"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9411.3 +15.37
  • 1 EUR = 10421.1 +60.40
  • 1 RUB = 146.51 +3.04

ЮPИДИК ХИЗМАТ: АМАЛИЁТ ВА МУАММОЛАP

Ҳуқуқий демократик давлат барпо этишда, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида қонун устуворлигини таъминлашда ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятида қонунийликни таъминлашда, шунингдек меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш сифатини яхшилашда юридик хизмат муҳим ўрин тутади.

Таъкидлаш лозимки, давлат органининг юридик хизмати деганда, давлат органининг фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш мақсадида ташкил этиладиган ёки жорий қилинадиган мустақил таркибий бўлинма ёки лавозим тушунилади.

Юридик хизматнинг яна бир муҳим хусусиятларидан бири бу, унинг бевосита давлат органининг раҳбарига бўйсунишида кўринади.

Ташкилотларнинг юридик хизмати юридик департаменти, юридик бошқарма, юридик бўлим, юридик бюро шаклида ташкил қилиниши ёхуд битта штатдан иборат бош юрисконсульт, етакчи юрисконсульт, катта юрисконсульт ёки юрисконсульт бўлиши мумкин.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа давлат ташкилотларининг юридик хизмати ходими ёхуд юрисконсульт лавозимида олий юридик маълумотига эга бўлган шахс ишлаши мумкин. Юридик хизмати бошлиғи лавозимига эга, олий юридик маълумотидан ташқари, камида икки йиллик юридик хизмат ходими иш стажига эга бўлиши талаб этилади.

Ўзбекистон Pеспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 22 ноябрдаги 244-сонли қарори билан тасдиқланган "Юридик хизматлар ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисида”ги низомга мувофиқ ташкилотларнинг юридик хизматлари ходимлари тегишли равишда Ўзбекистон Pеспубликаси Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий органларида ҳар беш йилда бир марта аттестациядан ўтиши шарт. Юридик хизмат ходими лавозимига қабул қилинган шахслар ишга қабул қилинган кундан бошлаб олти ой мобайнида аттестациядан ўтишлари керак.

Бундан ташқари, қайд этиб ўтилган Низомга кўра, юридик хизматлар ходимлари ҳар беш йилда камида бир марта Ўзбекистон Pеспубликаси Адлия вазирлиги Юристлар малакасини ошириш марказида малакасини ошириши лозим.

Таъкидлаш лозимки, юридик хизмат фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилишда адлия органлари муҳим ўрин тутади.

Амалиёт шуни кўрсатадики, кучли ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлидан бораётган республикамиздаги айрим давлат органлари ва уларнинг тизимида ҳуқуқий ишлар ҳажми кенг кўламда бўлса-да, улар фаолиятида қонунийликни таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмаган. Яъни, уларда ҳуқуқий ишларнинг асосий ташкилотчиси бўлган юридик хизматнинг умуман мавжуд эмаслиги аниқланди.

Шу мақсадда бугунги кунда имкон қадар давлат бошқаруви органлари ва уларнинг ҳудудий бўлинмаларининг барчасида юридик хизмат фаолиятини ташкил этиш мақсадга мувофиқ.

Бундан ташқари, барча ташкилотларда ҳам юридик хизмат фаолиятини яхшилаш, уларга зарур шарт-шароит яратиб бериш, уларни ўз вақида аттестациядан ўтказиш ва малакасини ошириш чораларини кўриш ишлари лозим даражада таъминланаяпти, деб бўлмайди. Бу ўз навбатида, тегишли ташкилот раҳбарларининг бу соҳага иккинчи даражали иш сифатида қараётганлигини кўрсатади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, юридик хизматнинг қонуний тартибда фаолият юритиши мамалакатимизда ҳуқуқий демократик давлатни барпо этиш ва уни ривожлантиришга, фуқаролик жамиятини тўлақонли тарзда шакллантиришга, миллий қонунчилик тизимини такомиллаштиришга ва ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқий билимлари ва маданиятини юксалтиришга хизмат қилади.

Н.ЮЛДАШЕВ,

Қорақалпоғистон Pеспубликаси Адлия вазирлиги Ташкилий-назорат ва таҳлил шўъбаси бошлиғи, 3-даражали адлия маслаҳатчиси.

(Фото - http://www.adolatgzt.uz)
Янгиликни бўлишинг: