"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8181.08 +1.34
  • 1 EUR = 9427.06 -41.77
  • 1 RUB = 122.73 -3.84

ЗИММАМИЗДАГИ МУҚАДДАС БУPЧ

Аллоҳ таолонинг яратган махлуқотлари ичида энг азиз ва мукаррами инсон зоти экан, унинг ёши ҳам, қариси ҳам, аёли ҳам, эркаги ҳам бирдек қадр-қимматга эгадир. Ислом дини инсон қадрини шу даражада юқори кўтарганки, ҳатто унинг тириги билан ўлигининг ҳурмати бирдек қадрланади.

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар айтамизки, мана бугун улуғ аждодларимиз орзу қилган буюк неъмат - Ватан озодлиги ва мустақиллигига эришилган нурли кунларга етиб келдик. Истиқлол йилларида улуғ аждодлар хотирасини қадрлаш, мамлакат тараққиёти, юрт озодлиги йўлида жонбозлик кўрсатган фидойи юртдошларимиз руҳини шод этмоқ учун эзгу амалларга бел боғлашдек савоб юмуш дилимиздаги ёруғ ниятлардан бирига айланди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари ва ғоялари асосида, мана бир неча йилдирки, 9 май - Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонланмоқда. Бу кун нафақат жанг майдонларида шаҳид бўлганларни хотирлаш, балки фронт ортида фидокорона меҳнат қилган табаррук ёшдаги оталаримиз ва оналаримизга ҳам чексиз иззат ва эҳтиром кўрсатиш айёмидир. Шунингдек, она Ватанимизнингтараққиётига муносиб улушлар қўшган барча фахрийларимизни эъзозлаш, қадрлаш байрамидир.

Албатта, биз ҳамиша марҳумларимизни ёдга олиб, уларнинг руҳларини шод қилиш учун савобли амалларни бажарамиз, шу жумладан Қуръони карим оятларидан тиловатлар қилиб, уларнинг руҳларига бағишлаймиз. Зеро, ўтганларни эслаш ва уларга истиғфор айтиш, қабрларини зиёрат қилиш ва уларнинг ҳақларига дуолар қилиш барчамизнинг инсоний бурчимиздир.

Агар биз мусулмонлар аждодларимиз руҳларини шод этиш мақсадида уларни қанчалик кўп хотирласак, фарзандларимиз ҳам бундан яхши ибрат оладилар. Зеро, улар ҳам бизларни шундай хотирлаб, дуойи хайрларда бўлишади. Пайғамбаримиз (с.а.в) бундай деганлар: "Агар бир инсон вафот қилса, унинг амали тўхтайди. Фақатгина учта нарсадан унга фойда етиб туради: (қолдириб кетган) садақаи жория ёки фойдали илм ёхуд ҳақига дуо қилиб турадиган солиҳ фарзандларидан”.

Давлатимиз доим уруш қатнашчилари, кекса ёшдаги отахонларимиз, онахонларимизга катта эътибор билан ғамхўрлик қилиб келмоқда. Ҳукуматимиз кексаларнинг моддий фаровонликларини янада яхшилаш мақсадида бир қатор қарорлар қабул қилдики, бу барчани хурсанд этди. Президентимизнинг "1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони ҳамда муҳтарам Юртбошимизнинг: "Хотира - нафақат ўтмишни унутмаслик, балки бугунги ҳаётимизнинг қадрига етиш, эртанги кунни тўғри тасаввур этиш, демакдир. Хотира - инсонни келажакка очиқ кўз билан қарашга ўргатади. Шу боис, бугунги ёшлар оталаримизнинг юртимиз эрки ва озодлиги, миллатимиз равнақи йўлида чеккан заҳматлари, кўрсатган жасоратларини унутмаслиги даркор. Қадрлаш эса, хонадонларимизга файз-барака бағишлаб, қилаётган эзгу ишларимизга оқ фотиҳа тилаб ўтирган қарияларимизнинг ҳурматини жойига қўйишдир. Зеро, мўътабар отахон ва онахонларимизни ҳаётлигида қадрлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир”, - деган пурмаъно сўзлари барчанинг қалбига қувонч бағишлади.

Аллоҳ таоло барча марҳум аждодларимизни ўзининг раҳматига олиб, уларнинг ҳақларига қилаётган дуоларимизни ижобат қилиб, тирикларга фаровон ҳаёт, тинчлик-хотиржамлик ато этишини сўраб қоламиз!.

Абдураҳмон Матсапоев,

"Юсуф эшон бобо”

жомеъ масжиди имом-хатиби.

(Фото - http://uza.uz)

Янгиликни бўлишинг: