"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7883.99 -26.37
  • 1 EUR = 9150.95 -156.16
  • 1 RUB = 124.89 -2.72

ЎЗБЕКИСТОН ФЕPМЕPЛАPИ КЕНГАШИНИНГ МАМЛАКАТИМИЗ ФЕPМЕPЛАPИГА МУPОЖААТИ

Ҳурматли фермерлар!

Азиз ҳамкасблар!

Бугунги кунда биз учун давлатимиз томонидан яратиб берилган қулай шарт-шароит ва имтиёзлар ўзбек деҳқони номини янада юксакларга кўтариш имконини яратмоқда. Дунё аҳли бахтлилар мамлакати, дея ватанимизнинг гуллаб-яшнаётганига, халқимизнинг фаровон ҳаётига бежиз ҳавас билан қарамаяпти. Бундай эъзозга Сиз билан биз, толеи баланд юртдошлар сазовор бўлаяпмиз. Бугунги осойишталик, фаровон ҳаётимизни кўзқорачиғидек асраш ва юртимизни янада обод этиш барчамизнинг зиммамиздаги улкан масъулиятдир.

Шундай экан, она Ватанимизнинг бойлиги бўлган ерга муносабатимизни яна бир бор тубдан ўзгартириб, униб чиққанқут-барака манбаини меҳр билан парваришлаш, табиий офатларга, нохушликларга қарши мардонавор туриб, сабр-қаноат билан экин майдонларимизга ҳаёт бахш этиш, ҳар бир туп ғўза ниҳолига меҳр бериб, ўз фарзандимиздек парвариш қилсаккина юзларимиз ёруғ бўлиб, кўзлаган ҳосилни олишга эришишимизни унутмаслигимиз керак.

Албатта бугунги оғир меҳнат ортида тўкин дастурхон, фаровон кунларимиз мужассам эканини ҳис қилиб, зиммамиздаги ишларни виждонан, ҳалол бажариб, ғўза парваришида бироз ноқулайкелган об-ҳаво инжиқликларини мардонавор енгиб, шира, трипс ва ўргимчаккана каби экин кушандаларига қарши самарали курашайлик!

Азму шижоатли, фидойи ва мард дала меҳнаткашларининг бой тажрибаси, кескин тадбири ва жонкуярлигидан оқилона фойдаланган ҳолда ғўза парваришида белгиланган агротехник тадбирларни тизимли равишда амалга ошириб, далаларимизни бегона ўт босишига йўл қўймаслик чора- тадбирларини кўрайлик!

Ишчиларни дала шийпонларига, механизаторларни "механизаторлар уйига” кўчириб, улар учун барча зарур шарт-шароитларни яратинг, токи, уларнинг меҳнатлари маҳсули - мавсум охирида эришажак ютуқ ва натижалар барчамизга фахру ифтихор бағишласин!

Пухта ўйланган дала режасига асосан барча агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажаришга эришайлик!

Биз шараф билан зиммамизга олган фермерлик ҳаракатига жавобан, даласига меҳр қўйган, дала шийпонини иккинчи уйига айлантирган ва экинлари билан тиллаша оладиган фидойи фермерлар сафига қўшилинг.

Бугун ўзи ва фарзандлари тақдирини фермерлик билан боғлаган ҳар бир фермернинг жойи ўз даласида эканлигини унутманг!

Бутун рўзғорингизни кўчириб, далага олиб чиқинг, кўч-кўронингиз билан ўз далангиз тепасида бўлинг!

Ушбу муҳим паллада биринчи навбатда ғўзани сифатли культивация қилиш ва чуқур юмшатиш, ўз вақтида чопиқдан чиқариш, яганалаш тадбирларини якунига етказиш, ғўзани турли зараркунанда ва ҳашаротлардан асраш чора-тадбирларини изчил амалга ошириш орқали самарали натижаларга эришайлик.

Бугунги дала шароитидаги вазифаларимизнинг ўта муҳимлигини инобатга олиб, ҳар гектар ерга икки нафардан ишчи сафарбар этишга эришинг. Уларнинг дам олиши, иссиқ овқати, махсус кийим-боши, зарур анжомларининг талаб даражасида бўлиши Сизнинг олижаноб ҳимматингизга боғлиқ.

Ишчиларга ўзингизнинг меҳр-саҳоватингизни кўрсатинг!

Инсон омилини энг юқори даражага кўтаринг!

Азиз ҳамкасблар!

Фидойи фермерлар!

Ўтган йилларда Сизлар билан бирга яхши анъанага қўл урдик, яъни мамлакатимиздаги барча фермерларимиз "Деҳқончилик мажбуриятларини” қабул қилдилар. "Дала маданияти - фермер мажбурияти” шиори ҳар бир фермер қалбига муҳрланди. Давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан яратилаётган барча шароитлардан имкон қадар самарали фойдаланаётган фермерларимиз онгида ер нафақат давлатимизнинг битмас - туганмас бойлиги, балки у "менинг мулким, бойлигим, мендан фарзандларимга, фарзандларимдан набираларимга мерос бўлиб ўтади”, деган тушунча пайдо бўлди.

Сизларга яхши маълумки, 2013 йилда ҳукуматимиз Қарори билан "Пахта хом ашёсини етиштиришда юқори ҳосилдорликка эришган фермер хўжаликларини рағбатлантириш тартиби тўғрисида”ги НИЗОМга мувофиқ, 2014 йилда 1400 дан ортиқфермер хўжаликлари 40 центнердан юқори ҳосилдорликка эришганлиги учун бир йил давомида 7 та имтиёзлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлдилар. Бу эса меҳнатимизга берилган юксак баҳо, шунинг билан бирга, янги йил ҳосили чўғини янада ошириш учун ўзига хос рағбат бўлди.

Сизларҳам азму-қарорига вафодор пахтакорлар сафига қўшилинг! Пахтадан гектарига 40 центнер ва ундан юқори ҳосил олиб, 7 та қўшимча имтиёзга эга бўлинг!

Улкан тажрибангиз, етук билимингиздан самарали фойдаланинг! Пахта ҳосилдорлигини ўртача 2 центнерга оширишга эришинг!

Жорий мураккаб йилда пахта ривожини тезлатиш учун ўз вақтида ва қисқа фурсатда, сифатли ўтказилган ғўзани яганалаш тадбири ҳосилдорликни оширишда ва пахтани 5-6 кун эрта пиширишда муҳим аҳамиятга эга. Ортиқча кўчатлар қолмаслигига, асосий туплар озуқасини мустаҳкамлашга эътиборли бўлинг!

Айни пайтда ҳукуматимизнинг ғўза парваришига оид агротехник тадбирларни ташкил этиш жараёнида йўл қўйилаётган бепарволик ва лоқайдликҳолатларидан қайғураётганлиги бежиз эмас. Бу даромадларимизни бой бериб, фермер хўжаликларининг моддий манфаатдорлигига салбий таъсир этишини назарда тутсак, бугунги ҳар бир хатти-ҳаракатларимизга жуда катта масъулият билан ёндошишимиз лозимлиги аён бўлади.

Азиз фермерлар!

Шуўринда 2014 йили бунёд этилган 8 миллион 50 минг тоннадан зиёд улкан ғалла хирмони яратилишида "Ҳар гектардан 5 центнердан ортиқча ғалла етиштириш” шиорининг ҳам маълум маънода ўрни борлиги, қувонарли албатта. Чунки, етиштирилган ҳосилнинг ярмидан кўпроғи фермерларимизнинг ўзидақолди. Фойда олган ҳарқандай фермер кўнглида албатта янги-янги ғоялар пайдо бўлади. Маблағи бўлса, янги техника олади, хўжалигига замонавий технология киритади, мулкини кўпайтиради.

Қишлок хўжалигимиз шуҳратини юксакларга кўтараётган азиз фермерлар! Бу йил "олтин далаларимиз”дан 8,5 миллион тонналик "олтин бошоқ” йиғиб олиш учун бор куч-ғайратимизни ишга солайлик!

Масъулиятли мавсум даврида жонажон Ватанига, халқига фидойи фарзанд, деган шарафли номга эга эканлигимизни яна бир бор намоён этайлик!

Табиат куч-қудратимиз, сабр-бардошимизни яна бир бор синовдан ўтказаётган жорий йилда бир тану бир жон бўлиб, ғалладан мўл ҳосил етиштирайлик. Ҳар гектаридан ўртача 5 центнердан режага қўшимча ҳосил олишга эришайлик!

Қадрли ҳамкасблар! Фидойи фермерлар!

Бугун дунёнинг энг ривожланган давлатларида ҳам иқтисодий инқироз сабаб, йирик-йирик завод ва фабрикалар тўла қувват билан ишламаётгани, ишсизлар сони ошиб, инқирозга юз тутаётгани, ер юзидаги айрим давлатларда очлик ҳукм сураётгани ҳеч кимга сир эмас.

Шундай бир пайтда мамлакатимиз салоҳияти юксалиб, энг ривожланган мамлакатлар қаторидан муносиб ўрин олаётганимиз бизларга Яратганданберилган инъом, мамлакатимиздаги одилона ва оқилона сиёсат натижасидир.

Сиз билан биз ана шу жараёнларнинг фаол иштирокчиси эканимиздан доимо фахрланиб яшайлик. Бугунги натижалар билан чекланиб қолмай, чигит экилган майдон четлари ва уватларига сабзавот ҳамда полиз маҳсулотлари экиш ишларини изчил давом эттирайлик. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида олинган даромад салмоғи бугун барчани қувонтираяпти. Ҳар қарич ердан унумли фойдаланиб, ҳар бир гиёҳни даромад манбаига айлантира олиш даражасида иқтидорга эга Сиздек фермерларимиз, бу йил ҳам ҳар бир қарич ердан ризқ-насиба яратишларига ишончимиз комил.

Бу ҳаракатлар биринчи навбатда фермерларнинг ўзининг ва ишчилари дастурхонларининг тўкин бўлишига, мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотларининг тури кўпайиб, нархи арзонлашишига, бозорларимизнинг мўл-кўллигини таъминлашга ҳамда аҳоли турмуш даражасининг ўсишига хизмат қилади.

Ҳурматли фермерлар, ўз ишининг фидоийлари!

"Кексаларни эъзозлаш йили”да юртимизга Аллоҳдан барака тилаб, нуронийлар дуосини олайлик, уларнинг ҳар дуоси олтинга тенг. Фаришта мисоли оналаримизга меҳр-эҳтиром кўрсатиб, улар кўнглини тоғдек кўтарайлик, зеро, ҳосил хирмонингиз ҳам тоғдек юксак бўлади.

Бугунгидек ўта масъулиятли паллада ҳаёт манбаимиз сувдан самарали фойдаланишни йўлга қўйиб, ҳозирги кунда амалда қўлланилаётган тадбирларни, хусусан томчилатиб суғориш ишларини такомиллаштиринг!

Энг ривожланган давлатларнинг иш тажрибасига ёндошиб, муқобил энергия манбаларидан, биогаздан фойдаланинг!

Ҳукуматимиз томонидан яратиб берилаётган кенг имкониятлардан фойдаланиб, диққатингизни белгиланган майдонларда узумчилик ва боғдорчиликни ривожлантиришга қаратинг! Боғ қатор ораларини бўш қўймай, озиқ-овқат маҳсулотлари экиб, даромадингизни кўпайтиринг.

Ариқ, зовур бўйларига терак қаламчалари ва тут кўчатлари экинг. Дала шийпонларида ўз ишчи-хизматчиларингизни озиқ-овқат билан таъминлаш мақсадида 100 бошдан парранда, 10 бошдан сигир ва 10 қутидан асалари оиласини боқишни ташкил этишни давом эттиринг!

Деҳқончиликдаўзига хос мактаб яратган Сиздек фидойи фермерларнинг оғир ва айни пайтда шарафли меҳнати туфайли яратилган нозу неъматлар дунё бозорида бежиз юқори баҳоланмаяпти. Сиз қайта ишлаб, экспорт қилаётган озиқ-овқат маҳсулотларига талаб ортиб бораётгани эса жонажон ватанимизнинг серқуёшлиги-ю Сизнинг ҳалол меҳнатингиз маҳсулидир.

Яратиб берилган имтиёз ва имкониятлардан оқилона фойдаланинг. Бутун куч ва иқтидорингизни ишга солиб, ҳеч кимдан кам эмаслигингизни исботланг. Олинган даромад ва банк кредитлари ҳисобига хўжалигингизни кўп тармоқли фермер хўжалигига айлантиринг!

Қишлоқдаги мулкдор ва ҳақиқий етакчи куч сифатида, фаолиятингизга инвестицияларни жалб этиб, қишлоққа саноатни олиб кириш, шу орқали янги иш ўринлари яратиш,қишлоқларимизни янада обод ва кўркамқилиш, аҳоли фаровонлиги, маданияти ва маънавиятини янада юксалтириш учун Сиз фермерлар масъулсиз.

Ҳар бир Фермерлар кенгаши раиси ва аъзолари, тажрибали, кўп тармоқли фермер хўжаликлари раҳбарлари ўз ҳудудидаги "қолоқ фермер”ларга эътиборли бўлиши лозимлигини алоҳида эслатмоқчимиз. Уларни ўз ҳимоянгизга олинг, ҳар бир ишда ёнида бўлиб, сафингизга қўшинг, токи сизнинг иш тажрибангизга ҳавас қилиб, ортингиздан эргашсин. Зеро, Фермерлар кенгаши раислиги ва унинг аъзолигига туманлардаги энг фаол, иқтидорли, ташаббускор ва тажрибали, ўз ортидан юзлаб одамларни эргаштира олиш қобилиятига эга фермер хўжаликларининг раҳбарлари сайланган. "Қўлдан берганга қуш тўймас", деганларидек, ана шундай фермерларни қолоқликдан чиқариб, бор куч-қувват билан ишлашга ўргатайлик.

Юқоридаги мурожаатдан келиб чиқиб, ҳар бир фермер хўжалиги жорий йил учун "Деҳқончилик мажбуриятлари”ни қабул қилиши ва Фермерлар кенгашлари ушбу мажбуриятни назорат қилишни ўз зиммасига олиши мақсадга мувофиқбўлади.

Ишонамизки, бундай иш услуби ўз самарасини беради.

Азиз фермерлар, дала соҳиблари!

Шу кунгача ривожланган дунё фермерчилигининг кўп йиллик тажрибаларини ўргандик, ўз хўжалигимизга татбиқ этдик. Бугун ўз соҳасининг ҳақиқий усталари бўлган фермерларимиз фаолиятига дунё тан бермоқда. Энг ривожланган давлатларнинг мутахассислари ҳам фермерларимиздан иш ўрганмоқда. Бу ҳам қадим деҳқончилигимизнинг юксак маданиятидан далолатдир.

Сизларнинг мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, халқимиз турмуши фаровонлигини ошириш йўлидаги тинимсиз меҳнатингиз боис, халқимизнинг фаровон, тўкин-сочин ҳаёти, фарзандларимизнинг камоли, осуда келажаги кафолатланади. Ана шуни барчамиз қалбдан ҳис қилиб яшасаккина, кўзлаган мақсадимизга эришамиз.

Шу боис, барча имкониятларингизни ишга солиб, жорий йил қишлоқ хўжалигида энг юқори натижаларга эришинг!

Шу кунгача тўплаган бой тажрибаларингиздан самарали фойдаланинг!

Малакали мутахассис сифатида ёш, етарли малакага эга бўлмаган фермерлардан ўз маслаҳатларингизни аяманг!

Хўжалигингиздаги техника ва технологиялардан самарали фойдаланиб, ён-атрофингиздаги ҳамкасбларингизга кўмакдош бўлинг!

Ғўза парвариши бўйича белгиланган тадбирлар – культивация, суспензия, ҳашаротларга қарши кураш, яганалаш, далага маҳаллий ўғит чиқариш тадбирларини тизимли ташкил қилинг!

Ўсимликларни зарарли ҳашаротлардан ҳимоя қилиш учун биолабораториялар ишини тубдан яхшиланг, олтинкўз, трихограмма, бракон маҳсулотларини дала майдонларига ўз вақтида тизимли равишда чиқаринг!

Ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича тажрибали мутахассисларни ва олимларни далангизга жалб этинг!

Дала шийпонларини замонавий жиҳозлар билан жиҳозланг, хоналарини маънавият маркази даражасига етказинг!

Азизлар, ҳалол меҳнатимиз эвазига олаётган даромадларимиз ҳисобидан ўз туғилиб ўсган қишлоқларимизни яна ҳам боғу бўстонларга, гўзал масканларга айлантирайлик. Ҳар бир кўча ва гузарларни обод ва гўзал этиш, аҳоли фаровонлигини янада юксалтириш масъулияти Сизнинг зиммангизда эканини бир дақиқа бўлса ҳам унутманг!

Жорий йил қишлоқ хўжалигида барчангизга соғлик-саломатлик, куч-қувват, қут-барака ва улкан хирмон насиб этишини Аллоҳдан сўраймиз!

(Фото - http://www.turkistonpress.uz)

Янгиликни бўлишинг: