"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8374.1 -18.96
  • 1 EUR = 9410.81 -136.15
  • 1 RUB = 126.18 -1.32

УPУШ, НОМИНГ ЎЧСИН ЖАҲОНДА!

Уруш... Бу сўзни шунчаки айтиш ё тинглаш мумкин эмас. Чунки, бу сўз замирида хонавайрон бўлган шаҳар, қишлоқлар, издан чиққан ҳаёт, неча минглаб йигит ёшида шаҳид кетган жонлар, айрилиқ, жабр-у ситамлар бор, ё отаси, ё туғишганидан айрилиб, бир умр кўнгли кемтик бўлиб яшаётган умрлар бор.

Шунинг учун ҳам иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабага улкан ҳисса қўшган, наинки ўз еримиз, неча-неча давлатларни ҳам фашизм балосидан қутқариб, тинч-осуда ҳаёт ўрнатишга кўксини қалқон қилган инсонларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатамиз, авайлаймиз, бугунги дориломон кунлар завқини суриб яшаши учун ғамхўрлик қиламиз.

Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк ғалабанинг 70 йиллиги нишонланадиган кунни кўриш бахтига туманимизнинг 16 нафар уруш фахрийси муяссар бўлмоқдалар.

Айни кунда уларни қутлуғ айём билан муборакбод этиш, хотираларини тинглаш учун туманимиздаги корхона, ташкилотлар ходимлари, умумтаълим, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқитувчилари, ўқувчилари ана шу табаррук инсонлар билан учрашувлар ташкил этишмоқда, уйларига ташриф буюришмоқда, байрам совғалари улашмоқда.

Яқинда ана шундай учрашувлардан бири Амударё академик лицейида бўлиб ўтди.

Учрашувда 3 нафар уруш фахрийлари – "Боғ” маҳалласида истиқомат қилувчи Йўлдош Ортиқов, Навоий номли маҳалладан Собир Нуруллаев, Йўлдош Тожимуродовлар ва халқ таълими фахрийси Турдибой Бозорбоевлар иштирок этдилар.

Шуни айтиш керакки, мазкур муассаса устоз-мураббийлари ва ўқувчилари ҳар йили 9 май - Хотира ва Қадрлаш куни байрами арафасида туманимиздаги барча уруш фахрийлари ҳолидан хабар олиб, совға-саломлар бериб, уларнинг дуоларини олиб келмоқдалар. Бу йил ҳам ҳар йилги анъана давом эттирилди. Ўқувчилар устозлари билан уруш фахрийларининг барчасининг хонадонида бўлиб, байрам билан қутладилар, уруш машаққатлари, урушдан сўнгги оғир тикланиш йилларидаги хотираларини тингладилар, бугунгидай дориломон кунлар завқини суриб, узоқ яшашини тиладилар.

Ўзларига юксак эҳтиром кўрсатиб келаётган ўқитувчилар, ўқувчилар билан учрашиш уруш фахрийлари учун ҳам қувонарли воқеа бўлди. Лицей олдида саф тортиб, қарши олган ўқувчилардан миннатдор бўлиб, кўнгиллари шодликка тўлиб, муассаса залига кирдилар.

Йиғилганларни лицей директори Отабек Йўлдошев 9 май - Хотира ва Қадрлаш куни билан қизғин қутлади.

- Мен урушга жўнаганимда, 1942 йил июлда 20 яшар йигит эдим, - дея сўзини бошлади Йўлдош Тожимуродов. – Собиқ Куйбышев номли колхоз ҳисобидан армияга чақирилганман. Чақирув қоғози олганимизнинг эртасигаёқ Манғитдан Урганчга қараб, юкларимиз аравада, ўзимиз пиёда йигирма чоғли йигитлар йўлга тушдик. Кейин пароходда, поездда Тошкентга етдик. Қисқа муддатли тайёргарликдан сўнг, иккинчи Украина фронтининг десантчилар қисмида урушга кирдим. 1943 йилнинг охиригача бошимиздан ўтганларини айтсам, худди эртакдек. Эшитган қулоқ ишонмас даражадаги машаққатларга чидаб, жанг қилардик. Pуминия, Венгрияни немислардан тозалашда қатнашдим. Чап қўлимдан ўқ еб, госпиталда ётиб даволандим ва юртимга қайтдим. Овулимга келиб кўрсам, буларнинг ҳоли ҳам фронтдагидан кам эмас экан. Халқ оч, ундирган ҳосилини ҳатто уруғлигигача аскарларга жўнатган, қаҳатчилик эди.

Дунёда бизнинг халқимиздай сабр-тоқатли, қаноатли халқ бормикан, - деб ўйлаб қоламан баъзан. Биз бир-биримизга меҳр-оқибатимиз, ҳамжиҳатлигимиз туфайли ана шундай машаққатларни ҳам енгдик. Яратганга беадад шукр, мана бугунгидай кунларга етиб келдик. Илоҳим, энди авлодларимиз уруш кўрмагай. Ер юзида тинчлик-осойишталик бўлгай!

-Бизга кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиромдан кўнглимиз тоғдай юксалади, - дейди Йўлдош Ортиқов миннатдорчилик билан. – Бунинг учун давлатимизга, туманимиз раҳбариятига минг-минг раҳмат.

- Менинг Сизларга тилагим, азиз ёшлар, оғир машаққатлар эвазига юртимизда ўрнатилган тинчликни, мустақилликни асраб-авайланг, қадрланг, - дейди Собир Нуруллаев.

Чиндан-да тинчлик - улуғ неъмат. Бугун амалга оширилаётган барча соҳалардаги улкан бунёдкорликлар, юксалишларнинг туб асоси ҳам юртимиздаги осуда ва тинч ҳаётдир.

"Нуроний” жамғармаси туман бўлинмаси раиси Б.Олламбергановнинг маърузасини ҳам барча диққат-эътибор билан тинглади.

Фахрийлар тилакларига ҳамоҳанг тарзда саҳнага чиққан ўқувчилар тинчликни, осойишталикни улуғловчи, мустақиллигимизни мадҳ этувчи шеърлар, қўшиқлар ижро қилдилар. Халқ таълими фахрийси Турдибой Бозорбоевнинг она Ватанимизга, Наврўз байрамига аталган шеърларини мириқиб тингладилар. Ҳар сатрида шукрона балқиб турган, тинчликни асрашга чорлагувчи қўшиқ, ҳарир либосда, ўзбекона одоб-икром билан майин ҳаракатлар ила ижро этилган рақс ҳаммани ўзига сеҳрлади.

Бу долғали дунёнинг турли бурчакларида тинчликка рахна солишга, уруш оловини ёқишга, ҳали оққорани таниб улгурмаган ўсмирларни ҳақ йўлидан оздиришга уринаётган манфур кимсалар бор экан, бепарво, лоқайд яшашга ҳаққимиз йўқ. Шу Ватан, шу азиз тупроқни кўз қорачиғидай асрашга ҳар биримиз бурчлимиз. Бу йўлда юксак матонат эгалари бўлган фахрийларимиз ўгит-насиҳатлари бизга дастуриламалдир.

Ойгул PАЖАБОВА.
Янгиликни бўлишинг: