"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9455.24 +21.66
  • 1 EUR = 10438.6 +84.00
  • 1 RUB = 147.25 +1.25

СИЛ - ДАВОСИЗ ДАPД ЭМАС

Сил касаллиги сурункали инфекцион касаллик бўлиб, организм турли системаларининг зарарланиши турли - туман клиник белгилар билан кечади. Сил кўп тарқалган инфекцион касалликдир.

Силга хос белгилар: умумий ҳолсизлик, иштаҳа камлиги, таъсирчанлик, иш қобилиятининг пасайиши, озиб кетиш, тана ҳароратининг юқорилаши, кўкрак қафасида оғриқлар, нафас сиқиши, қон туфлаш.

Юқорида қайд этилган белгилар пайдо бўлса, фтизиатр шифокорга мурожаат қилиш зарур.

Йигирма биринчи асрга келиб ҳам сил касаллигининг тобора кўп тарқалиши соғликни сақлаш тизимида жиддий муаммо бўлиб қолмоқда.

Силга қарши кураш хизмати бугунги кунда юксак даражага кўтарилди ва давлат сиёсати даражасида эътироф этилди. Туманимизда силга қарши курашиш хизмати Кўп тармоқли марказий поликлиника Фтизиатрия бўлинмаси, марказий шифохона фтизиатрия бўлими ва Қишлоқ врачлик пунктлари томонидан амалга оширилмоқда . 2014 йил август ойида "Силни комплекс даволаш ҳамма учун” дастури бўйича Қорақалпоғистон Pеспубликаси Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги ва "Чегарасиз шифокорлар” ташкилоти томонидан умумий амалиёт шифокорлари, фтизиатрлар ва ўрта тиббий ходимларга ўқув тренинг машғулотлари ўтказилди. 2014 йил октябрь ойидан дорига турғун сил формалари аниқланиб, даволаш консилиуми қарори асосида даволаш ишлари олиб борилмоқда.

Сил касаллигига чалинган беморларни даволаш 6-8 ой, дорига турғун формаларига чалинган беморларни даволаш 20-24 ой муддатни талаб этади. Бу муддат давомида шифокорлар томонидан тавсия қилинган дориларни қабул қилишда танаффусга мутлақо йўл қўйилмаслиги керак.

Эсингизда тутинг: даволаниш давомида сил касаллигининг юқумлилиги камайиб боради. Сил касаллигини аниқлаш ва даволаш хизматлари бепул кўрсатилади. Нукус шаҳридаги Pеспублика силга қарши курашиш диспансери Pеференс лабораториясига беморларнинг балғам намуналари юборилиб, текшириш орқали сил жараёни аниқланади. Шунингдек, кўкрак қафаси флюрографияси ва рентгенографияси сил жараёнини аниқлашда катта аҳамиятга эга.

Аҳоли орасида силга қарши курашиш, силни барвақт аниқлаш мақсадида чуқурлаштирилган тиббий кўрикларда фаол қатнашиш мақсадга мувофиқдир. Шу билан бирга силнинг олдини олишда ҳар йили камида икки марта кўрикдан ўтиш, соғлом турмуш тарзига, шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш аҳамиятлидир.

Қисқа қилиб айтганда, сил давосиз дард эмас. У қанча эрта аниқланса, даволаш ҳам шунчалик осон бўлади.

Гулора АБДУЛЛАЕВА, туман Тиббиёт бирлашмаси фтизиатрия бўлими мудираси.

Феруза Тўраева,

фтизиатр.

(Фото - http://fsh.uz)

Янгиликни бўлишинг: