинг иссиқ иқлим шароитида терлаб туриб, гигиена қоидаларига риоя қилмасдан эмизадилар. Ёш она ҳали тажрибасиз бўлганидан бола ҳар гал йиғлаганда пала-партиш эмизаверади. Албатта бу нотўғридир. Болани ҳар уч соатдан эмизишга одатланиш керак. Касаллик кўпинча бадан увишиши билан бошланади, ҳарорат кўтарилади, айрим вақтларда ҳарорат 39 даражадан ҳам ошиб кетади. Сут безлари катталашиб кетади, кучли оғриқ пайдо бўлади, кўкрак териси бироз қизаради, агар 3-4 кун ичида қўлланган даво чоралари натижасида иситма тушмаса, йиринг тўпланиб, касаллик зўрайиб кетади. Йиринг тўпланганда оғриқ яна ҳам зўраяди, ҳарорат кўтарилади, натижада онанинг аҳволи оғирлашиб, ҳатто болани эмиза олмай қолади. Яллиғланиш жараёни натижасида организмда тўқималарда ёт моддалар тўпланиб, маститга айланиб кетади.

   Кўпгина оналар яллиғланган кўкракни соғиб ташламасдан, болани эмизаверадилар, асло бундай қилмаслик керак, сабаби яллиғланган кўкракдан қон ва лимфа томирлари орқали онанинг сутига микроблар ўтиб боланинг ҳам касалланишига олиб келади. Маститни кўкракга сут келмай қолишидан ажрата билиш керак. Сут тўхтаб қолганда кўкрак катталашиб кетади. Териси сал қизаради, ҳарорат 37,5 - 38 даража атрофида бўлади. Агар сут тўхтаб қолса, уни соғиб ташлаш билан бирга сурги дорилар ичиш керак.

   Чилла даврида ҳарорат кўтарилганда албатта врачга бориб, маслаҳат олиш керак. Айрим вақтларда касалликнинг ўз вақтида олди олиниб, врач маслаҳати билан даволанилса ҳарорат тушади. Шунда баъзи аёллар даволанишга эътибор бермай қўядилар. Бинобарин, касаллик зўрайиб дори-дармонлар ёрдам бермай қўяди ва сут безларини операция қилишдан бошқа чора қолмайди.

   Мастит билан оғриган бемор врач маслаҳати билан ўз вақтида тўла-тўкис даволанганда 10-12 кун ичида соғайиб кетади. Йирингли мастит бир ой ва ундан ҳам кўпроқ вақтга чўзилади. Айрим аёллар кўкрак учи қийилганда ва мастит билан оғриб қолганда врач маслаҳатисиз ҳар хил малҳамлар қўядилар. Бу эса инфекциянинг чуқур қатламга киришига ёрдам беради.

   Эмизикли аёллар албатта гигиена қоидаларига риоя қилишлари лозим. Болани ҳар сафар эмизишдан олдин қўлни совунлаб ювиб, кўкрак учини фурацилин эритмаси билан, ҳеч бўлмаса қайнаб совиган сув билан ювиб эмизиши керак. Умуман, мастит бўлганда албатта врачга мурожаат қилиш зарур.


Мавлонберган ТАЖИБОЕВ,

туман кўптармоқли поликлиникаси жарроҳи,

ҚPда хизмат кўрсатган соғликни сақлаш ходими.

(Фото - http://soglom.uz)

Янгиликни бўлишинг: