"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7997.95 -28.83
  • 1 EUR = 9396.79 -201.29
  • 1 RUB = 128.37 -1.63

КИТОБХОНЛИК ВА МУТОЛАА МАДАНИЯТИ ҲАФТАЛИГИ

Барча даврларда ҳам инсон ҳаёти учун энг зарур нарсалар қадрланиб, эъзозланган. Улардан энг муҳим ва азизи – нон, иккинчиси китобдир. Нон – инсон танасига куч-қувват берувчи моддий неъмат бўлса, китоб-ҳамиша инсоният учун маънавий бойлик, қудрат тимсоли бўлиб келган. Шу боис, халқимиз учун китобхонлик – маънавий давлатмандликдир.

Маълумки, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг ташаббуси билан барча таълим муассасаларида ташкил этилган "Ораста қизлар” тўгараги машғулотлари режасига "Китобхонлик ва китоб мутолааси” мавзусида тадбирлар ўтказиш киритилган. Шу асосда ёшлар, айниқса, қиз болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларни "Оммавий маданият”нинг ва мафкура майдонининг ҳар қандай хуружларидан ҳимоя қилиш, маънавий дунёсини бадиий етук асарларга сингдирилган ғоялар билан бойитиш мақсадида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан 2015 йил 25 майдан 28 майга қадар республикамизнинг барча ўқув муассасаларида "Китобхонлик ва мутолаа маданияти” мавзусидаги ҳафталик эълон қилинди. Мазкур ҳафталик бизнинг туманимизда ҳам кўтаринки руҳда ўтказилди.

Манғит иқтисодиёт коллежида шу йилнинг 28 май куни бўлиб ўтган "Китобхонлик ва мутолаа маданияти” ҳафталигининг якунига бағишланган тадбирда ҳафталик давомида туманимиздаги барча умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларидаги "Ораста қизлар” тўгарагининг фаол аъзолари бўлган ўқувчи-қизлар иштирок этишиб, ҳафталик давомида ўқилган китоблар ҳақидаги ўз хулосалари, тенгдошларига китобхонликни тарғиб этиш бўйича таклиф ҳамда фикрларини билдиришди.

Тадбирни туман Хотин-қизлар қўмитаси раиси Марям Аҳмедова очди ҳамда "Китобхонлик ва мутолаа маданияти” ҳафталигининг ёшлар тарбиясидаги аҳамияти, ҳафталикдан кутилаётган натижалар ҳақида гапирди.

Шундан сўнг, ҳафталик давомида ўқишга тавсия этилган И.А.Каримовнинг "Юксак маънавият – енгилмас куч” асари ҳақидаги тақдимот ҳамда китобхонликни оммалаштириш юзасидан тарғибот усуллари бўйича китобхон Мақсуда Ярашбоева, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоевнинг "Сариқ девни миниб” асари юзасидан Дилноза Нуримбетова, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг "Дунёнинг ишлари” асари бўйича Нафиса Гулимбетова, Антуан Де Сент-Экзюперининг "Кичкина шаҳзода” асари юзасидан Умида Ҳайитбоева ҳамда Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг "Сайланма” шеърлар тўплами юзасидан Севара Халиллаевалар батафсил сўз юритдилар.

Ҳафталик учун танлаб олинган ва туманимиздаги барча ўқув муассасаларидаги "Ораста қизлар” тўгараги аъзолари томонидан мутолаа этилган юқоридаги бешта асар бўйича китобхон қизлар ўз таассуротлари, фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар. Бешта асарга сингдирилган юксак инсонпарварлик, меҳнатсеварлик, ўзаро меҳр-оқибат, илм-ҳунар ўрганишга иштиёқ, дўстлик, тинчлик ва тотувлик, ватанпарварлик туйғулари ҳақида тўлиб-тошиб гапирдилар.

- Китоб расталарида китоблар кўп, - деди тадбир якунида туман ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Аҳмедова ёшларга қарата, - шу баробарида китобхонлар ҳам оз эмас. Лекин биз китобни танлаб, саралаб ўқишни биламизми? Гап - мана шунда. "Китобхонлик ва мутолаа маданияти” ҳафталигидан кўзланаётган мақсад – ёшларимиз тўғри келган китобни эмас, айнан бизнинг миллатимиз руҳига мос, қалбларга маънавий озиқ, бойлик берадиган асарларни ўқишларини тарғиб этишдир. Чунки, ҳозирги глобаллашув жараёнида бизнинг маънавий илдизларимизга болта уриш, "оммавий маданият”, диний экстремизм, диний ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилишга хизмат қилувчи китоблар ҳам ҳар хил йўллар билан четдан мамлакатимизга олиб келинаётир. Бундан ташқари, маънавий-тарбиявий аҳамияти саёз асарлар чоп этилаётир. Демак, ўқиладиган асарни танлай билиш ҳам санъат. Ўсиб келаётган ёшлар онгида ана шундай санъатни, тўғрироғи, маънавий иммунитетни шакллантиришимиз ва мустаҳкамлашимиз зарур.

"Китобхонлик ва мутолаа маданияти” ҳафталигига бағишланган тадбир иштирокчилари бўлган "Ораста қизлар” тўгараги аъзолари, туманимиздаги барча ўқув муассасаларининг ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчилари ҳафталик давомида ўқувчи-ёшлар томонидан ўқиб-ўрганилган асарларнинг ёш авлодни баркамол инсонлар қилиб тарбиялашдаги аҳамияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.
(Фото - http://uza.uz)
Янгиликни бўлишинг: