"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8374.1 -18.96
  • 1 EUR = 9410.81 -136.15
  • 1 RUB = 126.18 -1.32

ОЗИҚ-ОВҚАТ МАҲСУЛОТЛАPИ ИШЛАБ ЧИҚАPИШНИ КЕНГАЙТИPИШ

- мамлакатимиз аграр сиёсатининг муҳим масаласи


Мамлакатимизнинг иқтисодий жиҳатдан ривожланиши, аҳоли турмуш даражасининг янада юксалиши аграр соҳани ривожлантириш билан чамбарчас боғлиқ. Аҳолини етарли миқдорда сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда фермер хўжаликлари, айниқса аҳоли ихтиёридаги томорқа ерларидан самарали фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга.

Бу борада мамлакатимиз бўйлаб кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Туманда аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида 2013 йилга мўлжалланган дастур ишлаб чиқилиб, унда туман аҳолисининг талаби тўлиқ ҳисобга олинди.

2012 йилда 2011 йилга нисбатан картошка етиштириш ҳажми 123 фоизга, сабзавот маҳсулотлари 118,7 фоизга, полиз экинлари 112,2 фоизга, гўшт 109,7 фоизга, сут 110 фоизга, тухум 136 фоизга ўсган бўлса, 2013 йилда 2012 йилга нисбатан картошка етиштириш ҳажмини 208,3 фоизга, сабзавот маҳсулотларини 159,7 фоизга, полиз экинларини 277,4 фоизга, гўшт етиштиришни 106,0 фоизга, сут етиштиришни 115,0 фоизга, тухум етиштиришни 147,4 фоизга ошириш режалаштирилган.

Бунинг учун ҳар йили янгидан боғлар, интенсив усулдаги боғлар, иссиқхоналар, парниклар барпо қилинмоқда, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичилик хўжаликлари ташкил қилинмоқда.

Масалан, 2012 йилда лойиҳа қиймати 1 млрд 805,0 млн. сўмлик 15 та чорвачилик ва 650,0 млн. сўмлик 1 та паррандачилик, 4,4 млн. сўмлик 3 та балиқчилик ва 22,0 млн. сўмлик 5 та асаларичилик хўжаликлари ташкил қилиш лойиҳалари амалга оширилган бўлса, 2013 йил дастурига жами 3 млрд. 306,0 млн. сўмлик 43 та лойиҳалар киритилган бўлиб, шундан чорвачилик йўналишида 2 млрд. 411,0 млн. сўмлик 29 та лойиҳа, паррандачилик йўналишида 700,0 млн. сўмлик 4 та лойиҳа, балиқчилик йўналишида 135, млн. сўмлик 6 та лойиҳа ва асаларичилик йўналишида 60,0 млн. сўмлик 4 та лойиҳалар киритилган.

Бугунги кунгача 43 та лойиҳалардан 40 таси тўлиқ амалга оширилди, яна 3 та лойиҳа бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бу лойиҳалар ҳам 1 июлга қадар тўлиқ амалга оширилади.

Ҳукуматимизнинг лойиҳалар сонини 2 бараварга ошириш бўйича берган топшириғи асосида қўшимча имкониятларни яна бир бор қайта кўриб чиқиб, шу йил охиригача яна 41 та лойиҳани амалга ошириш бўйича қўшимча дастур ишлаб чиқилди. Шундан, чорвачилик йўналишида 1 млрд. 515 млн. сўмлик 28 та лойиҳа, паррандачилик йўналишида 156 млн. сўмлик 5 та лойиҳа, балиқчилик йўналишида 57,9 млн. сўмлик 3 та лойиҳа ва асаларичилик йўналишида 47 млн. сўмлик 5 та лойиҳалар дастурга киритилди ҳамда уларни амалга ошириш чоралари кўрилмоқда.

Тиббиёт меъёрлари бўйича туман аҳолисининг асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиш даражасини таҳлил қиладиган бўлсак, сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари билан таъминланиш даражаси 200 фоиздан ортиқни, гўшт, сут ва тухум билан таъминланиш даражаси 100-110 фоизни ташкил қилади.

Ушбу ҳисоб-китоблардан кўриниб турибдики, туман аҳолиси сабзавот, картошка, полиз, гўшт, сут ва тухум маҳсулотлари билан ўзини ўзи тўлиқ таъминлай олади. Бу албатта, шу йўналишларда олиб борган ишларимизнинг самарасидир.

Лекин, шундай шароитда тиббиёт нормалари бўйича туман аҳолисининг мева билан таъминланиш даражаси 74 фоизни, узум билан таъминланиш даражаси атиги 18,5 фоизни ташкил қилмоқда.

Мамлакатимизда шахсий деҳқон хўжаликларини, айниқса, томорқа хўжалигини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари яратиб берилганлиги боис, қишлоқларимизда деҳқончилик маданияти юксалиб, бу ривожланиш оилалар фаровонлигида ўз аксини топмоқда. Айтиш керакки, ўз томорқасида, 15-20 сотих ерда деҳқончилик қилиб, боғ яратиб, ўз ризқини ҳалол меҳнати билан топиб, элда обрў-эътиборга эришган оилалар туманимизда жуда кўп.

Ҳозир мамлакатимизда нафақат фермер хўжаликлари, айни пайтда оилалар ҳам кўп тармоқли тадбиркорлик субъектларига айланмоқда. Буни янада кенгайтириш ва оммавий тусга айлантириш лозим. Албатта, бунинг учун мамлакатимизда қонуний асос – "Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонун бор. 

Оддий мисол: 10-15 сотих ерини гуллатиб қўйган киши рўзғорида ҳеч бир камчилик сезмайди. Оила эҳтиёжи учун зарур бўладиган барча қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари томорқасидан чиқади. Бу бир жиҳати. Яхши ишлаган томорқачилар эҳтиёжидан ортганини бозорга чиқаришаяпти. Бу эса ўз-ўзидан мўл-кўлчиликни, арзончиликни таъминлаяпти.

Бироқ тан олиш керак, бундан ҳамма ҳам бирдек фойдаланаётгани йўқ. Айрим қишлоқларда каттагина майдонни ташкил этувчи томорқа майдонлари йил бўйи бўш турса, баъзи бир томорқачилар ердан имконият даражасида ҳосил олишнинг уддасидан чиқишолмаяпти. Аслида эса бизда аҳоли ихтиёридаги томорқалар ва ер участкаларидан янада самаралироқ фойдаланиб, олинаётган ҳосил ва даромадларни 2-3 ҳиссагача оширишнинг ички имкониятлари мавжуд. Чунки еримиз унумдор. Табиий иқлим шароити ҳам йил давомида деҳқончилик қилиш имконини беради. Шунинг учун ҳозирда бу масалага хукумат даражасида эътибор қаратилаяпти.

Айрим оилалар ўзларига тегишли бўлган 15-20 сотих ери бўла туриб, томорқа ерига беда ёки хашакбоп ўт экиб, даромад излаб чет элга кетиб саргардон бўлмоқдалар. Ахир мўл даромад топишнинг манбаси – хонадонимиз остонасидаги томорқа еримиз эмасми?

Шунинг учун, аҳолининг шахсий ва дала томорқасидан самарали фойдаланишини ташкил қилиш мақсадида иқтисодиёт комплекси таркибига кирувчи идораларнинг масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар ташкил қилиниб, ҳар бир хонадоннинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи ўрганилмоқда, уларга тавсиялар ҳамда амалий ёрдамлар берилмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, ҳар бир оила хонадони олдидаги томорқадан унумли фойдаланса, аввало дастурхони тўкин бўлади, қолаверса иқтисодий аҳволи ҳам яхшиланиб, турмуши обод бўлади.


P.ЙЎЛДОШЕВ, туман ҳокими, иқтисод фанлари номзоди


Янгиликни бўлишинг: