"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8374.1 -18.96
  • 1 EUR = 9410.81 -136.15
  • 1 RUB = 126.18 -1.32

Саодатли ҳаёт йўли

Сиз кўриб турган ушбу фотосурат бундан роппа-роса ярим аср олдин олинган бўлиб, унда Иккинчи жаҳон урушидан кейин эл соғлиғи йўлида қирқ йилдан ортиқ фидойи меҳнат қилган, бутун куч-ғайратлари, билими ва бой тажрибаларини халқимиз сиҳат-саломатлиги йўлида сарфлаган фидойи инсонлар акс этган.

Суратда тасвирланган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ва ногирони марҳум Соатбой ота Худойберганов 1942 йил ёзда ҳозирги "Тўлқин” овули ҳудудидаги "Тама” овулидан ўз тенгқурлари қаторида немис-фашист босқинчиларига қарши жангга отланди.

Соатбой ота Худойберганов 2-Белорус фронтининг ўқчилар полкида алоқачи бўлиб жангга кирди. У ўз зиммасидаги масъулиятли жанговар вазифаларни муваффақиятли уддалаб, қўмондонликнинг қатор ташаккурномалари ва давлат мукофотларига сазавор бўлди, Белоруссиянинг кўпгина шаҳарлари ва қишлоқларини немис-фашист босқинчиларидан озод қилишда қаҳрамонлик намуналарини кўрсатди. Жангчилар Польша ерларига қадам қўйдилар.

Шиддатли беаёв жанглар тўхтовсиз давом этарди. Бир куни Польшанинг қуюқ ўрмони ичидан ўтишга тўғри келади. Шоша-пиша чекинаётган душман ўрмон ичкарисини миналаштиришни эсларидан чиқармаган эди. Соатбой ота Худойберганов югуриб бораётган қадамлари тагидаги шох-шаббалар остида мина яширилган эканми, шох-шаббани туртиб юбориши натижасида кутилмаганда мина портлайди ва қаҳрамонимиз мина зарбидан бир неча қадам нарига учиб тушади. Орадан қанча вақт ўтганини билмайди, ҳушига келиб кўзини очиб қараса дала госпиталида ётганини ва ўнг оёғидан буткул айрилганини кўради...

1945 йил ёзида Соатбой ота Худойберганов қўлтиқ таёқда ўзининг туғилиб ўсган "Тўлқин” овулига омон-эсон етиб келади ва собиқ Қипчоқ район ҳарбий комиссариати йўлланмаси билан Тўрткўлдаги тиббиёт билим юртига ўқишга жўнайди. Бу ерда у мазкур билим юртида таҳсил олаётган Орлова Анна Никитична билан танишиб қолади. Кўп ўтмай улар орасида муҳаббат ришталари бир умрга боғланиб, 1948 йил бошида одмигина никоҳ тўйлари бўлиб ўтади. Ҳар иккаласининг ҳам касби бир, яъни ўрта тиббиёт ходимлари сифатида ҳозирги "Тўлқин” овули ҳудудларида истиқомат қилаётган аҳолига ва "Чойкўл” овули ҳудудларининг бир қисмидаги аҳолига юқорида айтилганидек улар қирқ йилдан ортиқ елкама-елка туриб тиббий хизмат кўрсатишди. Тақдир уларни бу жиҳатдан ҳам сийлаган эди.

Иккинчи жаҳон уриши бошланиши билан тинч аҳоли мамлакат ичкарисига эвакуация қилинди. Pус миллатига мансуб Анна Орлова ҳам оиласи билан Хоразм вилояти туманларига келтириб жойлаштирилди. Бу пайтда Анна ўн етти ёшни тўлдириб ўн саккиз ёшга қадам қўяётган ўрта таълим мактабини битирган дуркун қиз эди. У қулай шарт шароит ва қулай фурсат келиши билан ота-онаси ва ака-укалари, опа-сингиллари маъқуллагач Тўрткўлдаги тиббиёт билим юртига ўқишга киради ва уни 1946 йил ёзида муваффақиятли битказиб чиқади ҳамда собиқ Қипчоқ райони ҳудуди-даги ҳозирги "Тўлқин” овулига ўрта тиббиёт ходими сифатида меҳнат фаолиятини бошлайди. У пайтларда ўпка-нафас йўллари шамоллаш касалликлари, юқумли ошқозон ичак касалликлари, сил касалликлари, кўз касалликларидан трахома, тери касалликларидан турли ярачақалар, кал ва терлатма касалликлари аҳоли орасида кўп учрарди. Кўпинча беморлар уйларида даволанардилар. Шунингдек, баъзи юқумли касалликларга қарши профилактик эмлаш ишлари ҳам олиб бориларди. Хуллас, шифокорлар қиладиган ишлар етарли эди. Зерикиш учун эса фурсат етишмасди.

Биз ҳикоя қилаётган марҳум Соатбой ота Худойберганов ва марҳума Орлова Анна Никитичналар меҳнатда фидойи бўлишлари билан бирга оилапарвар инсонлар ҳам эди. Уларнинг яхши ният билан қурган чиройли оилаларини етти нафар солиҳ фарзандлар янада гулгун, янада серфайз қилди. Фарзандларнинг кўпчилиги ўзлари танлаган мутахассисликлар бўйича олий ўқув юртларида ўқиб, ҳаёт йўлларини нурафшон этдилар. Шу жумладан, тўнғич ўғил Анатолий Худойберганов тиббиёт фанлари доктори, профессор, диетология фани бўйича таниқли олим бўлиб жаҳон соғликни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги вакили сифатида озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлиги бўйича кўламдор ишларни амалга оширмоқда.

Қобул ШОМУPОДОВ.

Янгиликни бўлишинг: