"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8181.08 +1.34
  • 1 EUR = 9427.06 -41.77
  • 1 RUB = 122.73 -3.84

КЕКСАЛАPИ АЗИЗ ДИЁP

Ҳаволари ўзгача макон

Қиличбой - ҳудуди анча кенг, тупроғи серҳосил, одамлари меҳнатга ҳамдам, суви, табиатида ҳикматлар жамул-жам элат. Бир чети қўшниХоразм вилояти, бир чети қардош Туркманистон Pеспубликаси ерларига туташ бу мўъжизакор заминда бир бора бўлган одамнинг дилида ҳайратлар, ҳаваслар уйғонади. "Нега?”, дейсизми? Боиси, бу заминда туманимизнинг ҳеч бир овулида учрамайдиган, таровати, маҳобати ўзгача боғ-роғлар, бири-биридан обод овуллар, осмонларни қучиб ётган азим теракзорлар бор. Шинам, озода кўчалар, эл-юрт фаровонлигидан дарак бериб, ҳосил тўплаётган полиз-у сабзавот пайкалларининг барқ уриб тургани-чи!

Қиличбой элининг ҳар бир қарич ерида ризқ-рўз, насиба уруғлари тупроқда илдиз отиб, қуёшга бўй чўзган ажиб бир ҳароратли кунда бу заминда бўлдик. Қачонлардир мустабид тузумнинг халқимизни "руслаштириш сиёсати” туфайли Қиличбой деган бепоён ва ўз тарихий номларига эга яхлит худуд М.Горький номи билан, унинг таркибидаги овуллар "Биринчи Москва”, "Иккинчи Москва”, "Куйбышев” каби номлар билан атала бошлаган кезларни қиличбойликлар ҳамон дилларида оғриниш билан эслашади. Хотира ва қадрлаш куни арафасидаги Қиличбой элига ижодий сафаримиз жараёнида шуни ҳис этдикки, бугун бу гўзал элатда ўз тарихий илдизидан куч олган, аждодлари анъанасига содиқ, элим, юртим, деб ҳаётини, умрини шу эл, она Ватан ободлигига, фаровонлигига бахшида этишга ҳар лаҳзада тайёр инсонлар яшашади. Улар –ўзларини фахр-у ифтихор билан "қиличбойликман”, деб билгувчи бу инсонлар "Хизр эли”, "Беш овул”, "Тош қалъа”, "Юқори қишлоқ ”, "Аёқчи”, "Қорамон”, "Бўз солма” номлари билан Қиличбой, Дўрман ҳамда Холимбег овуллари таркибидаги обод маҳаллаларда яшаб, меҳнат қилишади.

Юз билан юзлашган момо

- Қиличбой заминининг ҳар бир қарич ерининг, канал-у ариқларининг ўз тарихи бор, -дейди Қиличбой ОФЙ таркибидаги "Хизр эли” маҳалласида яшовчи 100 баҳорни кўрган онахон Парда момо Бекниёзова. - Элимизнинг одамлари эса, шажарасини суриштирсангиз, барчаси "Қиличниёзбой ҳазратларининг илдизиданман”, -дейишади.

– Pостдан ҳам шундайми, момо? –ҳайратимизни яширмадик. –Қиличниёзбой ҳазратларининг авлодлари униб-ўсиб Дўрман-у, Холимбег овулларига палак ёзган экан-да.

– Буниси Аллоҳга аён, болам, лекин Холимбег овулидами, Дўрман овулидами, қайси овулда яшашидан қатъий назар, элдошларимиз ўзларини: "мен Қиличбойнинг Дўрманиданман, Қиличбойнинг Холимбегиданман” ёки "Хизр эли”, "Қорамон” иданман, -деб таништиришларини, фахрланишларини яхши биламан-да...

Момонинг фикрлари теран, хотираси тиниқ. Ҳазил - мутойибани хуш кўрувчи феъли кенг. Ҳузурига келган ҳар бир киши билан алоҳида-алоҳида, ниҳоятда ширин, самимий сўрашишлари, ҳатто ўрнидан туриб, келгувчига пешвоз чиқишларини кўриб, ҳавасимиз келди, тўғриси.

- 1915 йилда туғилганман, -дейди момо. – Эсимни таниганимдан бери меҳнат қиламан. Ҳозир ҳам ёш бўлиб қолсам-у тўйиб-тўйиб ишласам, дейман. Бундайин инсон ва меҳнат қадр топган замонни мен умримда кўрганим йўқ. Ҳар ойда давлат нафақа бериб турибди. Овул-элда, маҳаллада ўз ўрним бор. Биров тўй бошладим, деб, яна биров тўй қилдим, деб, ҳайит ва байрам, деб савға-салом олиб келишади. Олис ўтмишни эсласам, эл-юртдаги тўкинчилик, фаровонликдан юрагим тошиб кетади, болам. Юртбошимизга раҳмат, биз қарияларга кўрсатилаётган ҳурмат ва эътиборни мен ўз умрим давомида фақат мустақилликдан сўнг кўрдим.

Парда момо ҳикоя қилишдан, бугунги дориломон кунларга шукрона айтишдан чарчамайдилар. Умрининг азоб-уқубатга тўла ўтмиш саҳифаларини эсларкан, 30-йиллардаги қатағон сиёсати туфайли дарбадарликда кечган йиллари, очарчилик, иккинчи жаҳон уруши давридаги фронт орти меҳнат машаққатлари туфайли тортган заҳматлари эвазига етишган "бу замонамиз кўзимга сурма”, дейди онахон.

-Тўрт нафар ўғил-қизим униб-ўсиб, Қиличбойга эл бўлиб кетишди. – Қувониб-қувониб невара-чевара-ю, эвара-дувара-ларини санаб, саноғидан адашган момо ҳазил-мутойиба аралаш қўшиб қўядилар. -Худо ҳохласа, Парда момонгиз 100 ёшдан, шох-у бутоқлари 110 дан ошаётир.

-Бу ёғини сўрасангиз, -дейди момонинг келинларидан бири Гулчеҳрахон опа, -яқинда энамизнинг ётлиғи, яъни саккизинчи авлоди ҳам дунёга келди. Буниси бегона бўлади, дейишади.

-Ҳай, болам, бизнинг ўзбек миллатида бегона бўлмайди, уни мен ётлиқ ёки бегона эмас, неварам деявераман. Ўша гўдакнинг қўлидан сариёғ ичдим-а!

- Бунда ҳам ҳикмат борми, момо, -қизиқдик.

-Бу –сариёғдай элга ёқсин, палаги тоза, томири майин бўлсин, дегани-да!

Момо билан хайрлашарканмиз, ёшига нисбатан анча тетик ва бардам Парда момо узундан-узоқ дуо қилдилар.

-Эл-юрт тинч, оилаларимиз обод бўлсин, фарзандларимиз асло завол кўрмасин, халқимиз ободлик, озодлик, ҳурлик, фаровонлик неъматларидан хамиша баҳраманд бўлсин!

Холимбеглик Тлав бобо

Қиличбой элининг оғир кунида ҳам, фаровонликка етишган дамларида ҳам доимо камарбаста бўлган инсонлардан бири холимбеглик Тлав бобо Матназаров 9 май –Хотира ва қадрлаш кунида 100 ёшга қадам қўядилар. 1916 йилда таваллуд топган отахон иккинчи жаҳон урушининг энг қайноқ нуқтаси –Воронеж фронтида илк урушга кирган кунини ҳамон юрагида урушга қарши чексиз нафрат билан эслайди:

-Эсласам, юрагим ўртанаверади, куяверади, болам, -йиллар ўз изини солган серажин юзи кўз ёшлари билан намланади бобонинг. -1942 йилнинг баҳори эди. Қисқа тайёргарликдан сўнг қўлимизга қурол олиб, урушга кирдик. Кўз ўнгимда ёниб, култепага айланган қишлоқлар, жон талашаётган бегуноҳ кексалар, аёллар, болалар... Қирғинбарот уруш эди бу, болам.

Тлав бобо 1942 йилдан 1945 йилнинг март ойигача Воронеж ва 1-Украина фронтларида фашизмга қарши аёвсиз жангларда иштирок этди. Бир неча марта яраланди, госпиталда даволаниб, яна жангга кирди. Жангларда кўрсатган жасорати учун "Қизил юлдуз” ордени ва бир неча жанговар медаллар билан тақдирланди. 1945 йилнинг март ойида Германиянинг Губин шаҳрини фашизм асоратидан қутқариш учун бўлган жангларнинг бирида кучли портлаш оқибатида оғир яраланиб, госпиталга тушди. Узоқ даволанишдан сўнг она юртига қайтган Тлав бобо Матназаров урушдан кейинги тикланиш йилларида Қиличбой элининг ҳар бир қарич ерини обод этиш, эл-юрт фаровонлигини таъминлашдек ҳайрли ишларда, туманимиз қишлоқ хўжалигини юксалтиришда фидойилик кўрсатди. Умрининг 40 йилини Қиличбой элида деҳқончилик маданиятини юксалтиришга бағишлади. Беш ўғил, беш қизни эл-юртга содиқ фарзандлар қилиб тарбиялади. Бугун умрининг юзинчи баҳорини қаршилаётган Тлав бобо Матназаровнинг фарзандлари невара-чевара-эвара-кувара-севара-дуваралари-ю юз ёшли хамюрти Парда момо айтганларидай, ўз фарзандидан ҳам суюмлироқ саккизинчи авлодлари бир жойга йиғилсалар, 150 нафардан ошиб кетар экан. Бобонинг рус миллатига мансуб келини Галя опанинг қиличбойлик онахонларникидан қолишмайдиган муомала –маданияти, меҳр-оқибатидан кўнглимиз тоғдай юксалди.

Юрт тупроғин тумор этиб...

- Мен урушга кетаётганимда Қиличбой арнага юзимни ювиб, тупроғини тумор қилиб олиб кетганман, - дейди Қиличбой овулида туғилиб-ўсган, бутун онгли ҳаётини шу овул фаровонлигига бахш этиб яшаган Pажаб бобо Юсупов. – Балки ана шу юрт тупроғи менга куч-қувват берганмикан, деб ўйлаб қоламан, баъзан. Худога шукур, урушдан эсон-омон қайтиб, то нафақага чиққунимча далада, колхознинг ёнилғи қуйиш шохобчасида ишладим.

Pажаб Юсупов 1943 йилнинг январь ойидан 1944 йилнинг охиригача Калинин фронтида душманга қарши жанг қилди. 1944 йилнинг декабрида оғир яраланган Pажаб Юсупов 1945 йилнинг бошида она қишлоғига қайтиб келди. Жанглардаги жасорати учун "Қизил юлдуз” ордени ва бир неча жанговар медаллар билан тақдирланди.

- Овулдаги ҳаёт урушдагидан кам эмасди, - олис йиллар хотираларидан сўзлайди бобо. – Ишонсанг, болам, халқ борини фронтга жўнатиб, очлик гирдобида қолганди. Кунжарани оғзимизга солиб, шимирдик. Сув ўтининг донини тегирмонда эзиб, ер эдик. Ҳатто баҳорда оғочнинг қобиғини чайнаб, ўрик дарахтининг томирини қуритиб, келида туйиб овқат ўрнида тановул қилганмиз. Қаҳатчилик кўплаб ҳамқишлоқларимизни ҳаётдан олиб кетди.

Очарчилик, уруш жароҳатлари, етар-етмасликдан эзилган халқни бир туйғу – киндик қони томган ерга чексиз меҳр, фидойилик туйғуси бирлаштириб турар, ана шу туйғуни дилига жо этиб, олдинга интилиб, келажакка ишонч билан яшашга одатланган қиличбойликлар билан бирга бетиним меҳнат қилган Pажаб бобо Юсупов 92 йиллик умри давомида ҳалоллиги, фидойи инсонлиги учун иззат-обрў топди. 11 нафар фарзандни тарбиялаб, мустаҳкам оила қўрғонини яратдики, бугунги кунда бу оила қўрғони бири-биридан ақлли, меҳнаткаш фарзандлар, невара-чеваралар билан янада файзли.

-Отамиз – уйимизнинг фариштаси,- дейди невара-чеваралари бобонинг елкаларидан қучиб.

Уруш жароҳати билан...

Машъум уруш бошланганида Бобожон Ортиқов Холимбег овулида ҳисобчилик қилиб, эл назарига тушган 20 яшар навқирон йигит эди. Ҳалиям эсида: урушга жўнайдиган куни фақат Холимбег овули эмас, бутун Қиличбой эли уларни кузатгани чиқишган. Чунки ўша машъум кунда Қиличбойнинг Дўрманидан, Холимбеги-ю, "Хизр эли”, "Қорамон”-у "Беш овул”ларидан бир неча ўн чоғли йигитлар сафар халталарини олиб, йўлга чиқишган эди. Ким ўғлини, ким умр йўлдошини, яна кимдир ака-укасини йиғи-сиғи билан кузатиб қолишган.

- Ўша кетганлардан қайтганлар кам бўлди, - оғир хўрсиниш билан эслайди бобо. – Қайтганларнинг ҳам кўпчилиги яримжон, ногирон бўлиб қайтишди.

Бобожон ота Ортиқовнинг ўзи ҳам мана 70 йилдан ошдики, ҳамон уруш жароҳатлари азобини тотиб келади. 1941 йилда Украина фронти таркибидаги ҳарбий қисмлардан бирида жангга кириб, ҳаётининг салкам уч йилини оловли уруш окопларида ўтказган Бобожон Ортиқов уруш даҳшатлари ҳақида умуман сўзлагилари келмайди.

– Урушнинг номи ўчсин, болаларим, - дейди у ўтмиш хотираларидан кўз юмиб, - ўтмишда қолган қийноқлар, азобларни қўзғамайлик. Шаҳид кетган уруш жангчиларининг, гўдаклигида халок бўлган уруш болаларининг, Ватан, деб жон берган кекса-ю аёлларнинг руҳини шод этмоқ учун тинчликнинг қадрига етиб яшанг. Бундайин дориломон замон инсоният тарихида бўлган эмас. Мен Яратганга шукрлар айтаман, сабаби, даҳшатлар исканжасидан омон қайтиб, 40 йилдан зиёд эл-юрт хизматини қилиб яшашга муяссар бўлдим. Инсон учун бундан ортиқ бахт бўлмайди, болаларим.

Меҳнатни яхши кўрадиган Pажаб бобо

Бобожон бобо Ортиқов, Тлав бобо Матназаров, Pажаб бобо Юсуповларнинг оловли йиллар хотиралари таъсирида Pажаб бобо Эшманов хонадонига кириб борарканмиз, остонадаёқ бобонинг: -Кираверинглар, мен уйдаман, -деган чорловини эшитиб, бобо ҳузурига ошиқдик.

92 ёшли Pажаб бобо ёшига нисбатан анчайин тетик кўринар, ўз ҳаётига оид йил ва ой саналари билан боғлиқ хотираларини ҳеч янгилишмасдан ҳикоя қиларди.

- Инсон кўнглини хотиржам қилувчи нарса нима, биласизларми? – дейди бобо мамнуният билан. – Бу – инсон қадр-қиммати ҳақида ғамхўрлик. Тўғрисини айтсам, бизнинг Ўзбекистонда инсон қадри, меҳнатининг қадри жуда баланд. Юртбошимизга минг раҳмат. Биз кексаларни бир лаҳза ҳам унутганлари йўқ. Эъзоз ва эътибор қуршовидамиз. Ҳар куни эшигимиздан:

- Pажаб бобо, - деб кимдир кириб келади. Бири Президент совғасини, бири туман ҳокимининг совғасини, яна бири мудофаага кўмаклашувчи "Ватанпарвар” ташкилотидан совға-саломлар келтиришади. Гап совғада эмас, эътиборда! Биз қарияларни эсдан чиқармай, эшигимизни тақиллатиб келишларининг ўзи инсонпарварликнинг энг олий белгиси.

Уруш ва меҳнат фахрийси, бири-биридан солиҳ фарзандларнинг ардоқли отаси Pажаб бобо Эшманов ҳар икки гапининг бирида:

- Меҳнат - менинг сирдошим, - дейдилар кулиб. – Томорқага чиқиб, кампиримга қарашиб тураман. Марямжон энангиз ҳам ҳеч тиниб-тинчимайдиганлардан.

Бобонинг томорқасида эртаги картошка яқиндагина чопиқ қилинибди, боғдаги дарахтлар мева туккан.

– 17 нафар келинимиз бор, - дейди бобо. – Бири-биридан яхши, - келинларининг исмларини адашмай айтиб берадилар, – невараларим жуда кўп, - деб қўяди мамнуният билан.

Pажаб бобо билан хайрлашарканмиз, қўлларини дуога очдилар:

- Қани, илоҳо омин, болаларим, ҳеч қачон инсон зоти уруш кўрмасин! Уруш очганларнинг жазосини Худойимнинг ўзи берсин. Элимиз тинч, Юртбошимиз раҳнамолигида Ватанимизнинг эртаси янада обод, фарзандларимиз омон бўлишсин!

- Айтганингиз келсин, бобо!

Қиличбой заминининг ҳузурбахш ҳавосидан баҳра олиб, эл-юрт ардоғига муносиб инсонлар ҳузуридан қайтарканмиз, ижодий сафардаги ҳамроҳларим – суратчи-мухбир Маҳмуджон Шомуродов ва Мансур Тожибоевлар ўйлашиб олгандай бир гапни айтишди:

- Қиличбойнинг ер-сувида, табиатида бир ҳикмат бор-а, Pобия опа. Одамлари ҳам жуда бошқача, меҳмондўст, самимий, иродали...

Шундай, бу элни улуғ қилган ҳам қиличбойликларга хос меҳнаткашлик, юртга фидойилик, ўзаро меҳр-оқибат. Ана шу туй-ғулар боис, бу заминда 100 билан юзлашаётган феъли кенг, кўнгли очиқ инсонлар яшашади. Ана шундай пир-у бадавлат инсонлар борлиги учун Қиличниёзбой ҳазратларининг бугунги авлодлари обод этган бу элатнинг одамни ўзига тортадиган оҳанрабоси, фариштаси бор.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

М.Шомуродов олган суратлар.

Янгиликни бўлишинг: