"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7997.95 -28.83
  • 1 EUR = 9396.79 -201.29
  • 1 RUB = 128.37 -1.63

ҚИСҚА САТPЛАPДА

Гимнастикачи қизлар беллашди

Яқинда Манғит иқтисодиёт коллежи спорт залида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан 2003-2005 йилларда туғилган қизлар орасида спортнинг бадиий гимнастика тури бўйича Болалар ва ўсмирлар спорт мактабларининг очиқ биринчилиги мусобақалари ўтказилди.

Мусобақада 1-, 3-сонли БЎСМлардаги ва "Баркамол авлод” болалар марказидаги бадиий гимнастика тўгаракларида тарбияланаётган 35 нафардан зиёд қизлар қатнашдилар.

Мусобақада улар предметли ва предметсиз чиқишларни намойиш этишди.

Ғолибларга "Камолот” ЁИҲнинг Фахрий ёрлиқлари ва ота-оналар ҳомийлигида совғалар топширилди.

Грант маблағи мониторинги

Ўтган йили 36-сонли мактаб раҳбарияти "Япония давлатининг кичик ҳажмдаги ижтимоий лойиҳалар учун беғараз ёрдам” дастурида ўзларининг лойиҳаси билан қатнашиб, 80517 АҚШ доллари миқдоридаги грант соҳиби бўлган эди.

Ўтган давр мобайнида ана шу маблағ асосида мактаб биноси таъмирланиб, тамоман янги қиёфа касб этди. Бундан ташқари, мактабга ўқув анжомлари, жиҳозлари, кутубхона учун жавонлар, спорт инвентарлари ва ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш мақсадида ташкил этилган тикувчилик тўгараги учун янги русумдаги 15 та тикув машинаси, компьютерлар, дурадгорлик тўгараги учун асбоб-анжомлар харид қилинди.

Яқинда Япониянинг мамлакатимиздаги элчихонаси ходимлари Му Кан ва Шин Ичи жаноблари грант маблағининг қай даражада сарфланганини мониторинг қилиш мақсадида мактабга ташриф буюрдилар ва бажарилган ишлардан мамнун бўлдилар.

Хотира турнири ўтказилди

9-май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан 30-сонли мактабда спортнинг шахмат тури бўйича Арслон Ниёзов хотирасига бағишланган турнир бўлиб ўтди.

Арслон Ниёзов 1938 йил 20 апрелда Хоразм вилоятининг Манғит туманида, хизматчи оиласида туғилди. Ҳозирги 1-сонли мактабни аъло баҳоларга битиргач, 30-сонли мактабда болалар етакчиси ва ўқитувчи бўлиб ишлади. 1965-1970 йилларда Нукус Давлат педагогика институтининг рус тили ва адабиёти факультетининг сиртқи бўлимида ўқиш баробарида 33-, 36-сонли мактабларда ўқувчиларга рус тили ва адабиётидан сабоқ берди. 1975-1980 йилларда 36-сонли мактабда директор ўринбосари, 1980-1983 йилларда туман Халқ таълими бўлими услубчиси, 1983-1985 йилларда 40-сонли мактаб директори, 1985-1998 йилларда туман халқ таълими бўлимида кадрлар ва мактаблар назоратчиси бўлиб ишлади. Кексалик нафақасига чиққан талабчан ва ишчан мураббий 2013 йилда 75 ёшида оламдан ўтди.

Турнирда 50 ёшдан ошган 14 нафар иштирокчилар орасида қипчоқлик шифокор Pустам Хидирбоев, 50 ёшгача бўлган иштирокчилар орасида Хоразм вилоятидан Махсуд Сапаев биринчи ўринни эгалладилар.

Шунингдек 20 ёшгача бўлган иштирокчилар орасида Хоразм вилоятидан Шаҳзод Абдушарипов, Тахиатош шаҳридан Сапарбек Ерғалиев, Хоразм вилоятидан Жасурбек Ҳайтбоевлар, 16 ёшгача бўлган иштирокчилар орасида эса тахиатошлик Мирзааҳмад Умирбоев, Мердан Тўраев, манғитлик Саидбек Қадамбоевлар, қизлар орасида тахиатошлик Моҳим Оразмуҳаммедова, Селби Какишова, хоразмлик Малоҳат Ҳайитбоевалар ғолиб бўлдилар.

Хотира турнирининг энг кекса иштирокчиси - манғитлик 80 ёшлик Қодир Султонмуродов, энг ёш иштирокчиси эса нукуслик Гулжамол Нурхўжаевалар бўлдилар.

Турнир ғолибларига, барча иштирокчиларига эсдалик совғалари топширилди.

Ойгул PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: