"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8460.92 +1.84
  • 1 EUR = 9439 -62.05
  • 1 RUB = 131.06 +1.26

МЕВАЛИ ДАPАХТГА МЕҲP БЕPГАН БОҒБОН

(«Амударёлик зиёкорлар» китобини ўқиб)

 

Қувончли лаҳзалар

Қариндошимникида тўйда эдим. Даврада ўтирган бир аёл: «Сиз Ҳайитгул опамисиз?» - деб сўради.

- Ҳа, сиз ўқитувчимисиз? – дея сўрадим.

- Мен иқтисодчиман. Ҳожи отанинг китоби чиқибди. Унда менинг қайнотамнинг ҳам, сизнинг ҳам расмларингиз бор экан, – деди.

Бу аёл Ўрозбой Ҳусаиновнинг келини экан…

Неварам билан бозорга бориш учун таксига чиқдим. Ҳайдовчи йигит салом бериб сўради:

- Ҳайитгул опа, Ҳожи отанинг китоби чиқибди, унда сиз ҳам бор экансиз, ўқидингизми?

Ҳали китобни қўлимга олмасдан туриб бир фахр ҳиссини туйдим: Одамлар китоб ўқимай қўйди, деймиз. Йўқ, одамлар китоб ўқийди. Фақат ўқишга арзийдиган яхши китоб бўлса ўқийди, одамлар…

Мен ишлаган мактаб

Мен Университетни битириб 30-сон мактабга ишга келганман. Ва шу даргоҳдан пенсияга чиққанман. Шу мактабда, шундай касбдошлар билан ишлаганимга минг марта шукроналар айтаман. 30-мактабда ишлаган касбдош аёллар йиғилишиб турамиз. Бу галги ўтиришимизга Гўзал Маҳмудова китоб кўтариб келди.

- Мана, қаранглар, Ҳожи оғанинг китоби, бизнинг мактабдан кўп ўқитувчилар бор, Сизлар ҳам, менинг отам ҳам бор.

Гўзал Зариф Маҳмудовнинг қизи, 30-сон мактабда ўқиган, ҳозир шу мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайди. Ҳақиқатан ҳам даврадошларнинг ёки ўзлари ёки ота-онаси, яқин қариндоши бор эди бу китобда…

Pус мактаби директори Анвар Гимранович Хамзинни кўпчилик билади. Чунки 30-мактабни «Хамзиннинг мактаби» дейишарди. Менинг мактабга келиб илк учратган устозим, биринчи директорим. Унинг катта келини Хамзина Ольга Фёдоровна шу ерда, 30-сон мактабда рус тили ўқитувчиси бўлиб ишлади. Ҳозир пенсияда.

Кузнецова Валентина Петровна эса Хамзиндан кейинги директоримиз, даврамиз онахони, сирдошимиз, ҳамма муаммоларимизни у кишига келиб айтардик, бизни койиб-юпатиб йўлга соларди.

Файзуллаева Гулбаро – халқ таълими бўлими мудири, кейинчалик мактабимиз директори.

- Менинг ҳам отам, ҳам онам бор экан бу китобда – қувониб дейди Хуршида Матчонова.

У Собир Матчонов ва Гавҳар Ҳамидованинг қизи, 3-сонли Амударё академик лицейи ўқитувчиси. Китобдаги Лилия Садзарованинг қизи Галина Қурбонова эса 30-сон мактабда ўқиган. У 83-мактаб боғча директори лавозимида кўп йил ишлади.

Биз биримиз олиб, биримиз қўйиб китоб варақлаймиз ва 30-сонли мактаб ўқитувчиларининг кўпчилигини учратамиз. Pаҳим Мадиёров, Pаҳим Дўсбеков, Камол Соатов, Эркин Абдушарипов…

ОНАМНИНГ УСТОЗИ – МЕНИНГ ҲАМ УСТОЗИМ

Мен Қипчоқ қишлоғидаги 11-сон мактабда ўқиганман. Китобни варақлар эканман, бизни ўқитган муаллимларимиз ҳақидаги лавҳаларни ўқиб яна ўқувчилик давримга қайтгандай бўлдим.

«Доно устоздан аъло шогирдлар чиқади». Бу она тили ва адабиёт фани ўқитувчимиз Ўрозбой Искандаровга берилган баҳо. У нафақат мени, балки менинг онамни ҳам ўқитганлар. Онам раҳматлининг ҳикоя қилишича, Ўрозбой муаллим урушга кетаётганида бутун мактаб ўқувчилари дарё бўйида, кетаётган параход изидан йиғлаб қолишган экан...

ОНАМНИНГ СИНФДОШЛАPИ – МЕНИНГ УСТОЗЛАPИМ   

Китобни бир олам қувонч, таърифлаб бўлмас бир ҳаяжон билан ўқишда давом қиламан. Мана, яна менинг устозларим, онам раҳматлининг синфдошлари.

Мактабда ўқиган пайтларим онам бир гапни кўп айтардилар:

«Мактабда сени менинг синфдошларим ўқитишади, менинг юзимни ерга қаратма!» Онамнинг устозларга бўлган ҳурмат-эҳтироми бизга болалигимиздан мерос бўлиб қолди.

«Юрт оғаси» таърифи – Айтжон Мусаевга берилган баҳо.  «Қатъиятли инсон»  эса -  мактабимиз директори Нурим оға Жуманиёзовга. Етуклик аттестатини у кишининг қўлидан олганмиз. Қаттиққўл раҳбар бўлгани учун ундан ҳайиқиб турсакда у кишини жуда яхши кўрардик. Нурим оға ҳаёт чоғларида синфдошларимизнинг ҳар галги учрашувига келиб, азиз меҳмонимиз бўлардилар.

«Яхши ният - ярим давлат» - бу Абдураим Маткаримов ҳақидаги лавҳа. Ўтган йили синфдошларимизнинг 45 йиллик учрашувига турмуш ўртоғи Марям опа билан келдилар. Ҳассага таяниб, кексайиб қолган устозимиз ҳар биримиз билан қучоқлашиб кўришаркан, кўзларида қувонч ёшлари қалқиди.

МЕН ШУ УСТОЗЛАP ҚЎЛИДА ЎҚИГАНМАН

Китобни яна ўқишда давом этаман ва кўнглим ажиб бир ғурурга тўлади. Яна биз таълим олган устозлар: Жалғаш Мадиёров, Жумабой Холмуродов, Болтабой Қўшаев, Давлатбой Хўжаметов, Ўғилжон Бобониёзова, Кошева Зинаида Тагировна, Йўлдош Эшмуродов, жангчи-педагог Янгибой Қурбонбоев – булар ҳаммаси менинг устозларим, озми-кўпми бизга меҳнати сингган муаллимлар.

Мана, Қозоқ Юсупов… Бу ўқитувчимни эсласам, хаёлим олис абитуриентлик давримга кетади. У пайтлари қай бир олий ўқув юртига кирмоқчи бўлсангиз она тили ва адабиёт фанидан ёзма имтиҳон - иншо ёзиш шарт эди. Мен ҳам ТошДУ (ҳозирги Миллий Университет)да иншо ёзганман. Ҳозиргидек эсимда, эркин мавзуни танладим. Ойбек домланинг «Қутлуғ қон» романидаги Гулнор - мен севган қаҳрамон». Иншони топшираётганимда имтиҳон олувчи домла:

- Сени Юсупов Қозоқ ака ўқитдими? - деб сўради.

Мен, қишлоқдан келган ёш қиз шундай нуфузли даргоҳда ўқитувчимни сўрашганидан эсанкираб қолган бўлсам керак, зўрға «ҳа» дедим. Кейин билсам бу домла таниқли адабиётшунос олим Норбой Худойберганов экан.

Мен  иншодан  «беш» баҳо  олдим. Шунда Норбой Худойберганов: «Амударё – менинг юртим, забардаст ўқитувчилар бор» деган эдилар. Мен 11-сон мактабда ўқиганимдан, 30-сон мактабда ишлаганимдан ва ўқитувчилик касбини танлаганимдан ҳамма вақт фахрланиб юраман ва Аллоҳга беадад шукроналар айтаман.

Китобда туман ҳокими Pажаббой Йўлдошев ўқитувчилар ҳақида жуда самимий фикрлар билдирган. Аслида туманимиз раҳбари фақат китобда эмас, ҳаётда ҳам ўқитувчиларни  ғоят ҳурмат қилиб,  қадрлашини у кишининг таълим соҳасига бўлган эътиборидан яхши биламан.

Китобни ўқир эканман, муаллифнинг «Хотима» бобида ёзган бир ибораси эътиборимни тортди.

«Эҳтимол, кимгадир муболаға, кимгадир мақтаниш бўлиб туюлар. Лекин қўлингиздаги асарнинг яратилиши мен учун бутун умрим давомида қилган меҳнатларим, изланишларим ва кузатишларимнинг амалий ижобати бўлди». Ўйга толдим: Бу муболаға эмас, бу мақтаниш ҳам эмас. Бу устозларни қадрлай билиш, бу ифтихор туйғуси! Мен Қодирберган ҳожи Жумамуродовни яхши танийман. Дангал гапирадиган мард инсон. Устозларни ардоқлаб, ўтганларни хотирлаб, ҳаёт эканларини чексиз қувонтириб, шундай китоб ёзиб, ўзининг айтишича «савоб иш» қилган Ҳожи оғадан қанчадан-қанча одамлар миннатдор бўлишди. Бировнинг ишига баҳо беришда турли фикрлар бўлиши табиий ҳол. Шундай вақтда «мевали дарахтга тош отилади» деб ўзимизга таскин берамиз. Мевали дарахтга ким тош отади, биласизми? Умрида бир туп дарахт экмаган, ўзининг қўлидан бирор иш келмаса ҳам қилдан қийиқ ахтарадиган маънавиятсиз кимсалар мевали дарахтга тош отишади. Дарахт ўстириш машаққатини чеккан, мевасидан одамлар баҳраманд бўлсин, дегувчилар асло тош отишмайди. Қайтага шу дарахтни парваришлаб, унга меҳр беришади, меваларидан одамларга улашиб, улар билан бирга завқ олишади.

Мен бу китобни мевали дарахтга ўхшатдим. Томирлари – ўтмишимиз, кечаги кунимизни қадрлаб, бугунги бахтиёр замонамизга тамал тошларини қўйган азиз устозлар ёди. Гуркираб ўсаётган шохлари Ҳожи оға эҳтиром билан таърифлаган замондошларимиз. Дарахтни парваришлаб, меҳр берган, ҳосилини юртга тутган боғбон каби «Амударёлик зиёкорлар» китоби муаллифи Қодирберган ҳожи Жумамуродовга барча устозларим, касбдошларим номидан чуқур таъзим билан миннатдорчилик билдираман.


Ҳайитгул ЙЎЛДОШЕВА,

Ўзбекистон Pеспубликаси халқ ўқитувчиси, фахрий устоз.

Янгиликни бўлишинг: